1. Менежмент муаммолари бўйича Америка кенгаши .
“Логистика - бу юклар, материаллар, ярмифабрикат ва тайёр маҳсулотни кўчириш ҳамда омборларга жойлашнинг технологик ва иқтисодий самарали жараёнларини режалаштириш, амалга ошириш, назорат қилиш, шунингдек, тегишли ахборотни ишлаб чиқариш жойидан истеъмол жойига истеъмолчи манфаатларига мос равишда беришдир”.
2. Харид қилиш фаолиятини ташкил этиш муаммолари бўйича Британия институти.
“Логистика - бу таъминот-ишлаб чиқариш-сотиш, етказиб берувчини танлаш, ишлаб чиқариш моддий таъминотини ташкил этиш, заҳираларни жойлаштириш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчига тақсимлаш каналлари бўйича етказиб бериш занжири доирасида бошқариш ва мувофиқлаштириш”.
3. Профессор Г.Павеллек тушунчани қуйидагича таърифлайди:
“Логистика - бу корхонага келиб тушадиган, шу ерда қайта ишланадиган ва ушбу корхонани тарк этадиган моддий оқим ҳамда унга мос келадиган ахборот оқимини бошқариш ва назорат қилиш”.
4. Таниқли мутахассис В.Кильхоф (Германия)
“Логистика - бу материаллар ва тайёр маҳсулотнинг корхона ичида ва ташқарисида ҳаракати тизимини мувофиқлаштиришдир. У моддий оқимларни тайёрлашдан бошлаб уни жисмоний, ахборот ва ташкилий маъноларда сотишгача бошқариш имконини беради”, деб ҳисоблайди.
Шуни таъкидлаш керакки, амалиёт “логистика” тушунчаси қисқа изоҳининг асосли эканлигини тасдиқламайди. Аксинча, ривожланиш диалектикаси унинг кенг талқин қилишнинг қонунийлигини таъминлайди. Шу маънода логистиканинг нафақат жиҳатларини, балки ривожланиш истиқболларини аниқлайдиган талқинлар мавжуд. Бундай таърифлар иккинчи йўналишга тегишли.
“Логистика - бу инсон-машина тизимларида моддий, меҳнат, энергетика ва ахборот оқимлари ҳаракати жараёнларини режалаштириш, бошқариш ва назорат қилиш назарияси”.
Мазкур таърифда моддий оқимлар жараёни билан қаторда бошқа оқимли жараёнларни ўрганиш ҳам қайд этилган. Бу истиқболли ёндошув. Амалиёт ахборот оқимларини компьютер технологиялари ёрдамида оқилона ташкил этиш моддий ресурслар ҳаракати ва улардан ишлаб чиқаришда фойдаланиш самарадорлигини анча оширишини бир неча бор исботлади. Товар айланиш жараёнини ахборот билан таъминлашнинг янги услубларисиз ишлаб чиқариш ва муомала соҳасида самарадорликни сезиларли равишда оширишга эришиб бўлмаслиги аввалдан маълум бўлган эди. Ихтисосларнинг турлилиги ва турли шаклларнинг бирлашуви шароитида замонавий бозорнинг фаолият юритиши шу даражада мураккаблашдики, анаънавий услублар билан кўплаб иқтисодий-хўжалик элементларини бошқаришни ташкил этиб бўлмай қолди.
Логистика манфаатлари соҳасини пул, меҳнат ва энергетика оқимларини бошқариш соҳаларга тарқатиш мақсадга мувофиқ саналади.
Мавжуд фикрлар тарқоқлигини таҳлил қилган ҳолда, оқимли жараёнларни бошқаришга логистик ёндошувни анънавий ёндошувдан тубдан ажралиб туришини ифодалайдиган барча ғояларни бирлаштирадиганини ажратиш лозим. Бу - оқим ўтказувчи занжирнинг айрим бўғинларини ички ва ташқи муҳитда бўлаётган ўзгаришларга тез мослашадиган ягона тизимга бирлаштириш, шунингдек, оқимли жараёнларни режалаштириш ҳамда бошқаришнининг барча жиҳатларини умумлаштиришдир.
Бизнингча, юқори қайд этилганларга таянган ҳолда, ушбу тушунчанинг қуйидаги таърифи маъқулроқдир.
Логистика - бу оқимли жараёнларни фойдали ресурслар билан (моддий, ахборот, молиявий, энергетика) таъминлаш, уларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва сотишни истиқболли ишлаб чиқариш, тижорат, коммуникация инфратузилмаси базасида ахборот технологияларидан фойдаланган тарзда бирлаштириш шароитида прогнозлаш, бошқариш ва назорат қилишнинг алоҳида тизимидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |