Эрамиздан олдинги Х асрдан эрамиз VII асрларигача бўлган давр маҳсули бўлган диний-фалсафий таълимотлардан бири зардуштийликдир. Бу таълимотга Зардўшт асос солган бўлган бўлиб, Шарқ ва Ғарбда Заратуштра, Зароастр номлари билан машҳурдир. Манбаларга кўра, Зардушт эрамиздан аввалги VI асрнинг биринчи ярмида яшаган. Лекин унинг тарихий ёки афсонавий шахс эканлиги ҳақида аниқ бир тўхтамга келингани йўқ. У ўзини пайғамбар деб эълон қилган. Лекин унинг пайғамбарлиги илоҳий китобларда ўз тасдиғини топмаган.
Зардуштийликнинг ватани сифатида Марказий Осиё (Бақтрия, Хоразм) ва Эронни (Мидия) кўрсатадилар. Зардуштийликда энг қадимги даврлардан бошлаб (эрамиздан олдинги 3-2-нчи мингйилликлар) эрамиздан олдинги 1-мингйиллик ўрталаригача бўлган Марказий Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг диний тасаввурлари акс этган.
Зардуштийликнинг муқаддас «Авесто» китобига биноан, Коинот, ер, океан, осмон, нурли доира ва жаннатдан иборат. Ер думалоқ бўлиб, атрофи океан билан ўралган ва обу-ҳаво, йил фасллари билан боғлиқ бўлган етти қисмдан иборатки, бу бобилликларнинг етти шамоллар ҳақидаги қадимги тасаввурларидан иқтибос қилинган. Осмон тўрт доирадан ташкил топган: юлдузлар доираси, ой доираси, қуёш доираси ва жаннат доираси ёки нур макони. Юлдузлар, Ой ва Қуёш худо Ахура Мазданинг бадани сифатида тасвирланади. Улар ҳурматга сазовор эдилар.
Авестонинг энг қадимги даврларга оид қатламларида синфий жамиятдан олдинги даврларга хос бўлган демократик ғоялар ва деҳқон жамоалари манфаатини ҳимоя қилиш майллари кўзга ташланади. Кейинчалик унда қулдорлар (аҳмонийлар даври) ва феодаллар (Сосонийлар даври) манфаати ўз ифодасини топди. Эрамиздан олдинги VI асрга тааллуқли бўлган Заратуштра таълимоти ислоҳотчиликка уриниш бўлиб, ўз ифодасини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ғоясида топди. Қулдорлик муносабатларининг ривожланищ жараёнида деҳқон жамоаларининг хонавайрон бўлиши давом этдики, улар манфаатини Зардўшт ҳимоя қилган эди. Заратуштра халқнинг зўравонлик ва талон-таррождан азоб чекаётганлигини ҳам дардлик билан қайд этиб, қонун ва тартибга риоя этишга чақиради. Айнан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ғояси учун Заратуштрага жамият тепасида турганлар қарши чиқдилар. У қонундан ташқари деб эълон қилинди, жамиятдан ҳайдалди, унинг мол-мулки мусодара қилинди.
Зардуштдан кейин, Авестонинг кейин ёзилган қисмларида илк демократик ғоялар йўқолиб, унинг ўрнига кўпроқ муросасозликка асосланган фикрлар пайдо бўлади, бойлик ва ҳокимият шарафланадики, зардуштийликни шаклланаётган мулоҳазарон синф бўлган қулдорлар манфаати учун тадрижий равишда ўзгара борганлигидан гувоҳлик беради. Зардуштийликда ўша даврдаги жамиятнинг ҳуқуқий ва ахлоқий тизими ўз аксини топган. Зардуштийликнинг қонунлар мажмуасида ҳалоллик, меҳнатсеварлик, адолатлилик, фикр, сўз ва амалда холислик юқори ахлоқий меъёр асоси сифатида олдинга сурилади. Зардуштийликнинг асосий эътиқоди учлик қоидасида ўз аксини топган: хайрли фикр (гумата),хайрли сўз (гукта) ва хайрли иш (гваришта). Бир қатор олимларнинг фикрича, бу учлик қоидани қадимги даврнинг машҳур файласуфи Демокрит зардуштийликдан иқтибос қилган. Зардуштийлик ахлоқининг талаби инсоннинг руҳий ва танасининг поклигидир. Зардуштийлик тинч ва осойишта, иттифоқликда яшашни маслаҳат беради, яқинларга нисбатан хайрихоҳ бўлишни, бир-бирига ёрдам беришни, ёмонлик билан курашишни, шафқатсизлик, шуҳратпарастлик, зўравонлик, ўзбошимчалик, ҳасад, туҳматни маҳкум этади, ғазаб ва шаҳвотга берилмасликни тарғиб этади, берилган ваъдага вафо қилмасликни, ўғриликни таъқиқлайди, тузилган шартномага риоя этишни, савдода ростгўй бўлишни, қарзни ўз вақтида тўлашни таъкидлайди. Муҳим ахлоқий меъёрларга қуйидагилар кирар эди: ҳомиладорлик ва кўз ёриш даврида аёл тўғрисида ғамхўррлик қилиш, бегона аёл билан бўлишдан ўзни тийиш, ерни ишлаш, дарахтлар ўтказиш, сув ва озиқ-овқат манбаларини тоза сақлаш, чорва боқиш, болаларни ўз вақтида уйлаш ва турмушга бериш, муҳтожларга ўзидаги ортиқча нарсалар билан ёрдам кўрсатиш, фойдали ҳайвонлар ҳақида ғамхўрлик қилиш.
Зардўшт таълимоти Марказий Осиё ва Эрондан бошлаб Қора денгиз ва Мисргача ёйилган эди. Ушбу таълимотга кўра, олий худо - Холиқ ва унга қарши турган ва унга бўйсунмайдиган ёвуз кучлар мавжуддирлар. Холиқ дунёни муайян мақсадда яратган, аммо ҳозирги ҳолатда бу дунёнинг интиҳоси бўлиб, бу ҳақда дунёнинг нажоткори келиб, ундан хабар беради. Жаннат ва дўзах мавжуд бўлиб, ҳар бир руҳ киши вафотидан сўнг судга тортилади. Замонлар охирида ўлганлар тирилиб, Қиёмат қойим бўладики, ўшанда барча гуноҳкорлар яксон қилинадилар. Сўнгра Ер юзида Худонинг салтанати барқарор бўлади ва тақводор кишилар бу салтанатга кирадилар (ушбу салтанат форсча сўз бўлган «парадайза» - жаннат деб аталади) ва худо ҳузурида руҳий ва жисмоний жиҳатдан абадий қолиб, доимий бахт-саодат ва ҳузур-ҳаловатда бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |