КПСС МҚ нинг 1985 йил (апрел) Пленуми мамлакатда вужудга келган вазиятни таҳлил қилиб, совет жамиятини “қайта қуриш” зарурлиги борасида кўрсатмалар берди. Пленум ижтимоий ҳаётни “демократлаштириш”, “ошкораликни жорий қилиш”, миллий сиёсатни “такомиллаштириш”, умуман жамият ҳаётининг барча соҳаларини “чуқур ислоҳ қилиш” йўлини эълон қилди. Лекин амалда бу сиёсат ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ концепцияси бўлмасдан, балки чуқур инқирозга йўл тутган совет мустабид тузумини сақлаб қолишга, марказнинг миллий республикалар устидан назоратини кучайтиришга йўналтирилган эди.
Ўзбекистоннинг собиқ партия ва ҳукумат раҳбарлари (Р.Нишонов, Р.Абдуллаева) советларнинг кўзбўямачилик, улуғ миллатчилик ва шовинистик сиёсати моҳиятини англаб етмадилар. Натижада республикадаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазият ёмонлашиб, зиддиятли тус олди.
Шундай мураккаб ижтимоий, сиёсий вазиятда республикада кенг мунозарага сабаб бўлган муаммолардан бири ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи бўлди. Маълумки, шахсга сиғиниш, турғунлик йилларида ўзбек тилинининг мавқеи қўлланиш доираси жуда ҳам торайиб кетди. Ўзбек тили давлат идораларида ҳам, мажлислар, йиғлишларда ҳам деярли ишлатилмай деярли қўйилди. 80-йилларнинг ўрталарига келиб СССРнинг парчаланиши реал объектив ҳақиқатга айланиб қолди. Халқ миллий онгни ўсиши, жамиятнинг ижтимоий қонуниятлари ва талаби ўзбек тили масаласини кўриб чиқишни кун тартибига қўйилишига туртки бўлди. Шу тарзда ҳукумат ва мамлакатимиз илмий жамоатчилиги саъйи ҳаракатлари билан 1989 йил 21 октябрда халқимиз маънавий ҳаётида муҳим воқеа содир бўлди, ўзбек тилига “Давлат тили” мақоми берилди. Республикадаги барча расмий хужжатлар ўзбек тилида юритиладиган бўлди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг мустақиллик сари ташлаган биринчи қадами бўлди4.
“Қайта қуриш” ва унинг чекланганлиги шунда намоён бўлдики, гарчанд демократия, ошкоралик дея бонг урилган бўлсада, 1985-1990 йиллар оралиғида республика ҳаётида катта сиёсий, ижтимоий ўзгаришлар содир бўлди. Асосийси ижтимоий сиёсий вазият кескинлашиб, миллатлараро низолар, иқтисодий муаммолар юзага кела бошлади. Ана шундай муаммолардан бири, шубҳасиз пахта монокултураси ва унинг оқибатлари бўлди. Республикада ҳамон пахта монокультураси ва унинг салбий оқибатлари натижасида келиб чиққан оғир вазият давом этди. Мазкур салбий воқеалар билан боғлиқ бўлган жараёнлар натижасида кўпгина раҳбарлар ва оддий фуқаролар жабр кўрдилар. Яъни “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” ва улар билан боғлиқ аянчли ҳолат янада кучайди. Совет тузуми ва у билан боғлиқ Марказ раҳбарлигида Ўзбекистонда навбатдаги ошкора қатағонлар бошланиб кетди.
"Пахта иши" деб аталган машъум сиёсат ниқоби остида минглаб бегуноҳ кишилар жиноий жавобгарликка тортилди. Марказ кўрсатмасига кўра "Пахта иши" ва "ўзбеклар иши" деб номланган терговлар олиб борилди. Гдлян ва Ивановлар гуруҳи илғор пахтакорлар, давлат бошлиқлари, умуман ўйлаб топилган ва бевосита “пахта иши” билан боғлиқ минглаб кишиларга нисбатан қонунсиз, бешафқат ишларни бошлаб юборадилар. Уларнинг зўравонлиги оқибатида судлар адолатсиз ҳукмлар чиқара бошладилар. Марказдан юборилган Гдлян ва Иванов гуруҳи минг-минглаб раҳбарлик маҳоратини пухта эгаллаган раҳбар кадрларга нисбатан турли айбномаларни ўйлаб топдилар, қамаш, озоликдан маҳрум қилиш каби ҳоллар кучая бошлади. Ўзбекистоннинг мустақиллик сари ташланган энг мубим қадамлардан бири эса ЎзКП Марказий Комитетининг 1989-йил 25-ноябр пленумида Ўзбекистон ҳукумати аввало пахта монокультураси оқибатида республика ва ўзбеклар бошига ёғилаётган маломат тошларига чек қўйиш, матбуотда пахта монокультураси ва экологик ҳолатга ҳақидаги миш мишларни тугатиш ҳақида эди.
Тарихий адабиётларда қайд тилишича 1989 йилгача Республикамизда мазкур ишлар бўйича 4,5 мингдан кўпроқ киши судланади. Айбсиз одамларни, уларнинг оила аъзоларини қамоққа олиш, жисмоний ва руҳий қийноққа солиш авж олди. Ҳисобга олинганлар тергов усулларига дош беролмай ўз жонларига қасд қилишгача бориб етдилар. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари беҳад топталаётганлиги ҳақида Москвага хатлар жўнатилди. Афсуски, бу хатлар текширилмасдан, ҳатто жавоб ёзишга эп кўрилмади. Республикада ўйлаб топилган "Пахта ишлари"ни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузилди. Комиссия иш фаолиятига 40 минг томдан иборат ишни кўриб чиқиш топширилди. 1990 йилнинг июн ойига келиб, комиссия муҳим бир хулосага келди. 1990 йил 13 июн куни Москва шаҳрига СССР Бош прокурори, СССР Олий судининг раиси ва СССР Адлия вазири номига ёзилган хатда комиссия хулосалари батафсил кўрсатилди. Бу хатда "Пахта иши" чуқур таҳлил қилиниб, судланганларни оқлаш масаласи қўйилган эди. Бироқ юқоридаги ташкилотлар кўмак ўрнига тайзиқни кучайтирдилар.
Т.Х. Гдлян ва Н.В. Иванов гуруҳининг фаолияти натижасида республикадаги жамоа хўжаликлари раислари ва совхоз директорларининг 60%, қишлоқ хўжалиги етакчи мутахассисларининг 45%, пахтачилик бригада бошлиқларининг 35%, шунингдек, кўплаб раҳбарлар, вилоятлар ва туманлар партия комитети котиблари, республика миқёсидаги партия, совет ва хўжалик раҳбарлари ўз вазифаларидан олиб ташланди ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
1983 йилдан Марказқўмнинг кўрсатмаси асосида раҳбарлар устидан жиноий ишлар қўзғаш бошланди. 1983-1988 йилларда Ўзбекистон бўйича жиноий иш юзасидан қамалганларнинг 600 таси раҳбар ходимлар эди. Уларнинг 60 фоизи колхоз раислари, савхоз директорлари, 45 фоизи эса етук қишлоқ хўжалиги мутахассислари эдилар. Бу жараёнда масъул, КПСС МҚ номенклатурасидаги 172, Ўзкомпартия МҚ номенклатурасидаги 1813 нафар ходим жавобгарликка тортилди. Уларнинг 70 фоизи вилоят, шаҳар, туман партия қўмиталарининг раҳбарлари эдилар.
Ўша пайтда республикадаги қамоқхоналарда жой қолмагани сабабли судланганларнинг мингдан ортиғи жазони ўташ учун Сибир қамоқхоналарига жўнатилди. Айбсиз одамларни, уларнинг оила аъзоларини қамоққа олиш, жисмоний ва руҳий қийноққа солиш авж олди. Ҳибсга олинганлар тергов усулларига дош беролмай ўз жонларига қасд қилишгача бориб етдилар. Ана шу тариқа десантчилар ўзбек халқини кўзбўямачиликда, порахўрликда, қўшиб ёзишларда, боқимандаликда айблаб, партия ва давлат раҳбарларидан тортиб оддий деҳқонларни ҳам таъқиб остига олдилар. Шундай қилиб, сохта айблар натижасида республикамизнинг минглаб фуқаролари қийноқларга солинди, судсиз, терговсиз қамалди. Уларнинг орасида кексалар, хомиладор аёллар, ногиронлар ҳам бор эди. Айбсиз кишиларга жисмоний куч ишлатиб, қўрқитиш йўли билан айблар қўйилди. Оддий меҳнаткашлардан катта миқдорда пул, ўз раҳбарлари тўғрисида нотўғри кўрсатмалар бериш талаб қилинди.
Бу даврда Марказ томонидан тоталитар тузумнинг барча кирдикорлари вафот этиб кетган партия ва давлат арбобларига юкланиб, 1980 – йиллар қатағонида ноҳақ қораланди. Энг аввало, қатағон қиличи Шароф Рашидовга қарши кўтарилиб, унинг номи ҳам бадном қилинди. 1959 – 1983 йилларда Ш.Р. Рашидов Ўзбекистон Компартияси МҚнинг биринчи котиби бўлиб ишлаган ва раҳбарлик йилларда қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бунга холис тарих гувоҳ. Аммо марказнинг тазйиқи билан қишлоқ хўжалиги ерларидан экстенсив фойдаланиш оқибатида экологик вазиятнинг бузилиши, пахта яккаҳокимлигининг қарор топиши каби нохуш ҳолатлар ҳам юз берди. Албатта, бундай ҳолатларни унинг фаолияти натижасида юзага келган деб бўлмайди, балки совет ҳокимиятининг ижтимоий-сиёсий тузуми келтириб чиқарган эди.
«Пахта иши» оқибатда бутун республикамизда парокандалик, лоқайдлик, умидсизлик ва ишончсизлик кайфияти чуқурлашди. Ўзбекистон фуқаролари ўз хақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларини сўраб туман, вилоят ва республика партия ҳамда совет органларига мурожаат қилдилар. 1986-1987 йилларда фақат Ўзбекистон Компартияси МҚга фуқаролардан 50 мингдан ортиқ хат ва шикоятлар тушди. 20 мингдан ортиқ киши Марказқўм котиблари ва бўлим бошлиқлари қабулида бўлиб, ўзларининг талабларини билдирдилар.
Норозилик, айниқса, хотин-қизлар орасида кўпайди. 1986-1987 йилларда республикада 270 аёл ўзини-ўзи ёндириб юборди. Бу ҳолат уларнинг шаъни, қадр-қийматининг топталаши, ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишига нисбатан кўрсатилган норозилик эди. Ҳақиқат, адолат, кейинчалик, Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбари бўлгач рўёбга чиқди. Ислом Каримов ташаббуси билан «Пахта иши»ни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузилди. Минглаб кишилар оқланди, бир қисми авф этилди, қолганларининг эса жазо муддатлари камайтирилди.
Шу тариқа, ХХ асрнинг 80-90 – йилларида ҳукмрон партия ва совет давлати томонидан мавжуд турғунлик ҳолатидан чиқиш, шунингдек, собиқ иттифоқдош республикаларнинг мустақиллик йўлидаги ҳаракатларини бартараф этиш, собиқ СССРда юзага келган инқирозли ҳаракатлар сабабларини иттифоқдош республикалардан қидириш, уларни айблаш учун турли найранглар, «сиёсий ўйинлар» ўйлаб чиқдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |