Кооперацион, яъни нейтралитет модели ГФРда яққол намоён бўлган. Давлат билан диний ташкилот ўртасидаги муносабатлар давлат ҳокимиятининг устуворлиги эътироф этилган, давлат-черков ҳуқуқига ўсиб чиқди. XIX асрда Диний ташкилот томонидан ўзини-ўзи белгилашга бўлган ҳуқуқининг тан олиниши давлат билан дин ўртасида ўзаро фаолият доирасининг янада аниқ белгилаб олинишини белгилаб берди.
Веймар Конституцияси давридан бошлаб Германияда давлат-черков муносабатлари секуляр бўлиб қолган давлат билан черков эркинлиги ўртасидаги муайян масофа билан характерланади. Ҳозирги кунда бундай масофани «нейтралитет» термини билан аташ одат бўлган.
Ҳозирги кунда давлат-черков муносабатлари ГФР Асосий қонунининг 140-моддаси билан тартибга солинади. Ўз навбатида конституциянинг мазкур моддаси 1919 йилги Веймар Конституциясининг 136-139, 141- моддаларидан ташкил топган.
Бу борадаги асосий қоида 137-моддада ўз аксини топган бўлиб, унга биноан давлат черкови умуман мавжуд эмас.
ГФРда диний машғулотлар давлат билан черков ўртасидаги ўзаро муносабатнинг ўзига хос ифодаси бўлиб, диний машғулотлар давлат билан черковнинг умумий иши сифатида эътироф этилади. ГФР Конституциясининг 7-моддасига биноан, оммавий мактабларда диний таълим, ноконфессионал мактаблардан ташқари, мажбурий предмет бўлиб ҳисобланади.
Кўриб чиқилаётган модель доирасида 1920 йилги Австрия конституцияси ҳам муайян қизиқиш касб этади. Унда ҳам виждон ва эътиқод эркинлиги тўла эътироф этилади. Австрияда ҳам, ГФРда бўлгани каби, черков давлатдан ажратилмаган. Католик черкови умумдавлат мақомига эга бўлмаса-да, диний соҳада ҳукмронлик қилади ва мафкуравий ҳаётнинг турли жабҳаларига жиддий таъсир кўрсатади. Эътиқод қилувчиларнинг таҳминан 90% ни католиклар ташкил этади.
Хорижий мамлакатларда диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақомини, давлатнинг динга, виждон ва эътиқод эркинлигига бўлган муносабатини тартибга солувчи конституциявий ва қонунчилик нормалари ниҳоятда турли-тумандир. Конституциялар одатда, диний ташкилот билан давлат ўртасидаги ўзаро муносабат асослари, жамиятда диннинг тутган ўрни билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи махсус моддаларни, айрим ҳолларда эса бир-бутун бўлим ва бобларни ҳам ўзида акс эттиради. Умуман олганда эса, конституциялар конфессиялар ва эътиқод қилувчилар ҳуқуқларининг кафили бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистонда таркиб топган давлат ва дин ўртасидаги муносабат ўз моҳияти, мазмуни ва ҳуқуқий асосларига кўра сепарацион моделга, яъни давлатдан дин, мактабдан дин ажратилганлиги ва виждон эркинлиги, конфессионал бағрикенглик таъминланганлигига асосланади.
Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб, мамлактимизда дин давлатдан алоҳида бўлиб, бу ҳақда мамлакатимиз Конституциясининг 61-моддасида шундай дейилади: «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди».
Бу ғоя «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида ҳам мустаҳкамланган бўлиб, унда ҳам диннинг давлатдан ажратилганлиги, ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Бу эса мамлакатимизда давлатнинг диний ишларга, диннинг эса давлат ишларига (қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно, албатта) аралашмаслигини англатади.
Бунинг замирида давлат томонидан турли динларга эътиқод қилувчи ва динга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, шу каби ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиши, улар ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган қарама-қаршилик ва кескинликларнинг олдини олиши, диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши, диний ташкилотлар зиммасига давлат ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламаслиги, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмаслиги кабилар ётади.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси демократик принципларга содиқлигини ифодаси сифатда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатда қуйидаги приципларга амал қилишини эълон қилди:
диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;
диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;
диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;
маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш зарурати;
диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этиш.
Юқоридагиларга асосланган ҳолда, хулоса қилиш мумкинки, биз юқорида таҳлил этган давлат ва дин ўртасидаги муносабатнинг уч модели давлат ва дин ўртасидаги муносабатнинг турли-туман қирраларини жиҳатларини ва хоссаларини тўлалигича қамраб ололмайди. Давлат ва дин ўртасидаги муносабатнинг бир моделида бошқа модель элементлари ҳам учраб қолиши мумкин. Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда айиш мумкинки, давлат ва дин ўртасидаги муносабатнинг қайси моделда бўлиши шу давлатнинг тараққиёти, ундаги аҳолининг менталитети, диннинг хусусияти, мамлакатдаги демократик вазият, инсон ҳуқуқларининг таъминланганлиги, халқаро аҳвол, жамиятнинг онгги каби омиллар таъсир этиши шубҳасиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |