Маврак – Salvia sclarea L. лабгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик. Мавракдан олинадиган эфирмойи упа элик саноатида ва виночиликда кўп ишлатилади. Бу мой унинг тўпгули таркибида 0,24-0,35% гача бўлади. Тўпгулларининг ҳосили гектарига 3-4 с.ни ташкил этади.
Маврак пояси сершох, тўрт қиррали, бўйи 100-120 см.гача бўлади барглари қарама-қарши жойлашган. Гули оч пушти бинафша ранг ёки оч-кук гултожли бўлиб, ярим доирага йиғилган. Улар ўсимлик шохлари учида тўпгул-шингил ҳосил қилади. Меваси юзаси силлиқ бўлган тўрттадан ёнғоқчадан иборат. Маврак иссиққа ва намга унчалик талабчан эмас. Уруғи 10-12 кунда уна бошлайди, майсалари 60 C совуққа чидайди катта ёшдаги ўсимлиги қурғоқчиликка чидамли бўлади. Маврак ёруғсевар ўсимлик. Унумдор ва структурали тупроқли ерлар унинг учун энг яхши ер ҳисобланади. Маврак учун алмашлаб экишга кирмайдиган махсус майдон ажратилади, бу ерга у 2-3 йил давомида экилади. Биринчи йили у тўпбарг ҳосил қилади, иккинчи йили поя чиқаради, тўпгул ва мева ҳосил қилади.
Маврак органик ва минерал ўғитларга нисбатан талабчан. Унинг ҳар гектарига 20 тоннадан гўнг ва минерал ўғитлар азот 30-40 кг,фосфор 40-60 кг, калий 40 кг гектарига солинади. Маврак экиладиган майдонлар 25-30 см. чуқурликда ҳайдалади ва культивация ҳамда борона қилинади. Маврак кеч кузда қатор ораси 45-60 см.дан қилиб кенг қаторлаб экилади. Уруғ экиш меёри гектарига 7 кг. Экиш чуқурлиги 2-3 см. 1000 дона уруғининг вазни 3-4 грамм. Экинни парвариш қилиш ишлари, яъни майса чиқариши билан бороналашдан ва қатор ораларини 3-4 марта юмшатишдан иборат. Тўпгули таркибидаги эфирмойи миқдори 0,10-0,12% га етганда СК-4 маркали комбайнда ўрилади. Бунинг учун гуллаш фазаси бошлангандан тўпгулларни анализ қилиб борилади. Ҳосилни йиғиб олишнинг энг мақбул муддати энг пастки тўпгуллар уруғининг қўнғир тусга киришидир.
Оддий тоғрайҳон — Origanum vulgare L. лабгулдошлар оиласига киради. Кўп йиллик, бўйи 30—60, баъзан 90 см га етадиган хушбўй ўт ўсимлик. Пояси бир нечта, тик ўсувчи, юқори қисми сершохли, тукли ва тўрт қиррали бўлади. Барги оддий, чўзиқ тухумсимон, ўткир учли, текис қиррали бўлиб, банди билан пояда қарама-қарши ўрнашган. Гуллари майда, барг қўлтиғида 2—3 тадан жойлашиб, қалконсимон тўпгул ҳосил қилади. Қалқонсимон тўпгуллар поя учида рўваксимон тўпгулни вужудга келтиради. Меваси — косачабарг билан бирлашган тўртта ёнғоқча. Июнь ойидан бошлаб сентябргача гуллайди.
Географик тарқалиши. Европада (шимол қисмидан ташқари), Кавказда, Сибирнинг жанубий туманларида ҳамда қисман Қозоғистон ва Қирғизистоннинг айрим туманларида учрайди. Қуруқ, очиқ ўтлоқларда, қуруқ ўрмон ва ўрмон ёқаларида, тепаликлар, қиялар, тошлоқлар ҳамда бутазорларда ўсади. Тоғрайҳон айниқса, Украина, Белорус, Шимолий Кавказ, Волга бўйи ўрта қисмидаги туманлар, Бошқирдистонда кўп ўсади.
Кимёвий таркиби. Маҳсулот таркибида 0,12—1,20% эфир мойи, ошловчи моддалар, аскорбин кислота (гулида 166 мг %, баргида 565 мг % гача) ва фенол-карбон кислоталар бўлади. Эфир мойи таркибида 44% гача феноллар (тимол ва карвакрол), 12,5% битсиклик ва тритсиклик сесквитерпенлар, 12,8—15,4% соф ҳолдаги спиртлар ва 2,63—5% геранилатсетат бор.
Тиббиётда тоғрайҳондан тайёрланган препаратлар ичак атонияси (ичакнинг бўшашиши, заифланиши) касаллигида ҳамда иштаҳа очувчи ва овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшиловчи дори сифатида ишлатилади. Булардан ташқари, у балғам кўчирувчи дори ва терлатувчи восита сифатида ҳам кўлланилади. Эфир мойи эса тиш оғриғини қолдириш учун ишлатилади.
Доривор препаратлари. Дамлама. Маҳсулот тер ҳайдовчи ва кўкрак касалликларида ишлатиладиган йиғмалар — чойлар таркибига киради.
Тоғрайҳонни Ўзбекистоннинг тоғли туманларида ўсадиган яна бир турини тиббиёт амалиётида қўлланишга рухсат этилган.
Аччиқ шувоқ (эрмон) — Artemisiae absinthii L. мураккабгулдошлар оиласига киради. Аччиқ шувоқ (эрмон) кўп йиллик, бўйи 50—100 см га етадиган ўт ўсимлик. Илдизпояси калта ва шохланган, ундан илдизолди барглар, гул ҳосил қилувчи бир нечта узун поялар ва баргли калта поялар ўсиб чиқади. Пояси тик ўсувчи, бир оз қиррали бўлиб, юқори қисми шохланган. Илдизолди барглари узун бандли, учбурчак-юмалоқ кўринишда, икки-уч марта патсимон ажралган. Поядаги қисқа бандли барглари ҳар хил шаклда: поянинг пастки қисмидагилари икки марта патсимон ажралган, ўртадагилари патсимон ажралган, юқоридагилари уч бўлакли. Баргнинг айрим бўлаклари лансетсимон ёки чизиқсимон, тўмтоқ учли, текис, айрим бўлаклари баъзан тишсимон қиррали.
Эрмон ўсимлигининг поя ва баргларида туклар кўп бўлганидан кумуш рангда кўринади. Гуллари майда, шингилга жойлашган, шарсимон, пастга қараган, диаметри 3 мм ли саватчага тўпланган. Саватчалардан ташкил топган шингиллар рўваксимон гул тўпламини ҳосил қилади. Саватчадаги ҳамма гуллари сариқ рангда, найчасимон, оталиги 5 та, оналик тугуни бир хонали, юқорига жойлашган. Меваси — ўткир учли, чўзинчоқ, қўнғир рангли писта. Июль-август ойларида гуллайди.
Географик тарқалиши. Аҳоли яшайдиган жойларда, йўл ёқаларида, ўтлоқларда, ўрмон четларида, сув бўйларида ва экинзорларда бегона ўт сифатида ўсади. Айниқса, Россиянинг Европа қисмида (шимолий туманлардан ташқари), Молдова, Украина, Белорус республикаларида, Кавказ, ўарбий Сибир, Қозоғистон ва Ўрта Осиёда кўп бўлади.
Кимёвий таркиби. Аччиқ шувоқ ўсимлигининг ер устки қисми таркибида 0,5—2% эфир мойи (абсинтол), аччиқ гликозидлар (0,09—0,525% абсинтин, 0,03% анабсинтин), хамазулен, прохамазуленоген, артабсин, каҳрабо, олма ва аскорбин кислоталар, каротин, арабсин ва бошқа лактонлар, артемизетин флавоноиди ҳамда ошловчи моддалар бўлади.
Аччиқ шувоқ ўсимлигининг гул тўпламида (саватчаларда) кўп миқдорда (151,0—292,0 мг %), айниқса, гуллашидан олдин (292,0 мг %), поясида эса энг кам миқдорда (1—3 мг %) хамазулен тўпланади. Поянинг юқори қисмида жойлашган ёш баргларда (175,0 мг %) поянинг пастки қисмидаги баргларга (90,0 мг %) нисбатан 2 баравар кўп хамазулен бўлади.
Эфир мойи тўқ яшил рангдаги заҳарли суюқлик бўлиб, таркибида 24,1—35,2% туйил спирти, кетон-туён, пинен, кадинен, фелландрен, кариофиллен, бизаболен, хамазуленоген ҳамда туйил спиртининг сирка, изовалериан ва палмитин кислоталари билан ҳосил қилган эфирлари бор.
Аччиқ шувоқ ўсимлигининг препаратлари иштаҳа очадиган ва овқат ҳазм қилишга ёрдам берувчи дори сифатида ҳамда жигар, ўт пуфаги ва гастрит касалликларида ишлатилади. Ўсимликдан олинган хамазулен бронхиал астма, ревматизм, экзема касалликлари ва рентген нури таъсирида куйган ерларни даволашда қўлланилади.
Доривор препаратлари. Ўсимликдан дамлама, настойка ва қуюқ экстракт тайёрланади. Ўсимлик иштаҳа очувчи ва ўт ҳайдовчи йиғмалар — чойлар, меъда касалликларида ишлатиладиган таблеткалар ва аччиқ настойка таркибига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |