Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари қонуности ҳужжатларнинг юқори чўққисида туради. Президент фармонлари норматив ва индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин. Президент фармонлари ўзининг юридик кучи ва аҳамияти жиҳатидан қонундан кейинги ўринда туради. Ва юксак нуфузлилиги туфайли мамлакат иқтисодиётининг, аҳоли ижтимоий ҳаётининг ҳамда давлат бошқарувининг қонунлар ва ҳукумат қарорлари билан қамраб олинмаган талайгина долзарб масалаларини тез ва самарали ҳал этиш имконини беради3. Президент фармонлари стратегик ва дастурий характерга эга бўлиб, уларда ҳукумат, у ёки бу вазирлик, давлат қўмитаси муайян йирик мураккаб масалани қандай ҳал этиши кераклигининг аниқ режаси ва йўл-йўриқлари белгилаб берилади. Фармонлар Вазирлар Маҳкамаси ва давлат бошқарувининг бошқа бўғинлари фаолиятига раҳбарлик қилишнинг самарали воситасидир. Бироқ фармонлар ҳукумат қарорлари ўрнини эгаллаб олмайди. Ҳар икки турдаги бу ҳужжатлар Конституция ва қонунда белгиланган ваколатлар доирасида чиқарилади.
Маъмурий ҳуқуқ манбалари қаторига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳам киради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддаси биринчи қисмида таъкидланганидек, «Вазирлар Маҳкамаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради». Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида» (1997 йил 20 май), «Кимё саноати корхоналарини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалигига агрокимё хизмати кўрсатишни яхшилаш чоратадбирлари тўғрисида» (2004 йил 23 январь), «Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарларини олиб келишни такомиллаштириш чоратадбирларини амалга ошириш тўғрисида» (2002 йил 5 декабрь), «Муаллифлик ҳақи ва бошқа ҳақ тўлаш ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги (2007 йил 8 январь) ва бошқа қарорлари шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси турли низомларни тасдиқлайди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг норматив қарорлари ҳам маъмурий ҳуқуқнинг манбаи ҳисобланади.
Тармоқлараро ва тармоқ миқёсида республика вазирликларининг, ижро этувчи ҳокимият бошқа органларининг, маҳаллий ҳокимларнинг норматив ҳужжатлари маъмурий ҳуқуқ манбалари бўлиб хизмат қилади.
Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вакиллик ва ижроия органларининг норматив ҳужжатлари ҳам, башарти бу органларга қонунга мувофиқ тегишли давлат ваколатлари берилган бўлса, маъмурий ҳуқуқ манбалари ҳисобланади.
Маъмурий-ҳуқуқий нормалар давлат битимларида ҳам ўз аксини топиши мумкин. Бундай ҳолларда мазкур битимлар маъмурий ҳуқуқ манбалари сифатида эътироф этилиши лозим.
Маъмурий ҳуқуқ манбалари қаторига ички ташкилий хусусият касб этадиган ҳужжатлар – давлат корпорациялари, концернлар, бирлашмалар, корхоналар ва муассасалар раҳбарларининг норматив ҳужжатларини (ёки уларнинг жамоавий органлари ҳужжатларини) ҳам киритиш мумкин. Бундай ҳужжатларнинг нормалари муайян тузилма доирасидагина амал қилади. Айрим ҳолларда давлат корпорациялари, концернларнинг норматив ҳужжатлари (масалан, ёнилғи-энергетика мажмуи соҳасида) бир жамоавий тузилма чегарасидан четга чиқиши мумкин.
Тавсифланган маъмурий ҳуқуқ манбалари тизимининг турлитуманлиги маъмурий-ҳуқуқий нормаларни тизимга солиш ва кодекслаштиришни такомиллаштириш муаммосини кун тартибига қўяди. Маъмурий ҳуқуқни тизимга солишга нисбатан аниқ ёндашувлар узоқ йиллар мобайнида кузатилмаган. Ҳолбуки, ҳуқуқнинг бошқа кўпгина тармоқлари билан таққослаганда, маъмурий ҳуқуқ ўзининг ўта ҳаракатчанлиги (муттасил ўзгариши, модификацияланиши) билан ажралиб туради. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тизимга солиш ва кодекслаштириш ишларини амалга ошириш, шу жумладан, ижро этувчи ҳокимият механизми фаолият кўрсатишини ташкил этиш, турли даражада амал қилувчи, баъзан эскирган ва бир-бирига зид бўлган маъмурий-ҳуқуқий нормаларнинг улкан мажмуини тартибга келтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Умуман, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда маъмурий ҳуқуқнинг фақат бир институти кодекслаштирилган. Бу ўзида моддий ва процессуал маъмурий ҳуқуқ нормаларини бирлаштирган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдир.
Бугунги кунда маъмурий-ҳуқуқий нормаларни тизимга солиш, уларни давр талаблари, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва маъмурий ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамланган институтлар билан мувофиқ ҳолга келтириш вазифаси биринчи ўринга чиқмоқда. Табиийки, тегишли маъмурийҳуқуқий норматив материални сезиларли даражада янгилаш, шунингдек, бошқарувга доир ижтимоий муносабатларни маъмурий-ҳуқуқий тартибга солишдаги мавжуд кўплаб камчиликларни бартараф этиш, маъмурий ҳуқуқни инкорпорация қилиш (унинг муҳим институтлари бўйича нормаларни бирлаштириш ва тизимга солиш) зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |