Кальвинизм. Диний ислоҳотнинг бошқа бир йирик арбоби Жан Кальвин (1509-1564) эди. Унинг 1536 йилда нашр этилган «Христиан динидаги кўрсатмалар» деган бош асари протестантизм таълимот сифатида шаклланганидан кейин янги бир диний йўналиш – кальвинизмнинг асоси бўлиб қолди.
Дастлабки ислоҳот арбобларидан фарқли ўлароқ Кальвин учун диққат маркази Инжил эмас, Таврот бўлиб қолади. Кальвин абсолют тақдир ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқди. Бу таълимотга кўра барча одамлар худонинг биз учун номаълум бўлган иродасига асосан мағфират қилинганлар ва маҳкум этилганлар тоифасига бўлинади. Инсон на имон, на «хайрли ишлар» билан тақдирга ёзилганини ўзгартира олмайди: мағфират қилинганлар нажотга маҳкум, мағфиратдан маҳрум бўлганлар эса абадий азобга маҳкум. Тақдир ҳақидаги таълим шундай асосга қурилганки, Исо ҳам бизнинг гуноҳларимиз учун азобу уқубатларга гирифтор қилинган эди.
Протестант черковининг кальвинистик йўналишдаги давомчилари (кальвинистлар ёки реформаторлар) Шотландия, Голландия, Шимолий Германия, Франция, Англияда катта обрў ва таъсирга эга эдилар.
Пресвитерианлик. Пресвитерианлик кальвинистик черковдан келиб чиққан бўлиб, (юнонча энг эски) мўътадил пуританлардир. 1592 йили Шотландия парламенти бу таълимотни асосий мафкура деб ҳисоблаш ҳақида қарор қабул қилган. Бу жамоа бошида жамоа аъзолари томонидан сайланган пресвитер туради. Жамоалар маҳаллий ва давлат иттифоқларига бирлашади. Диний маросим жуда содда, ибодат пайтида ваъз айтилади, биргалашиб дуолар ўқилади ва диний қўшиқлар куйланади. Пресвитернинг мавъизаси оятларни куйлашдан иборат. Литургия бекор қилинган, бошқа оқимларда асосий ибодат қўшиғи ҳисобланган «дин рамзи» ва «отче наш» ўқилмайди. Фақат дам олиш кунлари байрам куни деб ҳисобланади.
Пресвитерианлар диний таълимотининг асосий ақидалари «Вестминстер» китобида баён қилинган. Бу ақидалар ортодоксал кальвинизм руҳида бўлиб, оламдаги барча одамларнинг гуноҳкорлиги ва қисматнинг мутлақлигига ишонишдан иборат.
Пресвитер жамоаси қавмлар сайлаган пресвитерлар ва пасторлардан иборат консистория томонидан бошқарилади. Пресвитерчиларнинг олий органи – бош ассамблея. Бош ассамблея пресвитериялар вакил қилиб юборган пресвитер ва пасторлардан иборат. Пресвитерчиларнинг кўпчилиги ўзларининг халқаро ташкилоти – «Пресвитерчиларнинг ташкилий тузилишига амал қилувчи Жаҳон реформация черковлари алянси»га аъзодир. Мазкур алянс 1875 йилда ташкил этилган.
Ҳозирги пайтда Шотландия (давлат черкови), Англия, Ирландия, АҚШ, Канада, Австралия ва бошқа мамлакатларда пресвитерчилар мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |