Биринчидан, маъмурий ҳуқуқ нормаларини қўллаш давлат бошқаруви субъектларининг ҳокимият ваколатини амалга ошириш борасидаги фаолияти бўлиб, унинг воситасида жамият ҳаёти ижтимоий муносабатларнинг турли субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг аниқ ташкилий асосларини белгилаш йўли билан тартибга солинади.
Иккинчидан, ҳуқуқни қўллаш доим аниқ ҳуқуқий муносабатлар доирасида амалга оширилади. «Ҳуқуқни қўллашга доир муносабатлар» деб аталадиган бу ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолати турлича бўлади. Мазкур муносабатларда ҳуқуқни қўллашнинг давлат-ҳокимият ваколатларига эга бўлган субъекти айниқса фаол роль ўйнайди.
Учинчидан, ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолият доимо қонун билан белгиланган алоҳида шаклларда амалга оширилади.
Тўртинчидан, ҳуқуқни қўллаш доим унинг субъекти томонидан амалга ошириладиган индивидуал-ҳуқуқий ҳужжат (ҳуқуқни қўллашга доир ҳужжат) қабул қилиш орқали рўёбга чиқарилади.
Қонунийлик, адолатлилик ва мақсадга мувофиқлик маъмурий ҳуқуқ нормаларини қўллашнинг асосий талабларидир. Маъмурийҳуқуқий нормаларни амалга оширишда кўрсатилган муносабатларнинг барча субъектлари ўз маъмурий-ҳуқуқий мақомига мувофиқ иштирок этади.
Ҳуқуқ манбаи деганда, ҳуқуқ нормаларини ифода этиш, расмийлаштириш ва мустаҳкамлаш шакли тушунилади. Бу ерда диалектика нуқтаи назаридан ҳуқуқ нормаси – мазмунни, норматив-ҳуқуқий ҳужжат (қонун, фармон, қарор ва бошқалар) – шаклни акс эттиради. Юридик адабиётларда ҳуқуқ шакли билан ҳуқуқ манбаи синоним тушунчалар сифатида талқин этилади. Шундан келиб чиқиб, маъмурий ҳуқуқ манбалари деганда маъмурий-ҳуқуқий нормаларни акс эттиришнинг ташқи шакли тушунилади. Амалда турли давлат органларининг бундай ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олган юридик ҳужжатлари, яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари назарда тутилади.
Маъмурий-ҳуқуқий нормаларнинг ранг-баранглиги улар акс эттирилган ва ифодаланган манбаларнинг турли-туманлигини ҳам назарда тутади. Маъмурий ҳуқуқ манбалари (шакллари) жумласига қуйидагилар киради:
Аксарият нормалари тўғридан-тўғри маъмурий-ҳуқуқий йўналишга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Бу, масалан, рўёбга чиқариш асосан давлат бошқаруви соҳасида амалга ошириладиган фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини мустаҳкамловчи (21, 24-25, 27, 30-36-моддалар); давлат органларининг ваколатларини белгиловчи (68-73, 78-80, 93, 99-105моддалар) конституциявий нормалар.
Конституцияга ижро этувчи ҳокимият фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар киритилган. Улар жумласига, хусусан, Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимият тизимини белгиловчи 98, 99-102-моддаларнинг нормалари, шунингдек ижро этувчи ҳокимиятни амалга ошириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мақоми, унинг функциялари ва ваколатларини, ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органлари, бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлари тартибини белгиловчи нормалари киради.
Ўзбекистон Республикасининг, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари. Бу ерда конституциявий қонунлар ва қонунлар айниқса катта аҳамият касб этади.
Маъмурий ҳуқуқнинг мазкур манбалари орасида «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда давлат бошқаруви масалаларига доир бошқа бир қатор қонунларни қайд этиш мумкин.
Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мақоми, таркиби ва уни шакллантириш тартибини, ҳукуматнинг ваколатларини, унинг фаолиятини ташкил этиш масалаларини, ҳукумат ва давлат ҳокимияти органларининг ўзаро муносабатларини, Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини таъминлаш масалаларини ўз ичига олади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг вазифаларига инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилиши, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялаш киради. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қандай маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилишини белгилайди.
Маъмурий-ҳуқуқий нормалар Қорақалпоғистон Республикаси давлат органларининг қонунчилик ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқ манбалари орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг норматив фармонлари айниқса муҳим роль ўйнайди. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 94-моддасида белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |