Гипотеза маъмурий-ҳуқуқий норманинг бир қисми сифатида уни амалга татбиқ этишнинг ҳақиқий шартларини белгилайди. Гипотезада юридик факт, нормани амалга киритиш, унинг диспозициясини ҳаётга татбиқ этиш шарт-шароитлари (масалан, маъмурий-ҳуқуқий жавобгарликка тортиш шартлари) кўрсатилади. Гипотеза мутлақмуайян ёки нисбий-муайян бўлиши мумкин. Мутлақ-муайян гипотеза муайян вазиятда қўлланиладиган қоидадир. Масалан, бирор хаттиҳаракат учун жарима солинса, бу жарима уч ой ичида ундириб олиниши керак. Агар бу муддат ўтиб кетса, маъмурий жаримани ундириб олиш мумкин эмас. Нисбий-муайян гипотезада бирор ҳолатга умумий тавсиф берилади. Маъмурий-ҳуқуқий нормалар кўпинча нисбий-муайян гипотезадан иборат бўлади.
Диспозиция юридик норманинг таркибий элементи бўлиб, унда норма билан белгиланган хулқ-атвор қоидаси, тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўрнатилади. Ифодалаш шаклига кўра, маъмурий-ҳуқуқий нормаларнинг мажбурият юкловчи, ваколат берувчи ёки тақиқловчи диспозициялари фарқланади.
Мажбурият юкловчи диспозициялар субъектларга муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайди, уларга жоиз хулқ-атворнинг у ёки бу кўринишини буюради. Масалан, Йўл ҳаракати қоидаларининг тегишли бандига мувофиқ йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаракатланиш вақтида бошқа қатнашчиларнинг ҳаракатланишига хавф туғдирмасликлари лозим.
Маъмурий ҳуқуқда ваколат берувчи диспозициялар, одатда, давлат бошқаруви субъектларининг функциялари ва ваколатларини белгилайди. Масалан, янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига биноан, Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида: иқтисодий, ижтимоий-маданий жараёнларни бошқаради, мулкчиликнинг барча шаклларини уйғунлаштириш ва уларнинг тенглиги, иқтисодиётни монополиялаштиришдан чиқариш, бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий механизмини ишга солиш асосида эркин тадбиркорлик учун шартшароитлар яратади; хўжалик юритишнинг янги шакллари – концернлар, консорциумлар, тармоқлараро бирлашмалар, турли уюшмалар ва бошқа шунга ўхшаш ташкилотларни барпо этишга ва мустаҳкамлашга ёрдамлашади, иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли талабэҳтиёжларини қондириш заруриятидан келиб чиққан ҳолда улар фаолиятини йўналтиради ва мувофиқлаштиради; Ўзбекистон Республикасида пул ва кредит тизимини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади, ягона нарх сиёсатини ўтказиш, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорининг белгиланган кафолатларини ҳамда ижтимоий таъминот даражасини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади; Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини, шунингдек Ўзбекистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқбол кўрсаткичларини ва энг муҳим дастурларини ишлаб чиқишни ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади ва ҳоказо.
Муайян ғайриқонуний қилмишлар (ҳаракат ёки ҳаракатсизлик) содир этишни ман этувчи диспозициялар тақиқловчи диспозициялар деб аталади. Тақиқловчи диспозиция хулқ-атворнинг қонунга мувофиқ ҳуқуқбузарлик ҳисобланадиган муайян кўринишидан ўзини тийишни талаб қилади. Ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бир вақтда таърифланган диспозициялар маъмурий ҳуқуқ нормаларида нисбатан кам учрайди.
Санкция маъмурий-ҳуқуқий норманинг элементи сифатида ҳуқуқбузарга нисбатан кўриладиган таъсир чораларини акс эттиради. Бунда ҳар қандай маъмурий таъсир эмас, балки ҳуқуқбузарлик муносабати билан қўлланилиши нормада белгиланган таъсиргина назарда тутилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган маъмурий-ҳуқуқий санкциялар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилади. Масалан, унинг 96-моддасига биноан, лойиҳаларни давлат экологик (санитария-экологик) экспертизасининг ижобий хулосасисиз рўёбга чиқариш учун санкция мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишдан, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солиш билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларини бузганлик учун қўлланиладиган маъмурий-ҳуқуқий санкциялар унинг 23-моддасида санаб ўтилган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин: жарима; маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш; маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш; муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан, ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум этиш; маъмурий қамоққа олиш; чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш.
Республикамизда мулкчиликнинг хилма-хил шаклларини вужудга келтириш ва уларга тенг шарт-шароитлар яратиб бериш, корхона, муассаса ва ташкилотлар ўртасида рақобатни авж олдириш, бошқаришнинг олдинги услубидан (маъмурий-буйруқбозлик) бутунлай воз кечиш, иқтисодий омил ва воситаларни кенг жорий этиш – бозор муносабатларининг туб негизидир. Ушбу жараёнда давлат бошқаруви фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган. Бу қонунчиликнинг асосини - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ташкил этади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 8 декабрда бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ ўн биринчи сессиясида қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – маъмурий ҳуқуқнинг асосий манбаи сифатида, давлат бошқарувини ташкил этиш ва амалга оширишнинг бошланғич ҳуқуқий асосларини белгилаб берган.
Конституциянинг бир неча моддалари бевосита давлат бошқарувини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган. Жумладан, Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистон – суверен демократик республика, деб кўрсатилган ва ўзбек давлатчилигининг туб моҳияти, яъни Ўзбекистон суверен давлат эканлиги бевосита таъкидланган.
Суверенитет – ҳар қандай давлатнинг энг муҳим, ажралмас белгиларидан биридир.
Ўзбекистон – демократик давлатдир. Бу инсонпарварлик қоидаларига асосланган, фуқароларнинг жинси, ирқи, тили, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, шахсий ва ижтимоий мавқеи, сиёсий эътиқодидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлаб бериладиган давлатдир.
Ўзбекистонда давлатни бошқариш шакли республикадир. Республика - халқ ҳокимияти демакдир. Республика – энг асосий умуминсоний ҳуқуқий бойликлардан бири. Бошқарувнинг республика шакли давлат органлари ваколатларини аниқ белгилаб беришни, қонун чиқарувчи ва ижроия органларининг сайлаб қўйилишини англатади.
Конституцияга биноан, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар (2-модда).
Мазкур конституциявий норма орқали фуқаролар манфаатининг устунлиги қонуний равишда мустаҳкамланган ва кафолатланган. Давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятининг мавжудлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Давлат қонун доирасида инсонлар учун зарур шарт-шароитларни яратиб бермоғи лозим. Шунинг учун ҳам, давлат халқ иродасини ифодаламоғи, унинг манфаатлари, хоҳиш-истакларига хизмат қилмоғи лозим.
Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тизимини белгилайди, ички ва ташқи сиёсатини амалга оширади.
Мазкур конституциявий қоидадан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида ўзининг давлат ҳокимиятини ва давлат бошқаруви органларининг тизимини белгилаб беради. Конституциянинг бешинчи бўлими айнан шу масалаларни ёритиб беришга қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади. Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади (7-модда).
Демак Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти, шу жумладан, бошқарув фаолияти қонунларда назарда тутилган тартибда ташкил этилган давлат органлари томонидан амалга оширилади. Давлат органлари фақатгина қонунчилик ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган ваколат доирасида ҳаракат қилишлари мумкин.
Давлат органларининг Конституция ва қонунларга сўзсиз итоат этиши ва шу асосда фаолият кўрсатиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин (10-модда).
Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади (11-модда).
Мазкур конституциявий норма орқали давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ва фаолият тартиби – ваколатларнинг тақсимланиши принципи асосида амалга оширилиши белгиланган.
Ҳокимият тизимининг бўлиниши принципи ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан биридир.
Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов кўрсатиб ўтганидек: “Давлатнинг фаол ислоҳотчилик мавқеида бутун диққат-эътиборни иқтисодиётни соғломлаштириш муаммоларини биринчи навбатда ҳал этишга, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботга риоя қилишга, эски иқтисодий муносабатларни бозор муносабатларига айлантиришга қаратиш ижтимоий барқарорлик учун мустаҳкам негизни вужудга келтиради”1.
Ўзбекистон ижтимоий адолат жамиятидир. Кучли ижтимоий сиёсат адолатли жамият ва демократик давлат барпо этишнинг асосий мезонидир.
Маъмурий ҳуқуқнинг асосий манбаларидан яна бири – бу 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган ва 1995 йил 1 апрелдан кучга киритилган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидир. Ушбу Кодексга биноан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс – қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қанақа маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилишини белгилайди.
Маъмурий ҳуқуқнинг кенг тарқалган манбаларидан яна бири – бу Ўзбекистон Республикасининг қонунларидир. Бир неча давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мақоми жорий қонунларда ўз ифодасини топган. Жумладан:
1) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуни1. Мазкур Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси - Ҳукумати Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминловчи ижро этувчи ҳокимият органидир;
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун2га биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳоким раҳбарлик қиладиган ижроия аппарат ва вакиллик органлари киради. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан, шунингдек, шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир ва ҳоказо.
Маъмурий-ҳуқуқий нормалар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, давлат ва маҳаллий органларнинг норматив ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикасида давлат бошқарувини тартибга солишда давлат органларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи низом ва уставлар ҳам маълум аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |