Насронийлик муваффақияти VII асрда Арабистон яриморолида бошқа бир
монотеистик дин – ислом пайдо бўлишига илҳом берган наъмуна сифатида хизмат
қилган. Насронийлик каби ислом ҳам чекка вилоятнинг бир бурчагида кичик мазҳабдан
бошланган ва янада тез ва ҳайратланарли тарзда Арабистондан чиқиб, Атлантика
океанидан то Ҳиндистонгача бўлган улкан империяни эгаллай олган. Ўша
пайтдан
бошлаб монотеизм тарихда асосий ҳаракатланувчи куч бўлиб қолди.
Монотеистлар политеистларга қараганда анча фанатик ва миссионерликка мойил
бўлиб чиқди. Бошқа динларнинг мавжуд бўлишига ҳуқуқларини тан олиш учун
иккитадан бири бўлиши керак: ёки сенинг худойинг борлиқ устидан бутун
ҳукмронликни ўз қўлларида ушламайди, ё бўлмаса сенинг дининг фақат мушкул
универсал ҳақиқатдан ташкил топган. Монотеистлар яккаю ягона Худо ҳақидаги
билимга эга эканлигига ишонар экан, қолган барча динларни нафрат билан рад этишган.
Сўнгги икки минг йил давомида монотеистлар кўп маротаба ўз ўринларини
мустаҳкамлаш учун рақибларини зўравонлик билан қириб ташлашган.
Улар жуда муваффақиятли ҳаракат қилишган.
Милоднинг бошланишида бутун
дунёдаги монотеистларни бармоқ билан санаса бўлар эди. Милодий 500 йилга келиб энг
улкан империя – Рим империяси – насронийликни давлат дини дея тан олади ва
миссионерлар қатъият билан уни Европанинг бошқа қисмларига, Осиё ва Африкага
тарқатади. Биринчи минг йиллик тугашига келиб Европа, Ғарбий Осиё ва
Шимолий
Африканинг кўплаб аҳолиси монотеист бўлишган, Атлантика океанидан Ҳимолай
тоғларигача бўлган империялар эса ўзларини ягона Худо томонидан покланган деб
ҳисоблашган. XVI асрга келиб монотеизм узоқ Шарқ ва Африканинг жанубий
қисмларидан ташқари деярли бутун Африка ва Осиё ҳудудларида ҳукмронлик қилган
ва аллақачон қўлларини Жанубий Африка, Америка ва Океанияга узатганди. Энди
бутун Ер юзида, узоқ Шарқдан ташқари, у ёки бу монотеистик дин тан олинган ва бутун
дунёвий тартиб монотеистик тамойилларга асосланган эди.
Аммо ҳудди политеизм ичида анимизм унсурлари сақланиб қолганидек,
монотеизм ичида ҳам политеизм яшарди. Олий кучнинг ўз қизиқишлари ва иштиёқлари
борлигига ишонишингиз билан бошқа худоларга ишониш мисоли бефойдадек туюлади.
Президент қабулхонаси очиқ
турганда, ким ҳам амалдорга мурожаат қиларди? Ростдан
ҳам монотеизм олий Худодан ташқари бошқа худоларни мавжудлигини рад этади ва
уша худоларга эътиқод этганларга жаҳаннам оловини ёғдиради. Лекин илоҳиёт
назариялари ва тарихий ҳақиқатлар орасида доимо бўшлиқ мавжуд бўлган.
Одамларнинг кўп қисми монотеизмни қабул қилишга қодир эмас бўлиб чиқди. Улар
оламни “биз” ва “улар”га ажратишда давом этишди, ва олий куч улар учун жуда йироқ,
бегона ва кундалик эҳтиёжларга эътиборсиз бўлиб туюларди. Монотеистик динлар
бутун пантеонни фанфаралар жаранги остида эшикдан хайдаб солишди, аммо худолар
шу захоти ойнадан суқилиб киришди. Насронийлик яратган авлиёлар пантеонига сажда
қилиш бутпарастлар саждасидан деярли фарқ қилмайди.
Худди Юпитер Римни, Уицилопочтли эса ацтеклар империясини ҳимоя қилгани
каби ҳар бир насроний қиролликнинг қийинчиликлар ва жангларда ғолиб бўлишда
ёрдам берадиган ўзининг илоҳий ҳомийлари пайдо бўлган. Англияни авлиё Георгий,
Шотландяни – авлиё Андрей, Францияни – авлиё Мартин ҳимоя қилган. Шаҳарлар ва
қишлоқлар, касблар, ҳаттоки иллатларнинг ҳам ўз авлиёлари бор. Милан авлиё
Амвросияга таянган, Венецияга эса авлиё Марк қараган. Қувур тозаловчиларга авлиё
Флориан мадад бўлган, солиқ йиғувчиларни эса авлиё Матфей муаммолардан халос
этиб турган. Бош оғриғидан азият чекаётганда авлиё Агапияга, тиш оғриғида эса унга
эмас, балки авлиё Аполлонияга мурожаат қилиш керак.
Насронийлик авлиёлари бутпарастлик худоларига шунчаки ўхшашмайди – улар
шу худоларнинг янги образларидир. Мисол учун, насронийлик кириб келишидан аввал
ирландиялик келтларда олий маъбуда Бригид бўлган. Шаҳарни
насронийлик динига
ўтказишаётган пайтида, Бригидни ҳам чўқинтиришди ва эндиликда католик
Ирландияда энг хурмат қилинадиган авлиё Бригиттага айлантиришди.
Do'stlaringiz bilan baham: