21.Қорахитойларнинг ҳужумлари (1137,1141). Қорахонийлар даврида ижтимоий-иқтисодий ҳаёт. XII асрнинг 30-йилларида Қорахитойлар Шарқий Туркистон ва Еттисувни, яъни Шарқий
Қорахонийлар ҳудудини босиб олдилар. Шарқий Қорахонийлар анча
заифлашиб қолганлиги туфайли ўз мулкларини ҳимоя қила олмадилар.
Ғарбий Қорахонийларнинг ҳам аҳволи бундан яхши эмас эди. 1137 йилдаги
Хўжанд яқинидаги бўлган жангда Қорахитойлар қўшини Қорахоний
Маҳмудхон қўшинларини тор-мор этдилар. Бу пайтда Хоразмни эгаллаш
билан банд бўлган Султон Санжар ўз вассали Маҳмудхонга етарли ѐрдам
бера олмади. Самарқанд талон-тарож қилиниб, катта товон ундирилгач,
Қорахитойлар орқага қайтдилар.
Орадан кўп ўтмасдан, яъни 1141 йилда Қорахитойлар яна
Мовароуннаҳр ерларига бостириб келдилар. Уларнинг ҳужумини тўхтатиш
учун Султон Санжар катта қўшин билан Самарқанд яқинига етиб келади. Бу
сафар жанг Самарқанд яқинидаги Қатвон чўлида бўлди. Ҳал қилувчи бу
жангда Султон Санжар ва Қорахоний Маҳмудхонларнинг бирлашган
қўшинлари Қорахитойлар томонидан мағлуб этилди.
Самарқанд, Бухоро ва бутун Марказий Мовароуннаҳрни эгаллаган
Қорахитойлар катта ўлжалар билан орқага қайтдилар. Қорахитойлар
Баласоғундан ташқари ҳамма ерлар ҳокимиятини Қорахонийлар қўлида
қолдирдилар. Қорахонийлар энди Қорахитойларга қарам бўлиб, ҳар йили
уларнинг пойтахти Баласоғунга катта-катта ўлпон юбориб турар эдилар. XIII
асрнинг бошларида Муҳаммад Хоразмшоҳнинг Мовароуннаҳрга юришлари
туфайли Қорахонийлар ҳукмронлиги бутунлай барҳам топди.
Қорахонийлар сулоласи ўз ҳукмронлиги даврида ўз мулкларининг
сарҳадларини бир неча марта ўзгартирганлар. Мисол учун, Мовароуннаҳрни
эгаллагунига қадар уларнинг мулклари Тяншань ва унинг атрофларини
эгаллаган бўлса, XI аср бошларига келиб эса, ҳоқонлик чегаралари
Амударѐгача етган. Орадан кўп ўтмай улар Шарқий Туркистонда Қашғарни
ва Хўжандни қўлга киритдилар. Бундай ҳолат хоқонликнинг ижтимоий-иқтисодий тузумига ҳам катта таъсир кўрсатди. Ҳар бир вилоят маълум
сиѐсий мавқега эга бўлган ҳолда хондан кичикроқ унвонга эга элекхонлар
томонидан бошқариладиган бўлди.
Қорахонийлар Сомонийларга нисбатан давлат тузилиши ва
бошқарувининг бошқачароқ шаклини жорий этишга ҳаракат қилдилар.
Уларда ҳокимият Сомонийларда бўлгани каби тўғридан – тўғри отадан
ўғилга эмас, балки акадан укага, кейин сулоланинг навбатдаги авлодига
ўтган. Айрим олимларнинг фикрича, Қорахонийларнинг бутун уруғи
ҳокимиятнинг жамоавий соҳиби бўлиб, сулоланинг ҳар бир аъзоси ўзининг
келиб чиқишига кўра, умумсулола мулкининг бир қисмига даъво қила
оларди. Бу мулкнинг асосий қисми сулоланинг уч улуғ аъзоси – улуғ хоқон,
кичик хоқон ва элекхонга тегишли ҳисобланарди. Уларнинг ҳар қандай
авлодига ўз ҳиссаси ажратиб берилар эди.