Мустақиллик учун кураш. Хоразмни 1017 йил Маҳмуд Ғазнавий забт этгач, Хоразм ўз мустақиллигидан маҳрум бўлган. Хоразм 1040 йил Салжуқийлар давлатига қарам бўлиб қолади. Салжуқийлар ҳукмдори Маликшоҳ ўз маъмурларидан Ануштегинни (1076-1097) Хоразмга ноиб қилиб тайинлайди. Ануштегин вафотидан сўнг, унинг вориси Қутбиддин Муҳаммад (1097-1127) Хоразмда ноиблик қилади, у гарчи «Хоразмшоҳ» унвонини тикласада, бироқ салжуқийларга тобе эди.
Хоразмнинг мустақиллиги Қутбиддин Муҳаммаднинг ўғли Отсиз (1127-1156) номи билан боғлиқ. У дастлаб туркман ва қипчоқларни бўйсундиради. Хоразм билан иқтисодий жиҳатдан боғлиқ бўлган Сирдарё этаклари ва Манғишлоқ ярим оролини эгаллади. Отсиз Каспий денгизидан то Сирдарёнинг ўрта оқимига қадар бўлган ерларда Хоразмшоҳлар давлатининг пойдеворини барпо этади.
Хоразмшоҳ Ануштегинлар давлати. Отсизнинг сиёсатини унин ворислари Эларслон (1156-1172), Султоншоҳ Маҳмуд (1172) ва Такаш (1172-1200) давом эттирди. ХII асрнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросонда сиёсий вазият янада кескинлашади. Салжуқий Султон Санжарга қарши кўчманчи ўғузлар 1153 йил исён кўтаргач, Салжуқийлар давлати заифлашди. Салжуқийлардан дастлаб Кичик Осиё ва Керман ажралиб кетади, сўнгра Форс, Озарбойжон, Хуросон вилоятлари мустақил бўлади. Хоразм давлати айниқса Отсизнинг набираси Такаш даврида жуда кенгайиб, у 1187-1193 йй. Нишопур, Рай ва Марв шаҳарларини босиб олади. У 1194 йил салжуқий Тўғрулга зарба бериб Эронни босиб олди.
Хоразмни кенгайтириш сиёсатини Такашдан сўнг унинг ўғли Аловуддин Муҳаммад (1200-1220) ҳам давом эттиради. У 1206 йилдан бошлаб Мовароуннаҳрни қорахитойларнинг қарамлигидан озод этишга киришади. 1210 йил Талос водийсида қорхитойлар мағлубиятга учради ва Еттисувга қадарли ерлар Хоразм тасарруфига олинди. ХIII аср бошида Хоразмнинг шимоли ғарбий ва ғарбий чегаралари Орол ва Каспий денгиз соҳилларидан жанубий-ғарбда Ироққа қадар бўлган. Жануби-шарқий ҳудудлари Ғазна вилоятидан, шимоли-шарқий чегараси Еттисув ва Дашти Қипчоқдан ўтар эди. Хоразм давлатининг пойтахти Урганч шаҳри эди. Муҳаммад Хоразмшоҳ «Искандари соний» деб улуғланган, унинг саройида 27 ҳукмдор ва уларнинг вакиллари итоатда бўлган.
Ички зиддиятлар. Меҳнаткаш аҳоли қорахитойлар зулмидан қутилсада, хоразмшоҳларнинг ҳарбий юришлари, солиқ сиёсатидаги бебошлик, амир ва маъмурлар зулми моддий аҳволни оғирлаштириб, халқ хўжалигини заифлаштириши, хоразмшоҳларга қарши норозилигини оширди. Хоразмшоҳга қарши 1210 йил Ўтрорда, 1212 йил Самарқандда қўзғолон кўтарилди. Муҳаммад Хоразмшоҳ қўзғолонларни шафқатсизлик билан бостирди. Давлат емирилишига вилоят ҳукмдорлари исёни, кўп табақалар норозилиги, сарой ва қўшинда фитнанинг авж олиши сабаб бўлди ва бу давлат кўп яшамади.
Таянч сўзлар: Ғазнавийлар, сипоҳсолор, солор, сарханг; Қорахонийлар, арслонхон, буғрахон, тавғачхон; Маъмунийлар, Гурганч мири, Кат, Дорул ҳикма ва маъориф; Салжуқийлар; Хоразмшоҳ Ануштегинлар, Қутбиддин Муҳаммад, Отсиз, Эларслон, Такаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |