Кооперацион – нейтралитет модели. Германия, Испания, Италия, Бельгия, Люксембург, Австрия каби мамлакатларида ўз аксини топган.
Дастлаб давлат ва дин ўртасидаги муносабатнинг идентификацион моделига тўхталамиз. Мазкур модель муайян тарихий шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда, Европанинг айрим мамлакатларида ҳамон давлат динини расмий белгилаш принципига амал қилишмоқда.
Ҳозирги кунда англикан черкови (расмий номланиши – Англия черкови) давлат мақомига эгадир. Парламент монархияси ягона конституциявий ҳужжатга эга бўлмаса-да, мамлакатда диний ташкилотнинг ўрни-мавқеи бир қатор парламент қонунлари ҳамда давлат билан диний ташкилот ўртасидаги келишув-битимлари билан белгиланади. Шундай ҳужжатлардан муҳими – 1534 йили қабул қилинган «Супрематия (устуворлик) тўғрисидаги акт»дир. Унга биноан қирол англикан черков раҳбари бўлиб ҳисобланади (1952 йилданг буён – қиролича Елизавета II). Монарх ҳукумат вакили тавсиясига биноан епископларни тайинлайди. Бундай епископларнинг аксарият қисми лордлар палатасининг аъзоларидир.
Барча дин хизматчиларидан сан (диний унвон)га бағишлаш жараёнида қиролга итоаткорлик тўғрисида қасамёд қилиши талаб этилади. Барча диний ташкилот ҳужжатлари, шунингдек англикан черковининг Бош синоди қарорлари, қонуний кучга киришидан аввал, парламент томонидан тасдиқланиши ва қирол томонидан маъқулланиши лозим. Англикан черкови хизматчилари томонидан расмийлаштирилган никоҳлар юридик кучга эга. Диний ташкилот ўзининг барча маблағларини бевосита эмас, балки «Черков ваколатдорлари» номли давлат молиявий ташкилоти орқали тасарруф этади. Бу ташкилот қўлида Англия черковига расмий тегишли бўлган барча молия-маблағлар тўпланади.
Швеция, Дания ва Норвегияда диний ташкилотнинг мақоми бошқа мамлакатларда бўлган мақомидан жиддий фарқ қилади. Скандинавия мамлакатларининг характерли белгиси – протестантизмнинг қатъий устуворлиги ҳисобланади - бу мамлакатларда аҳолининг 90 фоизидан кўпроғи протестант черковига мансубдир.
Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларининг аксариятида давлат дини сифатида ислом дини эътироф этилган бўлиб, бу ҳақда уларнинг номларида ҳам тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлади: Покистон Ислом Республикаси, Эрон Ислом Республикаси. Шу билан бирга ислом Миср, Ироқ, Жазоир, Тунис ва Иорданияда ҳам давлат дини сифатида эътироф этилган.
1979 йили 23 декабрда тасдиқланган Эрон Ислом Республикасининг Конституциясида айтилишича, «Эронда расмий дин сифатида 12 та имомларнинг мавжудлигини назарда тутувчи, жафария мазмунидаги ислом дини давлат дини сифатида эътироф этилган бўлиб, бу қоида абадий ўзгармас бўлиб қолади» (12-модда). Барча фуқаролик, молиявий, иқтисодий, маъмурий, маданий, ҳарбий, сиёсий ва бошқа қонунлар ва қоидалар ислом нормалари асосида белгиланиши лозим (4-модда).
Қирол бир вақтнинг ўзида ҳукумат раҳбари, олий бош қўмондон ва диний раҳбар сифатида намоён бўладиган, мутлақ теократик монархияга мисол қилиб Саудия Арбистонини келтирса бўлади. Бу мамлакатда Конституция мавжуд бўлмай, унинг ўрнини қироллик декретлари чиқарилади. Саудия Арабистонида исломдан бошқа динга итоат қиладиган маҳаллий аҳоли йўқ. Мусулмонлар Қуръон кўрсатмаларига қатъий амал қилиши лозим: Аллоҳнинг ягона ҳудолигини, Муҳаммад (алайҳис-салом) Аллоҳнинг пайғамбари эканлигини эътироф этиши, беш вақт намозни канда қилмаслиги, закот солиғини тўлаб бориши, рамазон ойида ўттиз кунлик рўза тутиши ҳамда муқаддас шаҳарлар – Макка ва Мадинага ҳижрат қилиши (ҳаж). фарз, яъни шартдир.
Суадия Арабистонида суд ҳокимияти асосан шариат судлари томонидан Қуръон кўрсатмаларига амал қилган ҳолда амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |