Мотор афазия инсон миясидаги Брока маркази шикастланиши натижасида юзага келади. Афазиянинг бу турида афазияга чалинганлар нутқни тушуна олади, лекин гапирмоқчи бўлганда сўзларни топа олмаслиги сабабли гапира олмайди. Мотор афазия бош мия ўнг ярим шар майдонини ҳаракатга келтирувчи аъзоларнинг шикастланиши натижасида юзага келади. Ҳаракатга келтирувчи марказ Брока марказидир.
1861 йилда Полем Брока чап пешонанинг пастки орқа учдан бир қисми бурамаларида “сўзлар образини ҳаракатлантирувчи марказ” деб аталувчи Брока марказини топди ва биринчилардан бўлиб мотор афазия ҳолатини таърифлаб берди. Броканинг айнан шу кашфиётидан сўнг афазияни систематик тарзда ўрганиш бошланди. Куссмаул биринчи бўлибдаволаш-педагогик психотерапия асосида афазияга чалинганларда нутқнинг систематик қайта тикланишини киритди. У, авваламбор, мотор афазия билан касалланган нутқсиз, яъни гапира олмайдиганларни гапирувчининг лаб ҳаракатларини кузатишга ўргатиш лозим деб ҳисоблар эди ва товушларни тартибли ташкиллаштириш усуллари тизимини ва уларни бўғинли машқлар ва ўқитиш методикасига киритилган сўзлар таркибига киритишни тавсия қилди. Куссмаул бу методикани худди сурдопедагог, яъни кар болаларни ўқитувчи педагоглар каби “лаблардан ўқиш” ёки оптик-тактил усул деб номлади. Тадқиқотчилар мотор афазияга чалинганлар нутқини қайта тиклаш методикаларини яратди. Турли олимлар қайта тиклашнинг турлича методлар ишлаб чиққан бўлиб, булар қуйидагилардир:
Миллс мотор афазияга чалинганнинг нутқини “оналар усули” ёки “физиологик алифбо” ёрдамида қайта тикланганлиги ҳолатини аниқлади. Кейинчалик Миллснинг такрорлашни қўллашга асосланган методикаси бирмунча ўзгарди ва фонетик, акустик, эшитишга оид методика деган номларга эга бўлди. Шундай қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида афазияда нутқни қайта тикалашда икки хил методикани, яъни оптик-тактил ва фонетик методикаларни қўллай бошлади.
Гутсманн 1901-йилда афазияда қайта тиклаш соҳасида йиғилиб қолган тажрибаларни биринчи бўлиб умумлаштирди. Кейинчалик 1924-йилда у мотор афазияда қайта тикловчи таълимнинг дастлабки босқич методикасини тўлиқ ёритиб беради ва бунда у қайта тиклаш ишларини инсультдан сўнг дарҳол эмас, балки бир неча ой ўтгандан сўнг нутқий функциянинг ўз-ўзидан яхшиланишининг максимал даражасига эришилгандан сўнг бошлаш зарур деб ҳисоблайди.
Биринчи жаҳон уруши йилларида мотор афазия шаклларини гуруҳлашга уринишлар амалга оширилди ва афазиянинг турли кўринишларида нутқни қайта тиклашнинг янги йўналиши аниқлаб олинди. Масалан, Рейчман ва Рейчау 1919-йилда апраксик мотор афазияда фақатгина оптик-тактил усулдан фойдаланиш лозим, мотор афазиянинг бошқа турларида эса оптик-тактил усул билан биргаликда акустик усулдан фойдаланиш мумкин деб ҳисоблаганлар. Муаллифларнинг таъкидлашича, агар автоматлаштирилган нутқий қаторлардан фойдаланилса, мотор афазияга чалинганларда нутқнинг қайта тикланиши осонлашади.1922 йилда Элизберг биринчи маротаба мотор афазияга чалинганлар билан оптик- тактил усулда эмас, балки “сўзларни тушунчаларнинг турли қаторларига киритиш” орқали, яъни маънавий сўзлараро боғланишларни қўллаш йўли билан ишлашни тавсия қилади. Афазия ҳолатида қайта тиклаш ишида оптик-тактил усулнинг қўлланишини биринчи бўлиб С.М.Доброгаев 1925 –йилда тўлиқ ёритиб берди. Унинг ҳисобот-кундалигида ушбу усул бўйича қайта тикловчи таълим усули тўлиқ ишлаб чиқилган ва аниқ, лўнда қилиб ифодаланган.
30-йиллар собиқ шўролар даври логопедиянинг кенг ривожланган даври бўлган. Болалар логопедияси амалиётида оптик-тактил усул ҳақли равишда эътирофга сазовор бўлди. 30-йилларда ва кейинроқ болаларда нутқни эшитиш томонининг бузилиши ва турли кўринишдаги аномалияларнинг муҳим жиҳати Р.М.Боксис ва Р.Э.Левина томонидан 1936 – йилда, Р.Э.Левина томонидан 1940-йилда очиб берилди. Секин- аста логопедия изчил билимлар тизимига, болалар нутқида учрайдиган турли кўринишдаги нуқсонларнинг деярли барча турларини қамраб олувчи фанга айланди. Болалар логопедиясининг қатор ҳолатлари кейинчалик афазияга чалинганларда нутқни қайта тиклашга логопедик ёндашувни ривожлантиришда муваффақиятли қўлланилиб борди. Бу биринчи навбатда катталардаги нутқий бузилишларни таҳлил қилишда фонологик назарияни қўлланилишига тегишлидир.
Афазия ҳақидаги таълимотни ривожлантиришнинг янги босқичи ва қайта тиклаш ишларининг усулларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар 40-йилларга тегишлидир. Қайта тикловчи таълим психологлар А.Р.Лурия, Б.Г.Ананева, Э.С.Бейн, В.М.Коганларнинг диққат эътиборини жалб қилди. Совет психологларининг бир нечта жамоалари ва уларнинг раҳбарлигида ишлаган логопедлар қайта тиклаш таълимоти усул ва методикаларига муҳим ҳисса қўшдилар. Айни шу йилларда мотор афазияда нутқни қайта тиклаш усуллари ва уларни таҳлил қилишга бағишланган қатор ишлар пайдо бўла бошлади.
О.П.Кауфман 1947 -йилда мотор афазияга чалинганларда ички нутқнинг парчаланиб кетиш ҳолатини аниқлай туриб, оптик-тактил усулдан фойдаланишни тавсия қилади. Кейинчалик, афазияга чалинганнинг луғат бойлиги тикланиши асосида О.П.Кауфман худди бошқа муаллифлар каби ишни “телеграф усули”даги агармматизмни даволашдан бошлашни таклиф қилади. Бунинг учун эса гапнинг кўргазмали схемалари ва матнда тушириб қолдирилган сўзларни тўлдириш усулларидан фойдаланилади.
Л.С.Виготскийнинг ўқувчиси Александр Романович Лурия афазияларнинг турли кўринишлари, яъни бош мия қобиғининг турли психик функцияларга жавоб берувчи турли зоналарининг бузилиши билан боғлиқ марказий миядан келиб чиқувчи нутқий бузилишларни диагностика қилиш, ўрганиш ва қайта тиклаш ишларига катта ҳисса қўшди. Агар А.Р.Лурияга қадар афазияни ўрганган тадқиқотчилар тил бирликлари ва конструкцияларининг психологик ҳақиқийлиги нуқтайи назаридан ёндашган бўлсалар, А.Р.Лурия бу бузилишларни биринчи маротаба нутқий операциялар бузилишлари сифатида таҳлил қила бошлади. У ўзининг 1947 йилда ёзган “Шикастланишга оид афазия” китобида афазиянинг психолингвистик концепциясини қуради, жумладан, “кейинчалик ташқи нутққа айланиб кетадиган мулоҳазаларнинг ички схемаси” ҳақидаги тушунчани киритади. 10А.Р.Луриянинг қатор монографияларида нутқий функцияларни қайта тиклаш бўйича орттирилган тажрибалар тўпланган. А.Р.Лурия мотор афазияга чалинганларда нутқни қайта тиклаш таълимининг уч босқичда ўтадиган батафсил методикасини келтириб ўтади.