Эфир мойли ўсимликларнинг биологик хусусиятлари ва аҳамияти.
Атиргулнинг турлари: Rosa damascene Mill., Rosa centifolia L., Rosa gallica L., атиргуллилар — Rosaceae оиласига киради.
Атиргул бўйи 1,5—2 м га етадиган бута. Пояси сершохли бўлиб, тиканлар билан қопланган. Барги тоқ патли мураккаб, 3—5, баъзан 7 та баргчадан ташкил топади. Баргида қўшимча баргчалар ҳам бўлади. Гуллари йирик, хушбўй бўлиб, қалқонсимон тўпгулга ёки қалқонсимон рўвакка тўпланган. Косачабарги 5 та, тожбарги 25—30 тача қизил, пушти, баъзан оқ рангга бўялган. Оталик ва оналиклари кўп сонли. Мевалари ёнғоқсимон, бир уруғли, гул ўрни билан бирлашиб, қизил рангли, чўзинчоқ, сохта мева ҳосил қилади. Июнь ойида гуллайди.
Географик тарқалиши. Атиргуллар, ёввойи ҳолда учрамайди. Атиргул Россияда, асосан Грузия, Молдавия, Тожикистон, Қирғизистон республикаларида ҳамда Қримда, Закавказеда ва Краснодар ўлкасида ўстирилади.
Кимёвий таркиби. Гултожбарги таркибида 0,05—0,075% эфир мойи ва кратаноидлардан рубиксантин бўлади. Эфир мойи эрталаб йиғилган гултожбарглардан сув буғи ёрдамида ҳайдаб олинади. Эфир мойи сарғиш, хушбўй бўлиб, +15°C температурада стеароптени (ҳидсиз, кераксиз қисми) кристалл ҳолида ажралади. Эфир мойининг солиштирма оғирлиги 0,8368—0,8776, рефракция сони 1,5571, қутбланган нур текислигини оғдириш бурчаги — 2,50° —4,25°.
Эфир мойи таркибида 50—60% гераниол, 22,6% ситронеллол, 10% нерол, 2% гача фенилетил спирти, эвгенол ҳамда ситрал, ионил ва бошқа алдегидлар бўлади.
Атиргул мойи препарати — Aqua Rosae фарматсевтика дорилар ҳиди ва мазасини яхшилаш учун ишлатилади. Атиргул мойи асосан парфюмерияда қўлланилади.
Арпабодиён соябонгулдошлар - Ариасеае оиласига, Anisum vulgare Sayegtn авлодига ва турига мансуб бўлган бир йиллик ўсимлик. Мевасида 1,5-3,5% эфир мойи бўлади, таркибида 80%гача анетол спирти бўлади. Мойи табобатда, ликёр, спирт ва қандолатчилик саноатида ишлатилади. Уруғида 16-20 % техник мой хам бўлади, у совун қайнатишда қўлланилади. Кунжараси юқори туйимли озуқа хисобланади. Арпабодиён асал берувчи ўсимлик.
Арпабодиён кенг тарқалган ўсимлик, мингта мевасининг вазни 3,5-4,0 г. бўлади. Ўсиш даври 120-130 кун. Ҳосилдорлиги 1 гектардан 0,5-1,5 т уруғ олинган. Ўсиш шароитига талабчан, тупроқ тоза ва унумдор бўлиши керак. Эрта баҳорда ёппасига қаторлаб ёки кенг қаторлаб (45-60см) эқилади. Ёппасига қаторлаб экилганда гектарига 5 млн. дона уруғ эқилади, кенг қаторлаб экилганда 2,5-3,0 млн.дона эқилади. Албатта ўток қилинади, бунда кашнич аралашган бўлса у хам йўқ қилинади. Арпабодиён бир текисда етилмайди. Гултўпламининг ўрта кисмидаги мевалари етилганда ҳосил йиғилади. Сақланадиган уруғ намлиги 12%дан юқори бўлмаслиги талаб қилинади.
Ялпиз (Menta piperita L.) лабгулдошлар оиласига мансуб илдизпояли кўп йиллик ўсимлик. Ялпиз таркибида 1,5-5,3 % эфир мойи бўлган барглари учун экилади, бу мой асосан қимматли хушбўй модда ментолдан иборат. Ялпиз мойи медицинада, парфюмерияда кондитер саноатида ва ликёр ароқ ишлаб чиқаришда ишлатилади. Ялпизнинг қуруқ барг ҳосили гектарига 8-10 с.ни ташкил этади. Ялпизнинг илдизпояси тупроққа 5-6 см. чуқур кириб боради. Пояси тик ўсади, сершох, бўйи 80 см гача етади. Барглари қарама-қарши жойлашган, майда, чўзиқ, овал-лентасимон, чети ўткир арра тишли. Барг томирлари бўйлаб жуда кўп безчалар жойлашган бўлиб, уларда эфир мойи ҳосил бўлади. Гулининг кўпчилиги урғочи гуллардан иборат, майда оч пушти, тўп-тўп бўлиб бошоқсимон сийрак тупгўлида жойлашган. Ялпиз яхши гуллашига қарамай уруғ ҳосил қилмайди. Шунга кўра у поясидан кўпайтирилади.
Ялпиз иссиққа кам талабчан ўсимлик. қор қоплами юпқа бўлганда усти ёпилмаса ҳам қишдан яхши чиқади. Илдиз поясидаги куртаклари 2-3%да уна бошлайди. Ёш новдалари 60 С совуққа бемалол чидайди.
Ялпиз ёруғликка талабчан. Ўсимликлари сояланиб қолса, ҳосили ва таркибидаги эфирмойи ҳам камайиб кетади. Ялпиз намсевар ўсимлик. Тупроқнинг дала нам сиғими 80% бўлганда ер усти массаси жуда авж олиб ривожланади. Ялпиз пастликлардаги унумдор тупроқли ерларда яхши етилади. Алмашлаб экишда ялпиз кузги дон экинларидан кейин жойлаштирилади ёки махсус майдонларга экилади. Унга гектар бошига 15-20 тоннадан гўнг ва азот 45-60 кг, фосфор, калий 45-60 кг дан гектарига солинади. Ер 25-27 см чуқурликда кузда шудгорланади, эрта баҳорда бороналанади ва культивациядан сўнг яна бороналанади. Ялпиз илдизпояси эрта баҳорда СКМ-3 маркали махсус кўчат ўтказгич машинада қаторлаб, қатор ораси 45 см ва илдизпоялар ораси 10-12 см килиб экилади. Экиш меёри гектарига 5-8 кг. Илдизпояларни экиш чуқурлиги 7-8 см. Ялпиз экилган майдонларни парвариш килиш ишлари бахорги бороналашдан қатор оралари 4-5 марта ишлашдан ва 1-2 культивацияда минерал ўғитлар (М,Р,К) гектарига 30 кг дан берилади. Ялпиз гуллаш фазасида кайта жиҳозланган ўриш машиналарида ўриб олинади. Бу даврда ундан энг кўп барг ҳосили олинади, унинг таркибида эфирмойи хам жуда мўл бўлади. Ўрилган ялпиз уюмда бир оз сўлитилади ва кейин яхшилаб қуритиш учун бостирмага ташиб келтирилади. У ерда ўсимликнинг барглари поясидан ажратилади. Бу иш махсус машина ёки молотилкада бажарилади. Ялпизнинг намлиги кўпи билан 11% бўлган қуруқ барглари қайта ишлаш учун топширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |