2-мавзу. Мустақилликка эришиш арафасида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар.
Режа
1. XX асрнинг 80-йиллар ўрталарида республика ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги инқирозли ҳолат. “Пахта иши”, “Ўзбек иши”. Аҳоли турмуш тарзининг оғирлашуви. Орол фожиаси. Фарғона воқеалари.
2. 1989 йил ўрталарида республика ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар. Миллий манфаатлар устуворлигининг ошиб бориши.
3. Мустақиллик декларацияси ва унинг тарихий аҳамияти. 1991 йил август воқеалари. ГКЧП. Совет давлатининг таназзулга юз тутиши.
Адабиётлар
1. Шавкат Мирзиёев. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. 1-жилд, Т., “Ўзбекистон”, 2018
2. Шавкат Мирзиёев. Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир. 2-жилд, Т., “Ўзбекистон, 2018.
3. Ислом Каримов. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. 6-жилд, Т., “Ўзбекистон”, 1998.
4. Алишер Азизхўжаев. Чин ўзбек иши. Т., “ Ўзбекистон”, 2011.
5. Илюхин В. Қабоҳат ёхуд...(“Ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида). Т., “Ўзбекистон”, 1993.
6. Қабоҳат салтанати. Т., “Ўзбекистон”, 1996.
7. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. Т., ”Ўзбекистон”, 2000.
8. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Учинчи китоб. Мустақил Ўзбекистон тарихи. Т., “Ўзбекистон”, 2000.
9. Фитна санъати. I ва II китоблар, Т., “Фан”, 1993.
1. XX асрнинг 80-йиллар ўрталарида республика ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётидаги инқирозли ҳолат. “Пахта иши”, “Ўзбек иши”. Аҳоли турмуш тарзининг оғирлашуви. Орол фожиаси. Фарғона воқеалари. Жаҳон мамлакатларининг ривожланиш тарихи шундан далолат берадики, зўрлик, босқинчилик асосида яратилган ҳар қандай мустамлакачи салтанат эртадир кечдир инқирозга учраб, парчаланиб кетиши қонунийдир. Иккинчи жаҳон урушида Шўролар салтанати дунё гегемонларидан бирига айланди. Аммо тараққиёт илгарилаб борган сари шўролар тузуми капитализм билан ўзаро сиёсий, иқтисодий рақобатда ожиз ва ҳаётий яроқсиз эканлиги ойдинлаша борди, у ўз позицияларини навбатма-навбат қўлдан чиқара бошлади. Бу жараён 70-йилларнинг охирлари, айниқса, 80-йилларда ҳалокатли тус олди. Ва шу ўринда КПССнинг собиқ Бош котиби М. С. Горбачёвнинг қуйидаги сўзларини келтириш жоиздир “...70-йилларнинг иккинчи ярмида...тушуниш қийин бўлган воқеалар содир бўлди. Мамлакат ҳаракат суръатларини сусайтира бошлади, хўжалик ишида издан чиқиш кўпаяверди, қийинчиликлар бирин-кетин йиғилиб кескинлашиб бораверди, ҳал қилинмаган муаммолар кўпая борди. Ижтимоий ҳаётда биз ҳозир турғунлик деб атаётган ҳолатлар... пайдо бўлди”. “Тушуниш қийин бўлган воқеалар” ва "турғунлик” аслида зўрлик ва босқинчилик асосида барпо этилган ва ҳалокатга маҳкум этилган шўролар салтанатининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётнинг барча соҳаларини ўзида қамраб олган бўҳрони эди. Боши берк мураккаб вазиятдан чиқиш, жамият ижтимоий ҳаётида жиддий ўзгаришлар қилиш зарурият даражасига кўтарилди. 1985 йилнинг баҳорида КПСС МҚнинг апрел пленуми жамиятни тубдан қайта қуриш, унинг барча соҳаларини чуқур ислоҳ қилиш йўлини эълон қилди. “Қайта қуриш” совет жамиятини ривожлантиришнинг объектив эҳтиёжи, унда яшовчи миллатлар ва халқлар манфаатлари тақоза этган ҳаётий зарурат сифатида таърифланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |