Ахлоқ ижтимоий-маънавий ҳодисалар билан ўзаро алоқадордир. Қўйида анашундай ҳодисаларнинг асосийлари билан таништириб ўтамиз.
Ахлоқ ва дин. Моҳиятан дин инсон ҳаётининг ахлоқийлигини тақозо қилади. Шу боис диний-шаръий тамойиллар ва меъёрлар, Ҳадиси шарифдаги ўгитлар ахлоқ-одоб қоидалари билан чамбарчас боғлиқ. Чунончи, инсон энг олий қадрият сифатида қатъий муҳофаза этилади. Одам ўлдириш мумкин эмас, одам ўлдириш энг улкан ахлоқсизлик ҳисобланади. Ўғрилик, бировнинг ҳақини ейиш, мунофиқлик, алдаш, ёлғон гапириш ва шу каби бошқа турли иллатлар ҳам диний-шаръий, ҳам ахлоқий нуқтаи назардан ман этилади. Аксинча, инсонни эъзозлаш, одамларнинг бир-бирига кўмакдош бўлиши, тўғрилик, ростгўйлик, ҳалоллик, раҳмдиллик, қавмдоши қандай юксак даражада бўлмасин, унга хушомад қилишдан тийиниш, фақат Яратгангагина сиғиниш сингари фазилатлар айни пайтда ҳам диний тақво, ҳам ахлоқий талаб томонидан маъқулланган хатти-ҳаракатлардир. Шу боис ахлоқни диндан бутунлай мустақил, мухтор маънавий ҳодиса сифатида талқин этувчи марксча-ленинча қарашлар мантиқий ва илмий асосга эга эмас. Дин, таъкидлаганимиздек, инсонни ахлоқийлаштиришнинг воситаси тарзида иш кўради. Демак, диний тақво билан ахлоқий талабнинг илдизи бир. Ҳар икки ҳолатда ҳам виждон кўзга кўринмайдиган бошқарувчи мурват сифатида намоён бўлади. Бу - ботиний кўриниш; зоҳирий кўриниш эса шаръий ҳукмлар ва ҳуқуқий қонунларда ўз аксини топади.
Ахлоқ ва ҳуқуқ. Ахлоқий талаб ҳуқуқий қонун-қоидаларда ўз аксини топади, дейиш билан биз ахлоқ ва ҳуқуқнинг мустаҳкам алоқага эга эканини тасдиқлаб турибмиз. Зеро, аслида ҳам шундай. Муайян жамиятдаги ҳуқуқий қонун-қоидалар ўша минтақа халқлари томонидан асрлар мобайнида ишлаб чиқилган ахлоқий ақидалар, тамойиллар, меъёрлар, шунингдек, нисбатан умумийлик хусусиятига эга бўлган урф-одатлар замирида вужудга келади. Лекин баъзи бир урф-одатлар, анъаналар ҳуқуқий меъёрлар даражасига кўтарила олмаслиги ҳам мумкин. Бунинг сабаби, уларнинг, аввало, нисбатан хусусий табиатга эга бўлганида, қолаверса, ахлоқий ва ҳуқуқий тараққиёт талабларига жавоб бера олмаслигида. Масалан, жоҳилият даврида арабларда қиз туғилса, уни тириклай кўмиб ташлаш одати бўлган. Кейинчалик, мусулмонлик ёйилганда, бу одат ғайримуслимлик одати сифатида рад этилди. Ҳозирга келиб, ундай ҳодиса ҳуқуқий қонунлар асосида жиноят деб қаралади.
Айни пайтда, шуни ҳам айтиш керакки, ҳуқуқ ахлоққа нисбатан анча аниқ ва анча муайян ички бўлинишларга эга. Чунончи, халқаро ҳуқуқ, фуқаро ҳуқуқи, жиноий ҳуқуқ, меҳнат ҳуқуқи ва ҳ.к. сингари нисбатан қатъий чегараланган ҳуқуқий меъёрлар мавжуд. Ахлоқ эса ҳуқуққа нисбатан анча кенг қамровли. Чунончи, ҳуқуқий қонунлар мавжуд тузумга, муайян шахс ва ёш доирасидаги кишиларга татбиқ этилса, ахлоқий қоидалар, ҳикматлар, панд-ўгитлар барча тузумлар ҳамда турли ёшдаги кишиларга бирдек тааллуқли бўлади. Шунингдек, ҳуқуқий меъёрлар аниқ адресни тақозо қилади, ахлоқий қоидалар эса мавҳумлиги ва умумийлиги билан ажралиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |