Чингизхон босқини
Хоразмшоҳнинг мудофаа режаси. Чингизхон Мовароуннаҳр юришига катта аҳамият бериб, пухта тайёргарлик кўрган эди. Юриш бошланмасдан савдогарлар орқали маълумотларни ўрганган. Чингизхон Хоразмшоҳлар давлатининг ички аҳволидан тўла хабардор эди. Хоразмшоҳ билан саркардалар ўртасидаги ихтилоф устунликдан фойдаланиш имконини бермади. Хоразмшоҳ қўшинларини бир жойга тўпламаслигининг сабаби лашкарбошилар уни тахтдан ағдаришидан қўрқар эди. Хоразмшоҳ ҳарбий кенгашда урушда мудофаа тактикасини қўллаш ҳақида қарор қабул қилди.
Ўтрор қамали. Чингизхон 1219 йил кузида Хоразмшоҳга қарши юриш бошлади, аскари 200 мингга яқин эди. Чингизхон Сирдарё бўйида жойлашган Ўтрор шаҳрига юриш қилди, у Ўтрор яқинида Мовароуннаҳрни қисқа муддатда забт этиш учун қўшинини 4 қисмга бўлди. Қўшиннинг биринчи қисмини Чиғатой ва Ўқтой бошчилигида Ўтрорни қамал қилиш учун қолдирди. Жўжи бошчилигидаги иккинчи қисмга Сирдарё этагидаги Сиғноқ, Ўзган, Жанд, Янгикент шаҳарларини босиб олиш буюрилди. Сирдарё юқори оқимидаги Бинокат ва Хўжандшаҳарларига Олоқнуён ва Сукету Черби қўмондонлигида 5 минг кишилик учинчи қўшин юборилди. Чингизхон асосий кучлари билан Бухорога аскар тортди.
Ўтрорда 20 минг суворий бор эди, қамал арафасида Қорача Ҳожибнинг 10 минглик қўшини келиб қўшилади. Жувайний айтишича Султон Муҳаммад ҳам «Лашкар Бирун» деб аталган 50 минг аскар юборган. Қамал бошланиши билан шаҳар ҳокимиятининг вакили Бадриддин Амид, Сафий Ақра Ҳожиб бошлиқ Султон қатл этган Ўтрор қозисининг авлодлари мўғуллар томонга ўтиб кетади. Ўторор қамали 5 ой давом этган. Қорача Ҳожиб мўғулларга таслим бўлган, мўғуллар уни ва аскарларни қатл этган. Ғойирхон Ўтрор аркига жойлашиб мудофаани яна 1 ой давом эттиради, бироқ асирга олиниб Самарқандга олиб борилиб ўлдирилади.
Бухоро фожеаси ва Самарқанд жанги. Чингизхон Бухорога 1220 йил февралда етиб боради. Бухоро душманни қайтаришга тайёр эмас эди. Бухоро қозиси Бадриддин Қозихон оқсоқоллар билан Чингизхон олдига шавқат сўраб чиқади. Бухорони мўғуллар 1220 йил 16 февралда эгаллайди. Бухоро таланиб, Чингизхон амри билан ёқиб юборилади.
Чингизхон 1220 йил мартда Самарқандга етиб келади. У шаҳар ташқарисидаги Кўксарой қасридан туриб Самарқанд қамалига бошчилик қилади. Самарқанд қамали 5 кун давом этади. Самарқанднинг бош сув иншооти «Қўрғошин нова»ни бузиб ташлаб, шаҳарни сувсиз қолдиради. Мўғуллар Самарқандга Намозгоҳ дарвозасидан бостириб киради. Муҳаммад Хоразмшоҳ 30 минглик мўғил қўшинидан зўрға қутилиб, Эронга қочади. Сўнгра Каспий денгизи жанубидаги Ашура оролига бориб ўғли Жалолиддин Магубердини тахт вориси этиб тайинлайди ва оролда вафот этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |