Қайта қуришнинг биринчи босқичида (1985-1986 йиллар) кун тартибига қўйилган вазифалардан бири илмий-техника тараққиёти ютуқларини ишлаб чиқаришга жалб этиш асосида жамиятда туб иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш ва унинг асносида инсон омилини фаоллаштиришдан иборат бўлди. Шунинг учун ҳам 1986 йил 1 март куни КПСС XXVII съездининг КПСС Марказий Комитети Сиёсий маърузаси юзасидан қабул қилинган резолюцияда фан-техника тараққиётини жадаллаштириш масаласига катта эътибор қаратилган эди. Сиёсий маърузада “Партия фан-техника тараққиётини тубдан жадаллаштиришни, техникани энг юқори унумдорликни ва самарадорликни таъминловчи янги туркумларини, принципиал жиҳатдан янги технологияларни кенг жорий этиш вазифасини халқ хўжалигини интенсивлашнинг асосий воситаси сифатида олдинга суради. Съезд фан ва техниканинг энг замонавий ютуқлари негизида халқ хўжалигини техник жиҳатдан чуқур реконструкциялашни амалга оширишни биринчи даражали вазифа сифатида ўртага қўйди. Ҳар бир тармоқ, корхона ва бирлашма ишлаб чиқаришни муттасил янгилаб туришнинг аниқ программасига эга бўлиши керак. Ишнинг моҳиятини юзаки тадбирлар ўтказиш билан, ярим-ёрти қарорлар қабул қилиш билан алмаштирадиган, техникавий реконструкция ғоясининг ўзини бузадиган раҳбарлардан қатъий масъулият талаб қилиш даркор” деб таъкидланди.
Хуллас, қайта қуришнинг дастлабки даврларида асосий эътибор мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилди. Қайта қуриш жараённинг бошланиш пайтида жамият аъзолари унга жуда катта умид боғладилар. Рўй бераётган ўзгаришлар, айрим сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар кишиларда эртанги кун ва порлоқ келажакка ишонч руҳини яна уйғотди. Лекин кейинчалик вазият буткул ўзгарди. 1986-1987 йиллардан бошланган иқтисодий инқирознинг кучайиши, ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги уқувсизлик, буларнинг барчаси жамият аъзоларида қайта қуришга бўлган муносабатни ўзгартирди. Амалий ишлар, фойдали тадбирлар ўрнига сиёсий жабҳадаги турли тадбирлар: сиёсий сафсатабозлик, қуруқ ваъдалар, сўз билан иш бирлигининг йўқлиги жамиятдаги лоқайдлик ҳолатини янада кучайтирди. Ижтимоий фаоллик ўрнини сусткашлик, давлат ва фирқа сиёсатига ишонмаслик, бефарқлик ва совуққонлик эгаллади. Қолаверса қайта қуриш жараёнини ижтимоий муносабатларни такомиллаштирмасдан амалга ошириш мумкин эмаслиги тезда аён бўлиб қолди. Бундай сиёсатнинг марказида жамиятни демократлаштириш, маъмурий-буйруқбозлик ва бюрократизмга, қонунсизликка қарши кураш турар эди. Аммо туб ўзгаришлар ва барча соҳаларда ҳақиқий ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги уринишлар муваффақият қозонмади. Статистик кўрсаткичларда қайд этилишича, 1986 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодий аҳволи баттар ёмонлаша бошлади, 1987 йил январдан ишлаб чиқариш суръатлари кескин пасая борди, иқтисодиётда инқирозли ҳолат юзага келди. Қайта қуришнинг биринчи босқичи шу тарзда мағлубиятга учради.
Do'stlaringiz bilan baham: |