2.Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган аграр иқтисодий ислоҳатлар
Аграр муносабатлар жамият иқтисодий муносабатлар тизимининг ажралмас, муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Мазкур муносабатлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошли ва истеъмол қилиш борасида хуқуқий ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатларни ифода этади. Қишлоқ хўжалигида асосий ишлаб чиқариш воситаси сифатида ерга бўлган мулкчилик муносабатлари аграр муносабатларнинг ядроси ҳисобланади.
Аграр муносабатлар – бу қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг кенг доирасидир. Айниқса, меҳнатда банд аҳолининг сезиларли даражада катта қисми қишлоқ хўжалигида банд бўлган мамлакатлар учун аграр муносабатлар алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳаларида банд бўлган аҳолининг учдан бир қисми қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилмоқда.
Аграр муносабатлар – бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ашлаш, сотиш ва қишлоқ хўжалиги воситаларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган турли-туман субъектлар ўртасидаги муносабатлардир.
Мамлакатимизда аграр ислоҳотларни амалга ошириш натижасида қишлоқ хўжалигида турлича мулк шакллари, иқтисодий субъектларнинг турли-туманлиги билан тавсифланувчи турли хил хўжалик юритиш шакллари қарор топди. Булар мулкнинг давлат, ҳиссадорлик, ишлаб чиқариш кооперативлари шаклида намоён бўлувчи жамоа, ёлланма ва ўз меҳнатидан фойдаланувчи хусусий мулк шаклларидир. Айни пайтда, соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, янгича хўжалик юритиш шакллари пайдо бўлди. Бугунги кунда, қишлоқ хўжалигида мулкдорларнинг мутлақо янги синфи – фермерлар майдонга чиқди ва уларнинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги урни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Аграр соҳадаги ислоҳотлар натижасида хўжалик юритувчи субъектларнинг таркиби ҳам тубдан ўзгарди. Аграр ислоҳотларни амалга ошириш, аграр соҳанинг институтционал асосларини яратиш асосида мамлакатимиз қишлоқ хуўжалигида қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилди:
қишлоқ хўжалиги объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш;
кўп укладли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ташкил этилди;
ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантириш борасидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда;
асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ўртасида, ҳамда улар билан давлат ўртасидаги муносабатлар такомиллаштирилмоқда.
Мазкур ҳолатда нафақат давлат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасидаги, балки қишлоқ хўжалиги корхоналари билан уларнинг ходимлари ўртасидаги иқтисодий муносабатлар тубдан ўзгарди.
Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ислоҳотлари амалга оширилиши.Аграр сектордаги асосий ишлаб чиқариш воситаси ҳисобланган ер аҳолининг асосий ҳаёт кечириш фаолиятининг негизи ҳисобланади. Ердан оқилона ва самарали фойдаланиш кўп жиҳатдан мамлакатда юзага келган ер муносабатлари оркали белгиланади. Улар ўз навбатида, ерга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш масаласида қишлоқдаги товар ишлаб чиқарувчилар ва давлат ҳокимияти органларининг барча даражаларидаги ижтимоий муносабатларда намоён бўлади.
Республиканинг умумий тупроқ шароитлари, рельефи ва бошқа ўзига хослиги шароитида мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиш барқарор ҳосил олиш, ерни сув ресурслари билан таъминлаш ва мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш омиллари билан чамбарчас боғлиқдир. Республика бўйича суғориладиган ерлар майдони умумий экин майдонининг 98,2 % ни ташкил қилади. Ушбу майдонни суғориш учун йилига ҳар бир гектарга ўртача 50 м3 га яқин сув сарфланади. Сув ресурслари тақчиллигининг кундан-кунга ошиб бориши Ўзбекистан иқтисодиётининг аграр секторини ривожлантиришни чегараловчи асосий омил ҳисобланади. Бу биринчидан, кам сувдан йиллар даврининг бошланиши, иккинчидан, сув ресурсларини тақсимлашда юзага келган давлатлараро муаммолардан, учинчидан, уларни хўжасизларча ишлатишдан келиб чиқади.
Фермер хўжаликларини ташкил қилишнинг илк йилларида қабул қилинган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга асосан, “фермер хўжаликларига ер участкаларини меросга қолдириш ҳуқуқи билан умрбод эгалик қилиш, камида 10 йил муддат билан фойдаланиш ёки ижарага ер участкаларини ажратиш” белгиланган бўлса, 1998 йил август ойида қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ “фуқароларга фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкалари 50 йилгача бўлган, лекин 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилиши” кўзда тутилди.
2003 йиллардан бошлаб фермер хўжаликларини ташкил этиш ва устувор йўналиш сифатида барқарор ривожлантириш жараёнлари бошланиб, ер участкаларини фермер хўжаликларига бириктириш, эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ масалалар кўлами кенгайтирилди.
2004 йил август ойида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунига мувофиқ “фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари танлов асосида ижарага 50 йилгача бўлган, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга бириктирилиши” белгиланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |