Ахлоқ ва иқтисодиёт. Ҳар бир мамлакат ва унинг аҳолиси учун, бошқачароқ айтганда, миллат ва давлат учун иқтисодиёт ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Зеро мамлакат ва халқ фаровонлигини ҳамда шу фаровонлик асосида вужудга келадиган миллатнинг маънавий даражаси иқтисодиётнинг қай йўсинда ривожланишига боғлиқ. Иқтисодиётнинг равнақи эса аввало эркинликка бориб тарқалади. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган мамлакат тараққиётиннинг беш тамойили том маънодаги тарихий ҳодиса бўлди. Ундаги давлатнинг бош ислоҳотчилиги, иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя тамойиллари теран ахлоқий моҳиятга эга эди. Шу боис Республика Президенти Ислом Каримовнинг «Иқтисодий жиҳатдан эркин меҳнатни тиклаш турмушимизда аста-секин қайтадан (таъкид бизники - А.Ш.) қарор топаётган ахлоқий ҳолатдир»,3 деган сўзлари ўша давр хусусиятларини аниқ кўра билиш натижасида чиқарилган объектив хулоса эди. Чунки қонун ҳимоясидаги кишиларнинг кўпчилиги қонунбузарларга қарши курашиш ниқоби остида ўз шахс манфаатлари учун қонунни бузардилар, Айниқса бу иқтисодиётда банк, ҳокимият ва солиқ тизимида яққол кўзга ташланарди. Масаланинг бу бир томони эди. Иккинчи томони эса, хусусий тадбиркорликнинг йўлга қўйилиши натижасида қўштирноқ ичидаги «тадбиркорлик»нинг, солиққа тортилмаган яширин корхоналарнинг кўплаб пайдо бўлишига олиб келди. Буларнинг ҳаммаси иқтисодиётда ахлоқийликни тиклаш, уни ахлоқийлаштириш муаммосини ўртага ташлади. Зеро ахлоқдан ташқридаги иқтисодиёт мамлакатни равнаққа эмас, таназзулга олиб келиши табиий ҳолдир. Шу боис бу борада жуда кўп ишлар қилинади.
Иқтисодиётни ахлоқийлаштиришдаги энг муҳим ишлардан бири кейинги қатор йилларнинг Республика Президенти ташаббуси билан муайян ижтимоий-ахлоқий йўналишга бағишланишидир. Чунончи кириб келаётган янги йилларнинг алоҳида ном билан - «Аёллар йили», «Оила йили», «Меҳр-мурувват йили», «Ҳомийлар ва шифокорлар» йили, «Ижтимоий ҳимоя йили» аталиши қуруқ гап бўлиб қолгани йўқ. Улар иқтисодиётда «аста-секин қайтадан қарор топаётган ахлоқий ҳолат» нинг ёрқин мисоллари бўлди, давлат билан жамоатчиликнинг қўлга - қўл бериб ишлашини таъминлади; аҳолининг бадавлат қисмига ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни, шахсларни иқтисодий қўллаб - қувватлашга ўргатди. Натижада бадавлат кишиларнинг мулкка эгалик ҳуқуқини поймол қилмаган ҳолда, уларни меҳр-мурувват, саҳийлик, жўмардлик каби ахлоқий тамойиллар ва меъёрлар асосида бошқаларга ёрдам кўрсатишлари жамиятдаги одатий ҳолга айлана бошлади. Иқтисодий ҳимоянинг бундай шаклини иқтисодиётини ахлоқий мурватлар ёрдамида бошқаришнинг ажойиб намунаси деб аташ мумкин. Фақат ахлоқ билан мустаҳкам алоқада бўлган иқтисодиётгина ҳақиқий тараққиёт йўлига кира олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |