3. Ўзбекистонда давлат ва диний ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар.
Инсон ва фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишларида диний ташкилотларнинг муҳим ўрни бор. Давлат билан дин ўртасидаги муносабатларда субъект сифатида бир томондан эътиқод қилувчилар, яъни фуқаролар, иккинчи томондан давлат ва учинчи томондан диний ташкилотлар қатнашади.
Ўзбекистон дунёвий характердаги давлат ва диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлишига қарамай, уларни жамиятдан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Дин билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда иштирок этувчи фуқаролар ва давлатнинг ўрни ва аҳамияти бирмунча ойдин бўлса-да, диний ташкилотлар ҳақида, уларнинг мақоми ва вазифалари, фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш виждон эркинлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларнинг янада ортишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунининг 3-моддаси айтилишича, «диний ташкилот — фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (маҳаллий диний ташкилот, диний таълим муассасаси ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи);
Диний ташкилотга берилган таъриф бошқа давлатлар қонунчилигида ҳам учрайди. Жумладан, Арманистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунида «Диний ташкилот – бу фуқароларнинг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (черковлар, диний жамиятлар, епархиялар, монастирлар, диний конгрегациялар, диний ўқув юртлари, нашриётлар) дир» дея таъриф берилган.
Россия Федерациясининг «Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги федерал Қонунининг 8-моддаси 1-бандида: «Россия Федерацияси фуқаролари, Россия Федерацияси ҳудудида доимий ва қонуний асосларда истиқомат қиладиган бошқа шахсларнинг динга биргаликда эътиқод қилиш ва тарқатиш мақсадларида тузилган ва юридик шахс сифатида қонун билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган кўнгилли бирлашмалари», диний ташкилот деб эътироф этилади.
Демак, диний ташкилот тушунчасига берилган таърифлар ўртасида муштарак жиҳатлар мавжуд. Умуман олиб қараганда диний ташкилот инсон ва фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишларига кўмаклашувчи нотижорат кўнгилли ташкилот ҳисобланади.
Мамлакатимизда фаолият юритадиган барча диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунига ва амалдаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан ташкил этилади ва фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунига асосан диний ташкилотлар фаолияти фуқароларнинг динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этишларига кўмаклашишни мақсад қилади.
Қонунчиликда диний ташкилотларнинг бир неча турлари эътироф этилади. Унга кўра, диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқа ташкилотларга диний ташкилот мақоми берилади.
Диний ташкилот ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилиши учун, аввало, у қонуний асосларга эга бўлиши лозим. Республикамизда тузиладиган диний ташкилотлар устав(низом)и Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, юридик шахс мақомига эга бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолиятини олиб бориши мумкин.
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисдаги» Янги таҳрирдаги қонуннинг 11-моддасида диний ташкилотларни ташкил этиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра:
Диний ташкилот қонунчиликка мувофиқ унинг ташаббускорлари (таъсисчилари) қарорига кўра ташкил этилади.
Диний ташкилотнинг ташаббускорлари (таъсисчилари) таъсис йиғилишини (конференциясини) чақиради, унда устав қабул қилинади ва раҳбар органлар тузилади.
Диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади.
Диний ташкилот юридик шахсдир.
Диний ташкилот диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи (бундан буён матнда марказий бошқарув органи деб юритилади), диний таълим муассасаси ёки маҳаллий диний ташкилот шаклида ташкил этилиши мумкин.
Диний таълим муассасаси рўйхатдан ўтказилганидан ва ваколатли органнинг тегишли лицензиясини олганидан кейин ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини олади.
Диний ташкилот белгиланган тартибда тақдим этиладиган ер участкаларида, ваколатли орган билан келишувга кўра ташкил этилади.
Тегишли диний профессионал таълимга эга бўлган шахс диний ташкилотнинг раҳбари бўлиши мумкин, бундан диний таълимотида диний профессионал таълим тизими назарда тутилмаган конфессиялар мустасно.
Диний ташкилотни қайта ташкил этиш унинг раҳбар органининг қарорига кўра қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Диний ташкилотни қайта ташкил этиш қонунчиликда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Республикамизнинг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисдаги» Янги таҳрирдаги қонунда яна қуйидаги янгиликлар мавжуддир:
виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланди;
– диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди;
– диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди;
– диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланди;
– давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилди, унга кўра қуйидагилар белгиланди:
рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки бекор қилинди;
диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди;
диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди;
Do'stlaringiz bilan baham: |