Қайта қуришнинг иккинчи босқичида (1987-1990 йиллар)жамиятнинг барча жабҳаларини комплекс тарзда ислоҳ қилишни кун тартибига қўйди. 1987 йил 27-28 январда бўлиб ўтган КПСС МК Пленумида КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари М.С. Горбачёв “Қайта қуриш ва партиянинг кадрлар сиёсати тўғрисида” маърузада сиёсий ислоҳотларнинг асосий мақсади ошкоралик ва кадрлар сиёсатини тўғри юритиш асосида совет жамиятини тўлиқ демократлаштиришга эътибор қаратилди. Бироқ сиёсий тузумни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, кенг халқ оммасининг сиёсий ва тарихий жараёнларда иштирок этиши Марказ учун кутилмаган оқибатларга олиб келиши натижасида Москва томонидан сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар боши берк кўчага киритиб қўйилди. Оқибатда 1990 йил нафақат қайта қуришнинг иккинчи босқичи, балки СССР аҳолиси, балки бутун дунё умид кўзи билан қараётган қайта қуриш сиёсати бутунлай мағлубиятга учради.Бу қуйидаги уч сабаб билан изоҳланади: биринчидан, қайта қуришнинг аниқ, изчил, илмий жиҳатдан пухта ишлаб чиқилган стратегия ва тактикаси ҳамда ягона дастури йўқ эди. Иккинчидан, коммунистик партия раҳбарлари (партократия) қайта қуриш ғалабасидан манфаатдор эмас эди. Улар ҳар қандай демократия ва ошкоралик тоталитар тузумнинг кушандаси эканлигини яхши билишарди. Учинчидан, М.С. Горбачёв ғояси асосида қайта қуришни амалга ошириш мумкин эмас эди. Социализмга хос синфий муносабатлар, давлат мулкчилиги, миллий ва ижтимоий соҳадаги сиёсат яккапартиявий раҳбарлик, коммунистик мафкура, мустабид бошқарув усули ҳеч қачон демократия билан келиша олмас эди.
Ана шундай шароитда Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги сиёсий раҳбарияти Марказ олдида ўзининг нўноқ ва ношудлигини кўрсатди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиблари И. Усмонхўжаев ва Р. Нишонов И. Б., Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети котиби Р. Абдуллаева Марказ топшириқларини сўзсиз бажариш борасида асосий ижрочиларига айландилар.Кейинчалик Р. Абдуллаева ва Р. Нишонов Тошкент ва Москвада яшаб, хотиралар ёзиш билан шуғулланишди ҳамда ўз эсдаликларида Совет Иттифоқи ва КПСС емирилганлигидан ташвишланганликларини ошкора баён этишди. Хусусан, Р. Нишонов ўз хотираларида республиканинг марҳум етакчиси Шароф Рашидов (1917-1983) хотирасига қарши нолойиқ сўзларни айтиб, уни асоссиз равишда қоралайди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети раҳбарияти Марказдан қочиш, уни инкор этиш сиёсати ўрнига кўпроқ унга яқинлашиш ва мустаҳкам бирлашиш йўлини танлади. Айниқса,Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи секретарлари И. Усмонхўжаев ва Р. Нишоновда қатъий журъат, Иттифоқ доирасида республиканинг тутган ўрнини очиқ-ойдин айтиш учун мардлик ва ирода етишмади. Аксинча, бу раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари Марказ вазифаларини тезроқ уддалаш, республиканинг Иттифоққа боқиманда эканлиги тўғрисидаги сохта фикрларни тасдиқлаш ва такрорлашдан нарига ўтмадилар.Ижтимоий ва маънавий соҳада миллийликнинг ҳар бир кўриниши интернационализм моҳиятига ёт эканлигини исботлашга ҳаракат қилинди. Бу нарса ўзбек тилига муносабат, ислом дини, миллий урф-одатлар, анъаналарга муносабатда яққол кўринди. ССР деб аталмиш империянинг ташқи ва ички сиёсатида кечаётган таназзулнинг чин моҳиятидан халқни чалғитиш мақсадида мустабид совет тузумининг навбатдаги “тубдан тозалаш” кампанияси бошланди. Бундай вазиятда қурбон талаб қилинишига ҳамманинг ақли етарди. Фақат асосий қурбонлик сифатида қайси ҳудуд ва қайси миллат танланиши масаласини ҳал этиш қолганди. Болтиқбўйи республикаларига тагиб бўлмасди. Улар анчагина хақини таниган, жим юришганининг ўзи ҳам катта давлат эди. Қолаверса, Европага яқинликлари ҳам раҳбарият режаларини амалга оширишга жиддий халақит берарди. Кавказ орти ва Озарбайжон тепасида марказдаги муайян кучлар билан яқин алоқада бўлган, халқини ёппа талатиб қўймасликка ақли етадиган раҳбарлар ўтарарди. Белорусияия ва Украина ҳарқалай қардош халқлар ҳисобланар, уларни ўғри-қароқчига чиқарилса, бир учи “катта оға”га тегиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Қолаверса, гарчи Машеров (Белорусия КП нинг биринчи котиби) ўртадан олиб ташланган бўлса-да, унинг издошлари билан ҳисоблашишга тўғри келарди. Демак, қурбон Ўрта Осиё республикалари орасидан танланиши керак. Марказ бунда ҳам “тарих тажрибасига суяниб” иш кўрди. Яъни худди чор Россияси тутган йўлдан борди. Ўрта Осиёнинг марказий давлати, юраги бўлмиш Ўзбекистонга қарши қилинган ҳаракат унинг атрофидаги қолган тўрт республиканинг ўз-ўзидан, сўзсиз таслим бўлишига олиб келиши ҳисобда тутилиб, асосий ҳужум Тошкентга уюштирилди.
1983 йилда Марказ томонидан атайлаб ўйлаб топилган уйдирма асосида Ўзбекистонда пахта терими ва уни қайта ишлашдаги “ўғрилик”, “қўшиб ёзиш”, молиявий бузулишларнитергов қилиш билан марказий прокуратура ва ички ишлар органлари махсус шуғулланди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа республикаларда ҳам “жиноятлар” бор эди. Бироқ республикамиздаги “пахта иши” энг шов-шувли иш сифатида бутун иттифоқга намоён қилинди. Бир қатор Россия газеталарининг зўр бериши туфайли “пахта иши” “ўзбеклар иши”га айлантирилди. Ўзбекистон аҳолисининг қандайдир мисли кўрилмаган тарзда “бойиб” кетганлиги ҳақида афсоналар тўқиб чиқарилди. Ва шу ўринда “Марказдан нега айнан Ўзбекистонга “десант” юборилди?” деган савол туғилади. Лекин унинг сабабини ҳеч қайсимиз чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Ўша пайтларда қўшиб ёзиш, порахўрлик нафақат Ўзбекистон, балки бутун собиқ Иттифоқни қамраб олганлигини биламиз. Ўшанда иттифоқдош республикалар халқ хўжалигининг барча соҳаларида бу иллат мавжуд эди. Бундай бўлмасликнинг иложи ҳам йўқ эди, чунки унинг илдизлари Марказда эканлиги ҳозирги кунда ҳеч кимга сир эмас. Нега Марказ ўзига тобе ўлкаларни, халқларни мудом қўрқув исканжасида тутуб туриш, руҳан эзиш учун терор амалиётини Ўзбекистондан бошлади? Бу мавзу муносабати билан айтилган кўплаб фикрларда ҳақиқат бор. Тўғри, бошлаб ҳудуди, аҳолисининг нуфуси катта, хўжалик кўлами кенг юртда ўтказиладиган “тозалаш тадбири”нинг ваҳимаси катта бўлиши кўзда тутилди. Бу қатағон орқали шўро салтанати кучини пеш қилиб қўйиш, унинг ваҳимасини, даҳшатини юракларга, онгларга сингдириш, миллий онг шаклланишига йўл қўймаслик, миллий кадрларни синдириш ва йўқотишга қаратилган эди. Лекин, бизнинг фикримизча, десантчиларнинг айнан республикамизга юборилганининг асосий сабабини ўзимиздан қидиришимиз лозим. Аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни тан олиб шуни таъкидлаш лозимки, бу пайтда аҳвол шу даражага бориб етган эдики, миллий манфаат, ғурур, ўзликни англаш туйғулари, тушунчалари ҳақида гапирган киши жиноятчига чиқариб қўйиларди. “Пахта иши” ғарази билан кичик бир гуруҳ билан келган Гдлян ва Иванов бошлиқ “десантчилар” фаолиятини қўллаб-қувватлаб, “жиноятларни очадиган” қўшимча кучлар, партия, ижроия органлари, хўжалик ташкилотларига раҳбар кадрлар сўраб Марказга илтижо қилган раҳбарлар ўзимиздан чиққан эди. Ўзбекистон КП МКнинг 1984 йил июнида бўлиб ўтган XVI Пленумида И.Б. Усмонхўжаев марказдан Ўзбекистонга кадрлар билан “ёрдам бериш”ни сўраб қилган мурожаатдан сўнг бу иш янада авж олди десак хато қилмаймиз. Мурожаатда “республикадаги иқтисодий қийинчиликларни Ўзбекистонга хос бўлган хусусият, бундай вазиятга таъсир этишнинг асосий йўли эса кадрлар билан ишлаш, уларнинг фаолиятидан тўғри фойдаланиш” эканлигини, бу масалага “синфий ёндошиш уруш йилларидагидек зарурлигини”, саноат корхоналари, колхозлар, совхозлар, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлик лавозимида ишлаётганларнинг 70-90 фоизи бевосита “синфий курашлар мактабини ўтамаган” кишилар эканлиги таъкидланиб, республика иқтисодий ҳаётидаги барча йўналишлар маҳаллий раҳбарларнинг айби билан юзага келди деган фикрга таянган ҳолда 1983-1985 йиллар оралиғида Ўзбекистонда 58 000 киши ишлаб турган лавозимидан олиб ташланди. Шундан сўнг республикадаги “вазиятни изга солиш” мақсадида аввалги лавозимда ишлаб турган вақтида бирор марта ҳам ўзини кўрсатмаган Анишев, Огарюк, Клепиков, Сатин, Нестеренко, Бутурлин, Гайданов, Дидоренко, Любимов, Иванов, Галкин, Карташьян ва бошқалар “лаёқатсиз” кадрлар ўрнини эгалладилар. Улар ўз вақтида республикадаги ижтимоий – сиёсий вазиятнинг янада кескинлашишининг асосий сабабчиларига айлана бордилар.
Терор ижрочилари гуруҳининг қонунсиз ва чекланмаган фаолиятига ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилди. Оқибат шу бўлдики, кундан-кун улғайган, иштаҳаси карнай отган терорчилар бу юрт хўжасининг ўзини ҳам домига тортиб кетди. Ўзимиздан чиққан маҳаллий мутахассислар эса Марказ десантининг назарига тушиш, мақтовни олиш учун берилиб хизматини қилишди.Баъзи ҳолларда эса ўз хатти-ҳаракати билан улардан ўзиб кетишга уринган шоввозлар ҳам йўқ эмас эди. Ва шу ўринда “ўзбеклар иши”га жалб қилинган Украина прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси Сухобруснинг қуйидаги сўзларини келтириш жоиздир: “Сиз ўзбеклар икки карра аҳмоқсизлар. Негаки, мен сизларни биринчи бор сўкканимда, ҳеч қайсингиз эътироз билдирмадингиз. Шунинг учун мен ҳақоратимни такрорладим. Агар сиз миллат сифатида бирлашмасангиз, ўзингизни ўзингиз ҳимоя қилишни ўрганмасангиз, ўз ичингиздан ўзингизни бадном қиладиганлар, хоинлар йўқолмас экан, сизни миллат, халқ деб атаб бўлмайди. Сизларда бирлик, миллий ғурур, раҳбарлар ва халқнинг жипслиги йўқлиги сабабли Москва десанти айнан Ўзбекистонга ташланди. Агар менинг республикамга бундай десант ташланганида Гдлян, Ивановларга ўхшашларнинг бундай иш тутишларига, шу қадар таҳқирлашларига раҳбарлар ҳам, украина халқи ҳам ҳеч қачон йўл қўймас эди”.
Шўролар томонидан уюштирилган бундай қатағонликларнинг бош мақсади ва муддаоси, биринчидан, вақти –вақти билан халқ орасидан етишиб чиққан онгли, фидойи, илмли ва ташкилотчи олимлар, раҳбар ходимларни яганалаб бориш ва халқни қоронғулик, забунликда сақлаш, иккинчидан, қатағонлик уюштириш орқали халқларни доимо қўрқув ва итоаткорликда тутиш ҳамда шу йўл билан миллий мустамлакаларнинг бош кўтаришига изн бермасликдан иборат эди. Демак,Ўзбекистонга “пахта иши”ни текшириш учун СССР Прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Гдлян бошлиқ 200 нафар кишидан иборат юборилган тергов гуруҳининг кўзланган мақсади фақат иқтисодий “жиноятчилик”ни фош этиш эмас, балки мамлакат ҳаётидаги умумий салбий ҳолатларнинг аниқ бир кўриниши бўлган қўшиб ёзишга қарши ҳаракатларни тўхтатиш, “темир интизом” билан миллий кадрларни жазолаб, эркин фикрлайдиган зиёлийларни жиловлаш, республикада юзага келаётган ижтимоий – сиёсий кучларни бўғиб ташлаш, миллий онг, фуқаронинг фаоллигини ҳам бир тизгинда ушлаб туришдан иборат эди. Ҳақиқатдан ҳам шу йилларда пахта, чорва ва бошқа соҳалар бўйича қўшиб ёзишлар давлат режаларини сунъий равишда бажариш усули бўлибгина қолмай давлат ва жамият маблағларини суистеъмол қилиш ва талон-тарож этиш билан боғлиқ эди. Ҳамма ерда порахўрлик авжга минган эди. Бундай қўшиб ёзишлар, порахўрликнинг асосий илҳомчиси ва ташкилотчиси Москванинг ўзи бўлиб, республика, вилоят, туман раҳбарлари, давлат хўжалиги директорлари, жамоа хўжалиги раислари, пахта тайёрлаш корхоналари ва пахта тозалаш заводлари раҳбарлари бу иш билан боғлиқ эдилар. Улар асосли равишда жиноий жавобгарликка тортилдилар ва судландилар. Шу билан бир қаторда, қўшиб ёзишларга бевосита алоқадор бўлмаган, бу ишга онгсиз суратда ёки тасодифан ўралашиб қолган, раҳбарларнинг таъсири ва тазъйиқи остида қўшиб ёзишларга ноилож қўшилиб қолган, ундан шахсан ҳеч қандай моддий манфаатдор бўлмаган юзлаб ва минглаб гуноҳсиз кишилар ҳам жабр кўриб азият чекдилар. “Ўзбеклар иши” авжга чиққан вақтда ЎзКП МҚнинг биринчи котиби И. Б. Усмонхўжаев ёзувчилар билан учрашувда республикада қўшиб ёзиш ва парохўрлик авж олиб кетгани туфайли йигирма уч минг киши қамоққа олинганини айтиб ўтган. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов: “Ўзбекистон жамоатчилиги ўзининг энг яқин тарихидаги Горбачёв, Лигачёв командаси халқни жиловда тутиб туриш, унинг ўсиб келаётган миллий ва сиёсий онгини бўғиш ниятида “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деб аталган туҳматларни тўқиб чиқарган, биз ўзбекларга турли-туман шармандали тамғалар ёпиштирилган фожеали саҳифаларини ҳеч қачон унутмайди”, деган эди.
Шўролар даврида миллий байрамларни йўқ қилиш мустамлакачилик сиёсатининг ўзига хос кўриниши сифатида намоён бўлди. Айни пайтда, миллий байрамларни йўқ қилиб юборишда айрим миллатдошларимизнинг ҳам “алоҳида ўрни” бор десак хато қилмаймиз. 1984 йил 23 июнь куни Ўзбекистон КП МҚнинг XVI пленумида Ўзбекистон КП МҚнинг биринчи котиби И.Б.Усмонхўжаев сўзлаган маърузасида “Партия ташкилотлари баъзи одамлар онгидаги ўтмиш сарқитларининг социал хавф-хатарларига етарли баҳо бермаётганликлари, коммунистларнинг диний маросимларда қатнашиш ҳоллари учраб турганлигини ҳамда дабдабали тадбирлар ҳаддан ташқари кўплиги, одамлар онги ва феъл-атворидаги реакцион сарқитларга қарши, истеъмолчилик психологиясига, қолоқ урф-одатларга ва хашамдор тўй-томошаларга ва маъракаларга қарши курашдаги ҳужумкорлик ва таъсирчанлик бўшаштириб юборилганлиги, оммавий ахборот воситалари эса халқ орасида социалистик турмуш тарзини янада кенгроқ тарғиб қилишлари лозимлиги”ни алоҳида таъкидлайди. Натижада бу Пленум қарорларини амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш бўйича дастурлар қабул қилинди, тадбирлар ишлаб чиқилди. Хуллас, республиканинг ўша пайтдаги раҳбарлари Наврўз ўрнига ўзлари ўйлаб чиққан советлар андозасига мос анъаналар ва тадбирларни киритишга уриниб кўрдилар. 1985 йил 10 июлда Ўзбекистон КП МҚ И. Б. Усмонхўжаевнинг “Социалистик турмуш тарзи маъёрлари ва тамойилларидан жиддий чекинишлар, уларни тугатиш ва республика аҳолиси ҳаётида илғор анъаналар ва урф-одатларни қарор топтириш ҳақида”ги ёзма маълумоти асосида махсус қарор қабул қилиниб, шу қарорнинг 6-бандида: “Авлодлар ўртасидаги боғликлик ва ворисийликни мустаҳкамлаш, ўтиб кетган ота-оналар ва яқинларни, ўзининг жангавор ва меҳнат жасоратлари билан социалистик Ватаннинг озодлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилган, унинг куч-қудратини улуғлаган ва юксалтирганларнинг табаррук хотирасини авайлаб-асраш мақсадида Ўзбекистон ССРда хотира кунини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблансин. У ҳар йили март ойи учинчи ўн кунлигининг якшанба кунида нишонлансин” дейилди ва жойларга зарур чора-тадбирларни кўриш бўйича кўрсатмалар йўлланди. Шуни ҳам айтиш керакки, раҳбарлар минг йиллар давомида халқимизнинг онги ва қалбидан чуқур жой олган ва унинг қадриятига айланган байрамларни бир қарор билан ўчириб ташлаб бўлмаслигини ҳам яхши англар эдилар. Шу мақсадда ҳар йили 30 мартда Хотира кунини нишонлаш Наврўзни йўқотиш йўлида қўйилган биринчи манфур қадам эди. Хотира куни тадбири кутилган натижани бермагач, 1986 йилнинг апрель ойи биринчи якшанбасида нишонланиши кўзда тутилган сунъий “Наврўз” байрами ўйлаб топилди. Бироқ кўрилган чора-тадбирларга қарамай, одамларнинг Наврўзга бўлган муносабати ўзгармади. Кўрилган тадбирлар кўзланган мақсадга олиб келмаётганини тушуниб этган Марказий Қўмита 1986 йили Наврўзга қарши янги курашга отланди. 1986 йил тарихимизда Наврўзга нисбатан қатағон йили сифатида ном қолдирди. Натижада “Наврўз” диний маросим деб эълон қилинди ва уни тантана қилиш таъқиқлаб қўйилди. “Наврўз” ўрнига 1986 йилнинг мартидан бошлаб “Хотира куни” сифатида “Навбаҳор” байрами нишонланадиган бўлди. Совет режими ва коммунистик партиянинг тазйиқи билан машҳур шоирлар (Абдулла Орипов ва б.) “Навбаҳор байрами”га атаб махсус шеърлар ёздилар.Шу ўринда муҳим бир хулосага, сабоқ чиқаришга арзигулик бир ҳолатга дуч келамиз. “Наврўз” каби миллий байрамларни тақиқлаш тўғрисида гап кетганда, унинг сабабини фақат Марказдан, собиқ шўро тузумидан қидиришга одатланиб қолганмиз. Тўғри, ўша даврдаги сиёсат ва унинг мафкураси шуни талаб қилаганидан кўз юмиб бўлмайди. Аммо айбни фақат четдан қидириб, ўз орамиздан чиққан, ўзларини халқимизнинг “етакчилари” деб билган айрим шахсларнинг шу давр сиёсати ва мафкурасига қандай муносабатда бўлганига ҳамма вақт ҳам холисона баҳо беравермаймиз. Мамлакат раҳбари ёки шахс сифатида уларнинг ўз мустақил фикри бўлганми? Минг афсуски, улар ўзини “саллани олиб кел деса, каллани ҳам қўшиб олиб боришга” тайёр раҳбар сифатида намоён қилдилар. Нима учун шундай қилинди? Ўз халқини, унинг қадриятларини эмас, аксинча, ўзининг мавқеини сақлаб қолиш, нима қилиб бўлса ҳам амал курсисидан, раҳбарлик лавозимидан кетмаслик, ўзини ўйлаш, ўзи учун, амал учун яшаш, яъни амалпарастлтк иллати шунга олиб келганини англаб олиш қийин эмас. Наврўзнинг қатағон этилишида И.Усмонхўжаев, Р. Нишонов ўхшаганлар айбдор эмасми? Бу ўз амалини сақлаб қолиш учун қилинган иш эмасми? Халқимиз шундай хизмат қилишни ўзига эп кўрган бундай малайлар кирдикорини унутмаслиги керак.
Мустабид тузумнинг 70 йилдан кўпроқ давом этган мустамлакачилик сиёсати, унинг Ўзбекистон ва Ўрта Осиё минтақасидаги бошқа республикаларнинг табиий хом ашё ресурсларидан ўйламай-нетмай фойдаланиши, пахта яккаҳокимлигининг изчиллик билан жорий этилиши бу ерда кўп асрлар мобайнида вужудга келган ва мавжуд бўлган мувозанатни издан чиқарди, жуда мураккаб экологик муаммоларни вужудга келтирди, шулар сабабли Орол муаммоси ҳалокатли тус олди. Орол денгизи-ноёб табиат неъмати бўлиб, унинг пайдо бўлиши Амударё ва Сирдарё туфайли бундан 2-2,5 млн. йил муқаддам рўй берган. Уни илк бор араб муаррихи Ибн Руста ўз асарларида “Орол денгизи” деб атаган эди. У Каспий денгизи, Шимолий Америкадаги Юқори кўл ва Африкадаги Виктория кўлидан кейинги тўртинчи ўринда турган.
СССР раҳбарияти миллий республикаларни, шу жумладан, Ўзбекистонни иттифоқ учун хом ашё базаси сифатида фойдаланарди. Бу ерда асосан Марказ учун зарур бўлган пахта етиштирилди, у эса секин-аста бошқа тармоқларини сиқиб чиқарди. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади табиий ва минерал-хом ашё захираларидан экстенсив усулда, жуда катта харажатлар ва исрофгарчиликлар билан фойдаланишга асосланган социалистик хўжалик юритиш тизимининг бутун моҳиятига мамлакат ихтиёридаги беқиёс бойликларга авайлаб муносабатда бўлиш ғояси бутунлай ёт эди. 1960 йилдан бошлаб Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида янги ерларни ўзлаштириш соҳасида кенг миқёсли ишлар бошлаб юборилди, бироқ ерларни ўзлаштириш илмий асосда олиб борилмади. Деҳқончиликни ривожлантириш ҳам экстенсив усулда амалга оширилганлиги сабабли, сув ресурсларининг асоссиз равишда ҳаддан ташқари исроф қилинишига олиб келди. Оролга эса унинг “улуши” бериб турилмади, бу эса денгизнинг қуриб боришига сабаб бўлди. Мана бу рақамларга эътибор беринг: 1911-1962 йилларда Орол денгизининг сатҳи энг юқори нуқтада бўлиб, 53,4 метрни, сувнинг ҳажми 1064 куб километрни, сувнинг юзаси 66 минг квадрат километрни ва минераллашув даражаси бир литр сувда 10-11 граммни ташкил этган эди. Денгиз транспорт, балиқ хўжалиги, иқлим шароити жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Унга Сирдарё ва Амударёдан ҳар йили деярли 56 куб километр сув келиб қуйилар эди. Қиш мавсумида денгизнинг таъсири натижасида ҳаво оқими илиқроқ бўлган, ёзда эса сув буғланиши ҳавони сезиларли даражада салқинлаштирган. 1994 йилга келиб Орол денгизидаги сувнинг сатҳи – 32,5 метрга, сув ҳажми – 400 куб километрдан камроққа, сув юзасининг майдони эса 32,5 минг квадрат километрга тушиб қолди, сувнинг минераллашуви икки баравар ортди. Амударё ва Сирдарёдан Орол ҳавзасига қуйиладиган сув оқими 12,7 км. кубга тенг бўлиб, бу ўтгган асрнинг 60-йилларидагига нисбатан 4,5 баробар камдир, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлган. Оролнинг қуриб қолган тубидаги чанг бўронлари 1975 йилдаёқ космик тадқиқотлар натижасида аниқланган эди. 80-йилларнинг бошларидан буён бундай тўфонлар бир йилда 90 кун давомида кузатилмоқда. Чанг-тўзон узунлиги 400 километр ва эни 40 километр майдонга етиб бормоқда. Чанг бўронларининг таъсир доираси эса 300 километрга етмоқда. Мутахассисларнинг берган маълумотига қараганда, бу ерда ҳар йили атмосферага 15-75 миллион тонна чанг кўтарилмоқда. Шунингдек, Орол денгизи сувининг шўрланиш даражаси 25 марта ортиши балиқ ва бошқа денгиз мавжудодларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди. Бугунги кунда сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26, ўсимликларнинг 11 тури йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Оролнинг сатҳи 20 метрга пасайиши натижасида у энди яхлит денгиз эмас, балки иккита қолдиқ кўлга айланиб қолди. Унинг соҳиллари 60-80 километрга чекинди. Амударё билан Сирдарёнинг дельталари жадал суръатлар билан бузулиб бормоқда. Денгизнинг сув қочган туби 4 миллион гектардан ортиқроқ майдонда кўриниб қолди. Натижада яна битта “қўлбола” қумли-шўрхок саҳрога эга бўлдик. Буларнинг ҳаммаси Орол бўйи иқлимининг ўзгаришига олиб келди. 1983 йилдан бошлаб Орол балиқ овлашга яроқсиз бўлиб қолди...Бўзкўл, Олтинкўл, Қаратма кўрфазлари йўқолди. Акпетки архипелаги қуруқлик билан қўшилиб кетди. Яйловлар ва ўтлоқлар йўқоллиб бормоқда. Ҳудуд ботқоққа айланмоқда. Сувнинг тобора тақчиллашиб бораётганлиги ва сифати ёмонлашаётганлиги тупроқ ва ўсимлик қатламининг бузилишига, ўсимлик ва ҳайванот дунёсида ўзгаришлар юз беришига, шунингдек, суғорма деҳқончилик самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда. Орол денгизининг қуриб бориши бир қатор салбий ҳодисаларга олиб келди: биринчидан, сувдан фойдаланишда ва ерларни ўзлаштиришда илмий асосларнинг мавжуд эмаслиги, сувнинг талон-торож қилинишига, қишлоқ хўжалигининг экстенсив ривожланиши экин майдонларининг шўрланишига, бу майдонлар бир қисмининг қишлоқ хўжалиги оборотидан бутунлай тушиб қолишига сабаб бўлди. Масалан, Ўзбекистондаги бутун экин майдонларининг 60 %, Туркманистондаги экин майдонларининг 80 % ўртача ва кучли даражада шўрланган. Олимларнинг фикрича, бундай шароитда Ўзбекистондаги экин майдонларининг 30 %, Туркманистондаги экин майдонларининг 40 % и ҳосил бермайди. Бинобарин, ана шу ерлардаги сув ва бошқа ресурслар ҳам лозим даражада самара келтирмайди, иккинчидан, денгиз сувининг шиддат билан пасайиб бориши натижасида 3 млн га.дан ортиқ қуриган денгиз тубини қумли саҳрога айлантирди. Оролнинг ҳалокатли таъсирига Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг кўпгина туманлари дучор бўлмоқда. Денгиз тубининг қуриган шўрхок ерларидан кўтарилган туз бу ҳудудлардаги екин майцдонларини яроқсиз ҳолга келтирмоқда, учинчидан, Орол денгизининг қуриб бориши саҳро майдонларининг ортиб, тўқайзорларнинг, кўпгина усимлик турлари, қушлар ва ҳайвонларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлди.Қизилқум ва Устюртнинг шарқий қисмидаги ўсимликларнинг сийраклашиб боришини кучайтирди, бунинг натижасида яйловларнинг табиий имконияти пасайиб кетди, ўртача йиллик ҳисобга кўра қарийб 5 млн. т. қимматли озуқалар йўқолиб бормоқда. 800 минг га. майдондаги қамиш ўсадиган массивлар нобуд бўлди, қадимдан сақланиб келаётган тўқай ўсимликлари (0,3 млн га.), хусусан, доривор ўсимликларининг қимматли турлари, чунончи, сариқ нилфия, оқ кўзача, дала қирқбўғини, қиздирувчи қичитқи ўт, ботқоқ шиповниги ва бошқалар йўқолиб кетиш арафасида турибди. Саҳрога айланиш жараёни кучайиши натижасида энтомофаунанинг маданий минтақага ҳужуми кучаймоқда. Орол яқинида қамишзорларнинг йўқолиб бориши билан Осиё чигирткаси ва чақадиган ҳашаротларнинг инлари маданий минтақаларда ҳам тез-тез учраб турибди. Дельтанинг саҳролашиб бориши бир томондан, ўлатга қарши станциянинг берган маълумотига кўра, янги ўлат ўчоқларининг пайдо бўлиши хавфини туғдирса, иккинчи томондан, Орол бўйидаги кўпгина ҳайвонларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлади, тўртинчидан, денгиз суви сатҳининг мунтазам пасайиб бориши минтақанинг иқлим шароитларининг ўзгаришига олиб келди. Оролбўйининг иқлими янада кескин континенталроқ бўлиб қолди. Совуқ бўлмайдиган кунлар сони ортиб кетди, ёзда эса ҳаво ҳарорати 2 даража иссиқроқ бўлиб, қишда 2 даража совуқроқ бўлиб турибди, атмосферанинг қурғоқ бўлиши кучайди. Оролнинг қуриб бориши Ер барқарорлигининг бузилиши ва глобал иқлимнинг издан чиқиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилиши мумкин. Орол янада қуриб борган тақдирда мўлжалланаётган Ер иқлимининг бузилиши тамойиллари фақат кучайиши мумкин, бешинчидан, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида дарёларга фойдаланилган коллектор сувларинингг ташланиши натижасида сувнинг таркиби ёмонлашиб борди. Дарё қуйи оқимининг сувларида минералларнинг ҳаддан ташқари ортиши сувни амалда ичиш у ёқда турсинҳатто суғориш учун ҳам яроқсиз қилиб қўйди. Дарё сувининг минераллашуви туфайли ер остидаги тоза сувлар ҳам минераллашди. Бу ҳол Оролбўйининг эпидемиологик ва санитария-гигиена шароитини кескинлаштириб, касаллик ва ўлимнинг ортишига олиб келди. Табиатдаги салбий ўзгаришларнинг таъсири остида 1980 йилдан бошлаб камқонлик билан хасталаниш 550 баравар ортди ва 10 минг аҳоли ҳисобига 1160 киши даражасига етди. Қон босимининг ошиши касаллиги билан оғриш кейинги 20 йил мобайнида 60 баравар, сийдик тоши ва жигар тоши касалликлари билан хасталаниш 7 баравар ошган. Қорақалпоғистон ошқозон раки, туберкулёз, вирусли гепатит, аллергия, қорин тифи каби касалликлар бўйича СССРда энг юқори ўринни эгаллади. Айниқса бу ерда болалар ва хотин-қизлар орасида ўлим кўп бўлди. Ҳар ойда касалликлар 5 минг кишининг ўлимига сабаб бўлдики, уларнинг кўпчилик қисми болалар эди. Бу ерда инсон кўпайишининг заифлашуви ва маҳаллий аҳоли генофондининг таназзули жараёни содир бўлди, олтинчидан, ерларнинг кучли шўрланиши тарихий-маданий муҳитга ва унинг таркибий қисми бўлган маданий ёдгорликларга тузатиб бўлмас даражада зарар етказмоқда. Масалан, Қорақалпоғистоннинг туманида суғориладиган майдонларнинг яқинлиги, уларнинг кучли шўрланиши натижасида милоддан аввалги IV асрга тааллуқли Қўйқирилган қалъадаги энг қадимги расадхона тиклаб бўлмас даражада шикастланди. Элликқалъадаги 50 дан ортиқ энг қадимги маданият ёдгорликларидан фақватгина 10 таси сақланиб қолди. Хоразмшоҳларнинг қадимги қароргоҳи бўлган Тупроққалъа (милодий I –IV асрлар) ҳам ҳалокат ёқасида турибди. Худди шундай аҳволни Хоразм ва Тошҳовуз вилоятларида ҳам кўриш мумкин. Қорақалпоғистоннинг шимолий қисмида эса аҳвол бундан ҳам ёмонроқ.
Хуллоса қилиб айтганда, Орол денгизининг қуриб бориш хавфи ғоят кескин муаммо, айтиш мумкинки, миллий кулфат бўлиб қолди...Марказий Осиёнинг бутун ҳудуди бўйлаб суғориш тизимларини жадал суръатда қуриш кўплаб аҳоли пунктларига ва саноат корхоналарига сув бериш баробарида кенг кўламдаги фожиа – Орол ҳалок бўлишининг сабабига ҳам айланди. Яқин-яқинларгача чўлу саҳролардан тортиб олинган ва суғорилган янги ерлар ҳақида дабдаба билан сўзланарди. Айни чоғда ана шу сув Оролдан тортиб олинганлиги, уни “жонсизлантириб қўйилганлиги” хаёлга келмасди. Эндиликда Оролбўйи экологик кулфат ҳудудига айланди. Орол танглиги инсоният тарихидаги энг йирик экологик ва гуманитар фожиалардан биридир. Денгиз ҳавзасида яшайдиган қарийб 35 миллион киши унинг таъсирида қолди. Орол фожиасини 70-йилларнинг бошларида, жуда кечи билан 80-йилларнинг бошларида, денгизнинг сатҳи унчалик пасаймаган бир пайтда идора қилиш мумкин эди. Ҳозирги вақтда уни бошқариш жуда мураккаб бўлиб қолди.
Республикада тобора кучайиб бораётган демократик жараёнлар мустабид тузум даврида йиллар давомида тўпланиб қолган салбий иллатларнинг юзага чиқишига сабаб бўлди. 1989 йил май-июн ойларида Фарғона, Тошкент вилоятларида ва Андижон шаҳрида миллатлараро можаралар рўй бердики, у республикада ва бутун мамлакатда ғоят даражада катта шов-шувга сабаб бўлди ҳамда республикада сиёсий вазиятнинг кескин тус олишига олиб келди. Бу можаро шунчаки, оддий безориликдан иборатдек кўринса-да, лекин унинг заминида мустабид совет тузуми йилларитда тўплапниб, пишиб етилган, эртами-кечми “портлаши” кутилган миллий, ижтимоитй-иқтисодий, сиёсий муаммолар ётган эди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида мустабид тузум томонидан депортация қилинган бир қатор халқлар қаторида месхети турклари ҳам бўлиб, улар асосан аҳоли зич яшайдиган Фарғона виллоятига, бир қисми Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларига жойлаштирилган бўлиб, бунинг оқибатида ижтимоий-иқтисодий ва миллатлараро муносабатларда қўшимча муаммоларни юзага келтирган эди. Бу муаммоларга Совет давлати ўз вақтида эътибор бермади. Аксинча, “ривожланган социализм” даврига келиб СССРда “миллий масала бутунлай ҳал қилинди” деб “тантана” қилинди. Бироқ 1989 йил 24 майда Қувасой шаҳрида ёшлар ўртасида (Р.Нишоновнинг таърифича, “бир банка қулпиной” учун) бўлган безорилик миллатлараро (маҳаллий ёшлар билан месхети турклар ўртасида) тўқнашувни келтириб чиқарди ва бу можаро Фарғона водийсида оммавий тус олди. Республиканинг сиёсий раҳбарияти юзага келган бу мураккаб вазиятни ўз вақтида тўғри баҳолай олмади. Натижада, оддий можаро Фарғона, Марғилон, Тошлоқ, Қўқон, Андижон, Наманган, Тошкентда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг оммавий чиқишларига, миллатлароаро тўқнашувларига сабаб бўлди.
Фарғона фожиалари ҳақида республика матбуотида ва бошқа оммавий аъборот воситаларида тўғри маълумот берилмаганлиги, бу можароларнинг келиб чиқишида асосан “маҳаллий аҳоли айбдор” деб бир томонлама ва нохолис баҳоланиши вазиятни янада кескинлаштирди. Бундай оммавий чиқишларга, коммунистик мафкура тартибига қарши боришларга “кўникмаган” мустабид тузум сиёсий раҳбарияти намойишчиларга қарши ҳарбий қисм ташлади. 1989 йил 8 июнда Қўқонда тинч намойишчилар ана шу ҳарбий қисм аскарлари томонидан ўққа тутилди, натижада 50 дан зиёд намойишда қатнашган аҳоли ҳалок бўлди, 200 дан ортиғи эса ярадор қилинди. Умуман 3-12 июн кунлари Фарғона вилоятида бўлган миллатлараро тўқнашувлар ва уларни ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида 103 киши ҳалок бўлган, 1009 киши жароҳатланган.
Фарғона фожиаларига тааллуқли маълумотларнинг (лекин маълумотлар йўқ даражада) таҳлили шуни кўрсатдики, месхети турклари учун бу мажаро мустибид тузум айби билан уруш даврида мажбуран ташлаб чиқилган она ватанларига қайтиб боришлари учун баҳона сифатида керак бўлган. Маҳаллий аҳоли эса бу можарога табиий равишда қўшилиб кетган. Чунки жойларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига эътибор берилмаган, маҳаллий ёшлар ўртасида ишсизлик кўпайиб, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб борган, аҳоли уй-жойлар билан таъминланмаган, уй қуриш учун участкалар ажратилмаган, пахта яккаҳокимлиги, экология муаммолари ҳал қилинмаган, порахўрлик, кўзбўямачилик, қонунбузарлик авж олган эди. Бу муаммолар тўпланиб, охир-оқибатда миллатлараро тўқнашувларни юзага келтирди, натижада бегуноҳ қурбонлар берилди.
Мудҳиш воқеалардан кенйин берилган расмий баёнотларга кўра, республикада вужудга келган ижтимоий-иқтисодий кескинликдан оммаваий тартибсизликларни, миллатлар ўртасида нифоқ ва тўқнашувларни келтириб чиқаришга уринган экстремистик кучлар турган. Лекин, шуни алоҳида таъкидлаш керакки урушнинг азоб-уқубатларига қарамасдан, мажбуран кўчириб келтирилган, оч-ялонғоч, ҳолдан тойган, хўрланган халққа нисбатан ўзининг инсонпарварлик хислатини кўрсатган ўзбек халқи, ўзининг табиий меҳмондўстлигини неча бор бутун жаҳонга намойиш қилган халқ учун ҳеч қандай ижтимоий муҳтожликлар миллатлараро жанжал туғдиришига баҳона бўлиб хизмат қила олмас эди. Бу атайлаб уюштирилган сиёсий иғвогарлик эди. Фарғонадаги мудҳиш воқеа Сумгаит, Боку, Тоғли Қорабоғ, Ўш-Ўзган ва бошқа минтақаларда худди шундай тарзда уюштирилган иғвогарликлар билан бир қаторда турар эди. Туб халқларннинг миллий уйғонишини, тобора ўсиб бораётган миллий ўзликни англаш жараёнини бостириш, асосий ва ҳаётий муаммолардан, “инқилобий қайта қуриш” режаларининг аниқ барбод бўлганлигидан мамлакат аҳолисининг эътиборини чалғитиш учун қора ниятли кучлар томонидан атайлаб уюштирилган фавқулодда ҳолат эди. Лекин Фарғона фожиалари содир бўлган вақтда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби лавозимида ўтирган Р.Нишонов ва бошқа сиёсий раҳбарият бу мудҳиш ҳодисаларнинг аниқ моҳиятини тушуниб етмади, куни сиёсий жиҳатдан тўғри баҳолай олмади. Оқибатда бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юмди. Фарғона воқеаларидан кейин Ўзбекистон КП МҚнинг биринчи котиби лавозимига сайланган И.А.Каримов ва у бошлиқ сиёсий раҳбарият бу масалада принципиал мавқени эгаллади. Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиб, унга тўғри баҳо берар экан, И.А.Каримов матбуот конференциясида “Ўзбекистон яна бир “Фарғона”га чидаб тура олмайди”, деган эди. Бу, аслида, янги раҳбарнинг республикадаги аҳволни тубдан ўзгартиришга азму қарор қилганлигидан далолат эди.