Тарих фанининг объекти ва методологияси. Тарих назарияси реал тарихий жараённи тафаккур орқали англаш, тарихга инсон ақли ва феъл атворининг маҳсули, манфаатлар натижаси сифатида ёндошиш тарихий жараённинг назарий интерпретатциясидир.
Тарих назарияси инсон ва табиат, инсон ва жамият, одам ва олам ҳақидаги назарий билимларнинг алоҳида соҳаси бўлиб, унда асосан инсоният тарихи асослари, тарихий жараён ва унинг моҳияти кишилик жамияти тараққиёти босқичлари ҳақида сўз юритилади, улар илмий-назарий тадқиқ этилади.
Тарих назарияси турли йўналишларда тадқиқ этилади: теологик, метофизик, идеалистик, натуриалистик, материалистик, индивидуалистик ва коллективчилик йўналишлар.
Тарих назариясининг илдизлари Герадот ва Фукидид қарашларидан бошланиб Полибий, Плутарх қарашларида шакллана бошлади. Августин илоҳий давлат тарихи назариясини яратди. 18-асрда жаҳон тарихи назариясининг йўналишлари тубдан ўзгарди. Лейбниц тарихда метофизика – яъни кучлар ва ғоялар устивор деб тушунса, Гегель тарихда инсон ақли ва тафаккурини устун қўяди.
XIX-XX асрларда тарихни англашда мавҳум мантиқ ва тарихни билиш назарияси билан бир қаторда А.Шопенгауэр, Я. Бургхардт, О.Шпенглер тарихни тушкунлик орқали англаш, А.Тойнби оптимизм, марксизм асосчилари тарихий материализм ғояларини илгари сурди.
Олимлар тарихий таффаккур Юнонистондан Европага кўчганини, Ғарб таффаккури қадимий Юнон фалсафаси тасирида дунёга келганини, кейинчалик Шарққа кўчганини таъкидлайди.
Шарқда тарихни назарий англашнинг йўналишлари: тарихшунослик, тарихнавислик, манбашунослик, фалсафа ва бошқа соҳалар каби аниқ бир йўналиш сифатида шаклланмаган бўлсада, ана шу соҳалар билан бирга демокрафия, маданиятшунослик, аҳолишунослик, социология, руҳшунослик ва бошқа ижтимоий фанларнинг яхлит, уларнинг барча талабларини ўзида мужассам этган тарихий-бадиий, фалсафий-мантиқий тадқиқот сифатида юзага келди. Буни Берунийнинг «Алжавоҳир», «Тавдид», Мирхоиднинг «Равзат-ус-сафо» ва бошқаларнинг асарлари мисолида куриш мумкин.
Шарқда тарих тушунчаси ўзига хос жиҳатларга эга. Фаробий қарашларига кўра жамият тараққиётини илоҳий қонунлар бошқаради. У Арестотелнинг жамият ҳақидаги таълимотини бойитди. Беруний тарихий тараққиёт босқичларини табиат, астрология, астрономия; кеча ва кундуз, фасллар алмашуви орқали ўрганади. «Ҳиндистон», «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарларида инсоният тарихини англашда янгича ёндашади. Беруний дунё тарихшунослигида асотрлардан илмий билиш ва дунёвий таълимотга ўтишда муҳим ҳисса қўшди.
Шарқ тарих фалсафаси бир неча йўнашларда кўзга ташланади: жумладан, подшоликлар тарихи бадиий ифода ва образлар орқали очиб берилади. Воқеалар таҳлили ибратли ахлоқий меъёрлар билан муштарак ҳолда олиб борилади. Айрим ҳолларда тарихга географик-ҳудудий жиҳатдан ёндашилади. Саёҳатномалар орқали жамият тарихи яратилади. Подшоликларнинг бошқарув усули, сиёсати очиб берилади.
Вақт ўтган сари таффаккурнинг янги қирралари ўзининг имкониятларини намоён этади. Натижада одам ва олам, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар такомиллашиб боради. Натижада тарих назарияси тушунчаси кенгайди. Ижтимоий фанларнинг муҳим йўналиши сифатида унинг предмети ва тадқиқот объектига аниқлик киритилди. Окибатда у бугунги кунгача бўлган тараққиёт йўлини ўтди. Ҳозирги замон тарих назарияси олдида турган энг муҳим вазифалар қуйидагилардан иборат:
1. инсоният тарихи ривожланиш қонуниятларининг манбалари ва моҳиятини ўрганиш;
2. инсоният тарихини, жумладан миллий тарихни коммунистик мафкура асосидаги илмий методология тамойилларидан воз кечиб, миллий ғоя асосида ўрганиш ҳамда даврлаштириш муаммосини хал этиш;
3. цивилизациялар ва маданиятлар юзага келишининг яхлит тизимини ишлаб чиқиш, инқирози сабабларини таҳлил этиш;
4. тарихий жараённинг умумий шаклини таҳлил этиш, уларни ўтмиш, бугун ва келажак тизимида мантиқан ўрганиш ҳамда инсоният истиқболи ҳақида тассаввурларга аниқлик киритиш;
5. тарихий тараққиётни диний ва дунёвий қонуниятлар асосида ўрганиш, назарий-илмий ва амалий жиҳатдан асосланган хулосаларни ишлаб чиқиш;
6. қадриятлар тизимини ҳозирги замон талаблари нуқтаи назаридан тадқиқ этиш ва баҳолаш;
7. инсоният тарихида тўпланган моддий, маънавий ва маданий қадриятларнинг тарихий таҳлил орқали мантиқий ва фалсафий асосларини ўрганиш;
8. тарихни англашнинг янги йўналишларини ҳозирги замон фалсафий таффаккур мезонлари асосида белгилаш, тарихнинг мураббийлик ролини ошириш;
9. яхлит инсоният тарраққиёти омиллари ва манбааларини ўрганиш, шу асосда жаҳон тарихий тараққиёт истиқболларини белгилаш:
10. тарих фани предмети ва методологиясини хозирги замон талаблари асосида қайта ишлаб чиқиш, тарихни тадқиқ этишнинг турли йўналишларини, жумладан, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, санъат, дин тарихи ва этногенезис йўналишлари билан муштарак ҳолда инсоният тарихи моҳиятини очиб бериш;
11. ҳуқуқ ва давлатчилик тарихи, социология, антропология инсоншунослик, инсон социогенези каби фанлар билан боғлиқ ҳолда яхлит тарихини идрок этиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |