Қорахонийлар давлати ва Мовароуннаҳр
Қарлуқлар X аср ўрталарида Иссиқкўл жануби ва Қашғарда яшаган яғмо қабиласи ва шимоли шарқда яшаган чигил қабиласи, шарқроқда қарор топган ўғуз ва бошқа қабилалар билан ягона иттифоққа бирлашган. Бу ҳудудда дастлаб «Хоқония ўлкаси « деб юритилган давлат ташкил топади. Бу давлат ҳукмдорлари «жабғу» унвони ўрнига ўзларини «Қорахон», яъни «буюкхон» деб атайдилар. «Хоқония» XI-ХII асрларда кучайгач «Қарлуқ-Қорахонийлар» давлати номини олган.
Бу давлат бир нечта қабилалар иттифоқи асосида ташкил топгани учун ҳукмдорлари «арслонхон», «буғрахон» «тавғачхон» унвонлари билан юритилган. Бу уч сўз олий даражали ҳукмдор маъносини англатган. Қадимда туркий халқларда буюклик ёки улуғлик «қора» сўзи билан сифатланган. Тахта ўтирган Арслонхон, Буғрохон ва тавғачхонлар «Қорахон» дея эътироф этилган. Давлати рамзий равишда Қорахонийлар давлати номи билан шуҳрат топган.
Қорахонийларнинг Мовароуннаҳрга ҳужуми 992 йил Ҳорун Буғрахон бошчилигида бошланади. Сомонийларда ички зиддият кучайгани учун Қорахонийлар Бухорони қаршиликсиз ишғол қиладилар. Сомонийлар ҳукмдори Нуҳ ибн Мансур Ғазнадаги ноиби Сабуқтегинни ёрдамга чақиради. У 20 минглик қўшин билан Нуҳга қўшилади ва қорахонийларни тор-мор қилади. Нуҳ бунинг эвазига Сабуктегинни Хуросонга ноиб этиб тайинлайди. Ғазна ва Хуросонда Собуқтакин ва ўғли Маҳмуднинг сиёсий ҳукмронлиги мустаҳкамланади.
Қорахонийлар 996 йил Мовароуннаҳрга яна ҳужум бошлайди. Сабуқтегин хиёнат қилиб Бухорони эгаллайди ва қорахонийлар билан музокара олиб боради. Сабуктегин ва қорахонийлар шартнома тузади: Сирдарё ҳавзаси қорахонийларга ўтади; Сабуктегин Амударё жанубидаги ерларга - Хуросонга ҳукмдор бўлади; Сомонийларга Мовароуннаҳрнинг марказий қисмигина берилади холос. Наср Элоқхон Бухорони 999 йил забт этгач Сомонийлар ҳукмронлиги барҳам топди.
Қорахонийлар давлатининг бўлиниши. Қорахонийлар энди Хуросонни ҳам қўшиб олиш учун 1006 ва 1008 йй. Хуросонга 2 марта ҳужум қилди, бироқ Маҳмуд Ғазнавий Хуросонни сақлаб қолади. Бу даврда салжуқийлар ғазнавийларга хавф сола бошлайди. Бундан фойдаланган Қорахонийларнинг маҳаллий ҳукмдори Иброҳим Буритегин «буғрохон» унвонини олган ва 1038 йил Амударё бўйи вилоятлари - Хутталон, Вахш, Чағониённи ғазнавийлардан тортиб олади. Иброҳим Мовароуннаҳр ва Фарғонани ҳам бўйсундиргач мустақил сиёсат юрита бошлайди, натижада Қорахонийлар икки мустақил давлатга ажралиб кетади: 1) Шарқий Қорахонийлар давлатининг пойтахти Боласоғунда, 2) Мовароуннаҳрдаги Қорахонийлар давлатининг маркази Самарқандда бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |