Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминланиши. Виждон эркинлиги табиий ҳуқуқ ва эркинликлар сирасига кирувчи, ҳар бир шахснинг ажралмас ҳуқуқларидан биридир. Шахснинг табиий ҳуқуқлари давлатнинг инсонга берган «туҳфаси» эмас, балки инсоннинг муносиб турмуш ва ҳаёт тарзини танлаш билан боғлиқ реал имконияти ҳисобланади.
Шу билан бирга, табиий ҳуқуқлар жумласига кирувчи эркинликларни қонун чиқарувчи ўзи хоҳлаганда қисқартириши ёки чеклашга ҳам ҳақли эмас. Чунки бу ҳуқуқлар табиий равишда инсонларга берилган инъом саналади. Виждон эркинлиги ҳам худди шундай.
Виждон эркинлиги инсоннинг асосий эркинликларидан бўлса-да, қонунда ўз ифодасини топиб, муҳофаза остига олингандагина чин маънода ҳуқуқ даражасига кўтарилади. Акс ҳолда шахснинг қалб кечинмаларини ифодоловчи бу ҳуқуқ ҳақиқий маъносини йўқотади.
Бу эркинлик деярли барча давлатларнинг конституция ва қонунларида, шунингдек, қатор халқаро ҳужжатларда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояга олинган.
Атама сифатида «виждон» сўзи кўп маънони англатади. Бу атама турли соҳа ва ижтимоий қатламга мансуб инсонлар томонидан турлича қўлланилади. А.Мадвалиев таҳрири остида нашр этилган «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «виждон» сўзига қуйидагича таъриф берилган:
«Виждон» (араб. эҳтирос, ҳис-туйғу, инсоф, диёнат) кишининг ўз хатти-ҳаракати, қилмиши, юриш-туриши учун одамлар, жамоатчилик олдидаги масъулият ҳисси, инсонийликнинг асосий белгиларидан бири; диёнат, инсоф», дея изоҳ берилган. Бундан кўриниб турибдики, виждон сўзининг биринчи маъноси инсонинг ўз хатти-ҳаракатилари учун ўзгалар олдидаги масъулият ҳисси ҳисобланар экан.
Аслида олиб қараганда «виждон» сўзи кўп маъноли бўлгани боис унинг ҳуқуқ атамашунослигида ишлатилиши унчалик ҳам ижобий ҳол эмас. Чунки «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун талабларига кўра қонун ҳужжатларида фойдаланиладиган тушунча ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этиши лозим. Шунингдек, қонунда эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилиши мумкин эмас. Лекин бу атама энди қонунчилигимизга кириб бўлди. Уни фойдаланишдан чиқариб, янги сўз ихтиро қилгандан кўра, атаманинг мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтириш, изоҳлаб бериш мақсадга мувофиқ.
Шундай экан, виждон эркинлигининг биринчи маъноси айнан шахснинг эътиқоди билан боғлиқ ҳуқуқи сифатида қабул қилган ҳолда шу мазмунни ёритишга ҳаракат қиламиз.
Ҳуқуқий мезонда виждон тушунчаси «виждон эркинлиги» шаклида келади. Ўзбекистоннинг асосий қомуси – Конституцияда таъкидланишича «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» (31-модда), деган қоида мустаҳкамланган.
Бу қоидага кўра «виждон эркинлиги» деган тушунчанинг мазмун-моҳияти шахснинг хоҳлаган динга эътиқод қилиши билан бирга, ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ихтиёрини ҳам қамраб олади. Бу модда сўнгида «диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деган муҳим қоида асосида, ҳар бир инсон ҳақли бўлган ҳуқуқнинг бузилмаслиги учун қонуний замин тайёрланган. Бунинг замирида виждон эркинлигига нисбатан ҳар қандай таҳдидни бартараф этиш истаги ётади.
Шундай қилиб, Конституциямиздаги норма асосида виждон эркинлиги уч жиҳатни англатадиган ҳуқуқий категория сифатида намоён бўлади:
Муайян шахс худога ишониши, хоҳлаган динига эътиқод қилиши мумкин;
Худога ва динга ишонмаслиги, уларга нисбатан бетараф бўлиши мумкин.
Даҳрий, яъни ҳеч бир динга эътиқод қилмайгина қолмасдан, балки уларни инкор этиши мумкин.
Бу виждон эркинлиги ҳуқуқи айнан шу масалалар билан чекланади дегани эмас. Одатда, конституция давлатнинг асосий қонуни бўлиб, ёритиладиган норманинг умумий жиҳатларини ўзида қамраб олади. Конституция асосида қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатларида норма кенгроқ ёритилади ва шарҳланади. Конституциядаги 31-модда замирида қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддаси биринчи ва иккинчи банларида бу тушунча кенгроқ очиб берилган. Унда айтлишича, «Виждон эркинлиги — бу фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.
Фуқаро динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди».
Демак, виждон эркинлиги фақат худога ишониш ёки ишонмасликдан ташқари, ибодат қилиш, диний расм-русмлар ва маросимларда иштирок этиш эркини, шунингдек, диний таълим олиш ёки олмасликни ўз ихтиёри асосида белгилаш ҳуқуқларини ҳам ўз ичига олади.
Шахс динга номигагина ишониши ёки художўй бўлиши, бут ва санамлар ёки жониворларга сиғиниши, динсиз даҳрий ёки бутунлай динга қарши инсон ҳам бўлиши мумкин. Аммо шахснинг бу каби қарашлари уни айблаш ёки таҳқирлаш учун асос бўлмайди. Бу виждон эркинлиги ҳуқуқи асосида кафолатланган имтиёз ҳисобланади. Кимнинг қандай эътиқодга эга бўлиши ёки бўлмаслиги унинг виждонига ҳавола этилади. Лекин ҳавола этилаётган эътиқод қонунга хилоф бўлмаслиги шарт. Яъни эътиқод қиламан деб тақиқланган диний ташкилотларга эъзо бўлиши ёки уларнинг ғояларини тарғиб қилиши қонунга хилоф саналади. Ўз навбатида, бундай хатти-ҳаракат жавобгарликка сабаб бўлади.
Баъзи ҳуқуқий адабиётларда «виждон эркинлиги» ўрнида «эътиқод эркинлиги» тушунчасини ҳам учратиш мумкин. Аслида «эътиқод» (арабча «иътақада» феълидан) сўзи ҳам кўп маъноли сўзлар жумласига кириб, ишонч, имонли бўлиш, кўнгилда тасдиқлаш каби бир неча маъноларга эга. Биз учун керакли бўлган маъносига келадиган бўлсак, худога ёки умуман ғайритабиий кучларга имон келтиришни англатади.
Биз юқорида кўриб чиққан виждон эркинлиги ҳуқуқи асосида инсон динда буюрилган амалларни бажармай, ҳатто ўша динга ишонмай, уни инкор этиши, яъни даҳрий бўлиш имкониятини ҳам қўлга киритади. Агар хоҳласа, динга ишонади, диний ибодат ва расм-русмларни бажаради. Бунда ихтиёр шахснинг ўзида қолади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида 2012 йил муаллифлар жамоаси томонидан нашр этилган «Инсон ҳуқуқлари умумий назарияси» дарслигида келтирилишича, виждон эркинлиги шахснинг турли диний қадриятлардан бирини танлаш эркинлигини ўзида акс эттиради ва унинг эътиқод эркинлигидан фарқи диний ва динсиз маънавий қадриятлардан бирини танлаш эркинлигидадир.
Бу ҳақида янада тўлиқроқ тўхталиб ўтсак, эътиқод эркинлигида ҳам виждон эркинлиги сингари шахс у ёки бу динни танлаб, унда кўрсатилган амалларни бажариш ё бажармаслик ихтиёрига эга бўлади. Лекин бу ҳуқуқ даҳрий бўлиш ҳуқуқини кафолатламайди. Шу каби фарқлар сабабли айрим давлатлар қонунчилигида виждон эркинлиги эмас, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга асосан агар инсон амал қилиб турган динидан чиқадиган бўлса, айрим ҳолларда қонуний жазо санкцияларининг қўлланилиши ҳам эътиқод эркинлигининг ўзига хос хусусиятини кўрсатади.
Шунга кўра, айтиш мумкинки, виждон эркинлиги эътиқод эркинлигидан кенгроқ тушунча ҳисобланади.
Виждон эркинлиги тушунчаси халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам атрофлича баён этилган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида шахснинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган. Унда айтилишича, «Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади».
Мазкур нормага кўра виждон эркинлиги шахсга қуйидаги ҳуқуқларни кафолатлайди:
Шахснинг ўз дини ёки эътиқодига эга бўлиш;
Шахснинг ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш;
Таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш;
Ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш.
Бундан ташқари, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактнинг 19-моддасида ҳам виждон эркинлигига айни шу мазмунда изоҳ берилган.
Шу ўринда бир масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Виждон эркинлиги шахснинг ўз дини ва эътиқодини ўзгартириш ҳуқуқини кафолатлаши аниқ. Лекин бундай ўзгартириш бошқа шахснинг таъсирида бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда, бу қонунчилигимизда тақиқланган миссионерликнинг бир кўринишига айланиб қолиши мумкин.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, виждон эркинлиги шахснинг конституцивий табиий ҳуқуқи бўлиб, давлат бу эркинликни ҳуқуқий кафолатлаш ва амалда таъминлаш тадбирларини рўёбга чиқариш билан бир қаторда, уни поймол этишга нисбатан ҳар қандай таҳдиднинг олдини олишга ҳам интилади. Қонун устуворлиги энг олий мезон бўлган фуқаролик жамиятининг ҳар бир аъзоси ушбу қонуний талабга тўғри муносабатда бўлиб, унинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳисса қўшиши лозим. Чунки энг муҳим конституциявий ҳуқуқлардан бўлган виждон эркинлиги ҳуқуқининг амалда рўёбга чиқарилиши фуқаролик жамиятининг маънавий-маданий ривожланганлик даражасининг ҳам муҳим кўрсаткичларидан ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |