2-МАВЗУ: ИСЛОМ ДИНИ ВА ТАРИХИ.
Режа:
- Арабистондаги исломгача даврдаги ижтимой-сиёсий шароит.
- Исломнинг асослари.
- Ислом динининг асосий манбалари.
- Исломнинг асосий оқимлари ва йўналишлари.
- Адабиётлар
1. Г.Т Тулеметова,О.М Ҳасанбаев. Диншунослик. -Тошкент: 2021.
2. Тулепов А. Ислом ва ақидапараст оқимлар. Тўлдирилган нашр. Масъул муҳаррир Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: Шарқ, 2014. – 536 б.
3. Оқилов С. Калом илми. – Тошкент: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2011. – 160 б.
4. Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Ақидатут-таҳовия шарҳининг талхийси. – Тошкент: 2015. – 448 б.
5. Очилдиев О., Раҳимжонов Д., Муҳамедов Н. ва бошқ. Диншунослик асослари (ўқув қўлланма). – Тошкент: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2013. – 320 б.
6. Мўминов А., Йўлдошхўжаев Ҳ., Раҳимжонов Д., ва бошқ. Диншунослик. – Тошкент: Меҳнат, 2004. – 296 б.
Ислом тарихида бу дин келмасидан аввалги муддат жоҳилия ёки жоҳилият даври деб юритилади. «Жоҳилия» сўзи адабий араб тилида «билмаслик», яъни «ягона худо – Аллоҳни танимаслик» маъноларини беради. Бу истилоҳ мусулмон муаллифлари томонидан Арабистон ярим оролининг исломдан олдинги давр тарихига нисбатан ишлатила бошланди. Бу билан янги давр тарихчилари қадимги даврда Ички Арабистон аҳолиси орасида «кўпхудолик» (ал-Васанийа) ҳукм сурарди, деган фикрга урғу беришни истайдилар. Баъзи тадқиқотчилар жоҳилия даври 100-200 йил давом этган деган фикрни билдирадилар. Бироқ ушбу даврнинг қанча муддат давом этганлигини аниқлаш бирламчи манбалар, биринчи навбатда, ёзма адабиётнинг озлиги, баъзида буткул йўқлиги туфайли жуда мушкул. Арабистонда ҳар хил худоларнинг тимсоли – санамлар культи бир вақтда пайдо бўлган эмас, албатта. Улар узоқ вақт шаклланган. Бироқ кейинги давр ислом тарихчиларининг хабар беришларига қараганда, Арабистонга даставвал санам келтирган ва унга ибодат қилишни тарғиб қилган шахс Амр ибн Луҳай исмли киши бўлган. Ривоятга кўра, у Шомга тижорат мақсадида тез-тез сафар қилиб турар эди. Амр ибн Луҳай баъзи шомликлар одатларидан қаттиқ таъсирланиб, уларнинг
бутларидан бирини Маккага олиб келган. Кейинчалик бутларга сиғиниш араблар орасида кенг тарқалиб кетган. Ҳарқалай, бут-санамларга сиғиниш – диннинг янги босқичи бўлган. Ибн ал-Калбийнинг (ваф. 763 й.) «Китоб ал-асном» асарида таъкидланишича, мил. ав. VIII асрдаёқ ҳар бир араб қабиласи ўз санамига эга эди. Тез-тез бўлиб турадиган қабилалараро урушлардан сўнг, одатда, мағлуб қабила ғолиб қабила санамига сиғина бошларди. Баъзида ғолиб қабила мағлуб қабиланинг санамини ҳам ўз санамлари сафига қабул қилиши мумкин эди. Исломдан олдин Арабистонда яҳудий жамоалари мавжуд бўлган. Арабистон яҳудийлари ҳақида, асосан, ҚУРЪОН, ҳадис, тафсир, сира (Пайғамбар ҳаёти ва муқаддас урушлари ҳақида ҳикоя қилувчи адабиёт жанри) ва тарих китоблари хабар беради. Бу мавзуга аниқлик киритадиган ва ҳозирга қадар топилган ҳужжатларнинг энг қадимийси – Янги Бобил подшоҳи Набонидга (мил. ав. 555-539) тегишли хроникадир. Унда айтилишича, мил. ав. 552-542 йилларда Шимолий Арабистондаги Тайма шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олган Набонид бу ердаги шаҳарларни ўзлаштириш мақсадида Бобилдан талайгина аҳолини кўчирган; уларнинг кўпчилигини яҳудийлар ташкил қилган. Маълумки, бундан олдинроқ (мил. ав. 586 й. ) Навуходоносор II қуддусни забт
қилганида салкам 30 минг яҳудийни асир олиб, Бобилга келтирган ва «Бобил асирлиги» 50 йил давом этган эди. Шундан сўнг ҳам баъзи яҳудийлар Фаластинга қайтмай, Бобилда қолиб кетгандилар. Арабистон ярим оролида яҳудийлик билан бир қаторда христианлик дини ҳам тарқалди. Христианлар бу ерда кенг тарғиботчилик ишларини олиб борар эдилар. Улар Арабистонга қачон кириб келганлиги номаълум. Одатда тарғиботчилар тиб ва мантиқ илмидан хабардор, кишилар қалбига йўл топа оладиган одамлар бўлганлиги учун кўпгина қабила бошлиқларига таъсир этганлар, уларнинг христиан динини қабул қилишига ёки ўзларининг олиб бораётган фаолиятларида ёрдам беришига эришганлар. Исломга қадар Арабистон ярим оролининг деярли барча ҳудудларида христиан роҳиблари мунтазам равишда дин тарғиботи билан шуғулланар эдилар. Юқорида айтиб ўтилганидек, христианликнинг Арабистон ярим оролига қачон кириб келгани аниқ маълум эмас.
Ислoм дини VII aсрнинг бoшлaридa Aрaбистoн ярим oрoлидa (ҳoзирги Сaудия Aрaбистoнидa) пaйдo бўлгaн.
Do'stlaringiz bilan baham: |