14. МАЪРУЗА. Организмнинг ички мухити. Гомеостаз. Қоннинг функционал аҳамияти. Қон тизимининг онтогенезда шаклланиши.
Режа
14.1. Қоннинг ахамияти
14.2. Қрннинг миқдори ва таркиби
14.3. Қоннинг шаклли элементлари
14.4. Қон группалари
14.5. Қон тизимининг ёшга боғлиқ хусусиятлари. Анемия.
Қон, лимфа ва тўқима суюқликлари организмнинг ички муҳитини ташкил қилади. Қон кучсиз ишқорий муҳитга эга бўлган суюқлик бўлиб, солиштирма оғирлиги 1,054 - 1,066 га тенг.
14.1. Қоннинг аҳамияти.
Қон бир қатор муҳим функцияларни бажаради.
Қон ичакдан шимилиб ўтган озиқ моддаларни бутун тана бўйлаб тарқатиб, озуқа вазифасини бажаради. Организмга ташқаридан келган озуқа қонга, қондан лимфага ва сўнг тўқима суюқлигига тарқалиб, ҳар бир ҳужайрагача етиб боради. Кислородни қабул қилиб карбонат ангидридни ўзидан чиқариш билан боғлиқ функцияси қоннинг нафас функцияси деб номланади. Ўпка капиллярларида қон кислородга тўйиниб, карбонат ангидриддан бўшайди. Ҳар хил тўқима ва аъзоларнинг капиллярларидан ўтиб, қон ўзидаги кислородни тарқатиб, карбонат ангидридга тўйинади. Ички нафасни - тўқима ва ҳужайраларда газлар алмашинув жараёнини қонсиз тассавур этиб бўлмайди. Қон ажралиш вазифасини ҳам ўтайди. Моддалар ва энергия алмашинуви натижасида ҳосил бўлган кераксиз моддалар тўқима суюқлигига ажралиб, қонга ўтади, қондан буйракларга, тер безларига, ўпкаларга ўтиб организмдан чиқарилиб юборилади. Қон ҳимоя вазифасини ҳам бажаради. Ташқаридан келган микробларни, заҳарли моддаларни қон ҳужайраларидан лейкоцитлар парчалаб, зарарсизлантиради. Қоннинг яна бир вазифаси бу функцияларнинг гуморал бошқарувида иштирок этишидир. Турли гормонлар, биологик фаол моддалар ва бошқа бирикмалар қонга тушиб, тегишли аъзо ва тизимларнинг фаолиятига таъсир қилади. Қон организмнинг иссиқлиқ алмашинувида - терморегуляциясида ҳам маълум рол ўйнайди. У барча четки аъзоларга оқиб борар экан, ўзи билан иссиқликни ҳам олиб боради. Қон тери капиллярларда фаол ҳаракатланганлиги учун ортиқча ҳарорат нурланиш йўли билан теридан ташқарига чиқарилади. Қон транспорт вазифасини ҳам бажаради. Бу функция қоннинг доимий ҳаракати туфайли амалга ошади. Қон билан озиқа моддалари (аминокислоталар, триглицеридлар, карбон сувлар), ионлар, газлар, гормонлар ва бошқа биологик фаол моддалар ташилади ва тўқима ва ҳужайраларга етказиб берилади. Қон доимий ҳаракатда бўлганлиги учун, барча аъзолар ва тизимларни бир -бири билан боғлаганлиги учун ички мухит таркибининг доимийлигини бир маромда ушлаб туради. Организмда қон босими, тана ҳарорати, қоннинг осмотик босими, оқсил ва шакар миқдори, калий, натрий, калций, хлор ва бошқа ионлар қонцентрацияси гомеостаз комплекс динамик жараёнлар туфайли сақланиб туради. Гомеостаз нерв ва гуморал йўл билан бошқарилади. Ички муҳит доимийлигини сақлашда нафас олиш, юрак-томир, овқат ҳазм қилиш ва айириш тизимларининг роли катта бўлса ҳам, қон улар ўртасида функционал муҳим воситачи ҳисобланади.
14.2. Қоннинг миқдори ва таркиби
Ўсиб бораётган организмда қон миқдори ўзгариб боради. Қон миқдори тана массасига нисбатан ҳисобланганда болаларда катталарга нисбатан кўпроқдир.
Янги туғилган болаларда қон тана вазнининг 14,7%, бир ёшли болаларда - 10.9%, ўсмирларда - 7% ташкил қилади. Болаларда қоннинг миқдори нисбатан юқори бўлишининг асосий сабаби - бу ёшда модда алмашинувининг жадал суръатда бўлишидир. Катталарда 60 - 70 кг вазнга 5.0 - 5.5 литр қон тўғри келади. Одатда, қоннинг бир қисми қон томирларида айланиб юради, қолган қисми қон сақловчи органларда - деполарда (талоқ томирлари, тери, жигар ва ўпкалар) сақланиб туради. Зарурият туғилганда, масалан, қон йўқотилганда, жисмоний иш бажарилаётганда деподаги қонлар ҳам қон томирларига ўтиб ўз вазифасини бажаради.
Қон плазмаси
Артериал қонга ивишдан сақловчи восита қўшиб, бир шиша идишда сақласак, у иккита ҳар хил рангдаги суюқликларга ажралади. Юқори сарғиш рангли суюқ қавати - плазма ва пастки тўқ қизил рангли қуюқ чўкма қавари - шаклли элементлардир. Шаклли элементлар - қон ҳужайраларининг ҳаётий вақти ҳар хил ва узоқ эмас. Қон шаклли элементлари қизил иликда, лимфа тугунларида ва талоқда ҳосил бўлади. Қон плазмаси ва шаклли элементларнинг ҳажмий нисбатида тахминан 55% ини плазма, 45% ини шаклли элементлар ташкил қилади. Болаларда шаклли элементлар кўпроқ).
моддалар ташкил қилади. Суюқликда эриган моддалар (туз ионлари, глюкоза ва бошқалар) қон плазмасининг осмотик босимини ҳосил қилади. Плазма таркибидаги минерал моддалар асосан калий, калций, натрий, магний катионлари ва хлорид, гидрокарбонат, гидроортофосфат ва сулфат анионлар кўринишида бўлади. Уларнинг мавжудлиги қоннинг ҳамда тўқималараро суюқликнинг осмотик босимини таъминлайди. Осмотик босимнинг муҳим аҳамияти шундан иборатки, у туфайли сув қондан тўқималарга ва тўқималардан қонга ўтиб туради. Шунинг учун ҳам осмотик босимнинг ўзгариб туриши сабабли ҳужайралар ичига сув кириб, уларни шишган ҳолатга келтиради ёки ҳужайралардан сув чиқиб, улар бужмайиб қолади. Бу ҳолатни эритроцитлар мисолида кўриш мумкин. Агар эритроцитларни таркиби ҳамда концентрацияси худди қон плазмасидагидек эритмага (изотоник эритма) солсак, эритроцитлар шаклида ҳеч кандай ўзгариш сезилмайди, яъни улар таркибидаги сув миқдори ўзгармайди. Агар эритроцит солинган эритмадаги тузлар концентрацияси эритроцит ичидаги концентрациядан паст бўлса (гипотоник эритма), эритма таркибидаги сув эритроцит ичига шиддат билан кириб, унинг ичидаги босим ошганлиги туфайли шишади. Агар эритма билан эритроцит ичидаги ионлар концентрацияси бир-биридан катта фарқ қилса, эритроцитлар ёрилиб кетади ва бу ҳолатга гемолиз деб айтилади. Агар эритма концентрацияси эритроцит таркиби концентрациясидан юқори бўлса (гипертоник эритма), сувнинг ҳаракати тескари томонга, яъни эритроцитдан эритмага қараб бўлади. Натижада эритроцитлар бужмайиб колади. Бундай ҳолат плазмолиз деб номланади.
Сув ва минерал тузлар кўплаб истеъмол қилинишига қарамай, буйраклар ҳамда тер безларининг кучли ишлаши эвазига осмотик босим бирдек сақланиб қолинади. Организм, маълум сабабларга кўра, кўп қон йўқотса ёки сувсизланса, унга таркиби ва хусусиятлари билан қон плазмасига жуда яқин турадиган суюқликлар қуйилади. Масалан, рингер эритмаси, физиологик эритмаси (0,9% натрий хлорид эритмаси), қон плазмаси ва бошқалар. Ҳозирги пайтда қон плазмаси ўрнида ишлатиладиган баъзи бир суюқликлар мавжуд бўлиб, нафақат минерал таркиби билан, ҳатто оқсил моддаларининг концентрацияси билан ҳам плазмага жуда яқин бўлади.
Плазмадаги оқсиллар уч гуруҳга бўлинади - албуминлар, глобулинлар ва фибриногенлар. Оқсиллар қон босимини бир меъёрда ушлаб туришда муҳим рол ўйнайди. Оқсиллар ҳосил қилган босим – онкотик босим деб номланади. Онкотик босим физиологик жиҳатдан жуда муҳимдир, чунки плазмадаги оқсиллар сув ютадиган коллоид моддалар бўлиб, уларнинг молекуляр оғирлиги жуда юқоридир. Улар организм сувсизланганда қонда сувни ушлаб туриш учун хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |