Қўзичоқларнинг сукунати
Қадимги овчи-теримчилар анимист бўлишган, яъни оламда нафақат одамлар, балки
бошқа кўплаб бошқа жонзотлар – ҳайвонлар, ўсимликлар, парилар ва арвоҳлар
яшашларига ишонишган ва инсоний қадриятлар тизими ва нормалари бу жонзотлар
манфаатларини ҳам эътиборга олган. Мисол учун, Ганга водийси теримчилари гуруҳи
қоида ўраната олган: ҳов анави сершох анжир дарахтини чопиш ман этилади, акс ҳолда
анжир дарахтининг руҳи ғазабланади ва қасос олади. Ҳинд водийсидаги бошқа
теримчилар эса ўзгача табуга риоя қилишган: оқ думли тулкиларни овлаш мумкин эмас,
чунки бир куни шундай тулки қари жодугарга қимматбаҳо обсидианни қаердан
топишни кўрсатган.
Бу динлар маҳаллий ландшафт, иқлим, табиатнинг таниш табиий ҳодисаларига
мослашган жуда тор ва маҳаллий бўлган. Қоидадагидек, теримчилар ўзларининг бутун
ҳаётларини бир неча минг квадрат километрдан ошмаган ҳудудларда ўтказишган.
Тирик қолиш учун ҳар бир водий яшовчилари айнан уларнинг водийсида ҳукмронлик
қилган ғайриинсоний тартибни тушунишлари ва унга ўзларининг ҳулқларини
мослаштиришлари керак бўлган. Шу қоидаларни бошқа жойларда яшовчиларга боғлаш
маъносиз бўлар эди. Ҳинд қирғоғидагилар Ганга водийсига ўша ерлик аҳолини оқ
думли тулкига раҳм қилишга кўндириш учун миссионерларни юбормаган.
Аграр инқилобга, афтидан, диний инқилоб ҳамроҳлик қилган. Овчи-теримчилар
хайвонларнинг жонларини олишган, аммо ўзларига тенг кўришган. Инсоннинг қўйни
ўлдиргани далили одамларни қўйдан устун қилмаган, чунки агар йўлбарс одамни
ўлдирган бўлса, бу йўлбарс билан таққослаганда одамни ерга урмаган. Барча тирик
жонзотлар бир-бирлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишган ва қандайдир тарзда
барча учун ягона бўлган экосистемада ҳаёт қонунларини ишлаб чиқишган. Деҳқонлар
эса, аксинча, ўзларига ҳайвонлар ва ўсимликларни бўйсундиришган, уларни
бошқаришган ва қийинчилик билан бўлса-да, улар билан музокара қилишган. Демак,
аграр инқилобнинг илк диний натижаси ҳайвонлар ва ўсимликларнинг руҳий
биродарликдан гунг қуролга ўзгариши бўлди. Бироқ бундан-да жиддийроқ муаммо
содир бўлди. Деҳқонлар қўйларини тўлиқ назорат қилишдан мамнун бўлишарди, аммо
тажриба уларнинг ҳукмронлиги чегараланганлигига ишонтирарди. Улар қўйларини
оғилхонага қамашган, ахталашган, кўплаб миқдорда урғочиларини етиштиришган,
бироқ урғочилар ҳомиладор бўлишлари ва соғлом қўзи туғишларига кафолат
беришмаган, қорамоллар ўлимининг олдини ола билишмаган. Қандай қилиб подани
сақлаб қолиш ва унинг ўсишига эришиш мумкин? Кўплаб деҳқонлар жавобни
ўзларидан юқори турувчи – қудратли худоларга юзланишдан топишган. Унумдорлик
маъбудаси, самовий худо ва шифобахш илоҳлар ўзларига одамлар, тилсиз ўсимликлар
ва ҳайвонлар ўртасидаги воситачи ролини олишди. Қадимги мифология ўзининг
аҳамиятли жиҳатидан шартнома каби бўлиб, у орқали одамлар абадий худоларни
улуғлашини ўз зиммаларига оладилар ва эвазига ўсимликлар ва ҳайвонлар дунёси
устидан ҳукмронликка эришишни мақсад қилдилар. “Ибтидо” китобининг илк боблари
ҳам ҳудди шу ҳақда. Аграр инқилобдан кейинги минг йиллар давомида маросимларда
асосан илоҳий кучларга шароб ва нон, қўзиларни қурбон қилишган, ўрнига эса улар
мўл-кўл ҳосилни таъминлаши ва тўдани кўпайтириб беришлари керак эди.
Аввалига аграр инқилоб бошқа анимистик эътиқод тизими – қоя, булоқлар, руҳлар
ва жинлар каби объектлар мақомига таъсир кўрсатмади. Бироқ улар ҳам янги худолар
ҳужуми остида аста-секин чекина бошлашди. Одамлар бир неча юз, максимал минг
квадрат километр чегарасида яшаб юрган пайтларида маҳаллий руҳлар уларнинг барча
эҳтиёжларига ғамҳўрлик қила олар эди. Аммо қиролликлар ва савдонинг ўсиши билан
одамларга ўзининг қудратлилиги билан бутун бир қиролликни ёки савдо ҳудудини
қамраб оладиган кимнингдир ҳимояси керак бўлди.
Шу эҳтиёждан политеистик динлар келиб чиққан (юнон тилидан poly – кўп ва theos
– худо). Бу динлар дунёни қудратли худолар гуруҳи – унумдорлик маъбудаси, ёмғир
худоси ва уруш худоси бошқаришини таҳмин қилган. Одамлар ушбу худоларга
ёлворишган ва улар, агар маросимлардан ва қурбонликлардан мамнун бўлишган бўлса,
ёмғир, ғалаба, соғлик юборишган.
Политеизм кириб келиши билан анимизм бутунлай йўқ бўлиб кетмаган. Жинлар,
парилар, илоҳий қоялар, булоқлар ва дарахтлар кўпчилик политеистик динга
бирлашгани маълум бўлди. Бу руҳларга худоларга нисбатан жуда кам эътибор
берилган, бироқ оддий одамнинг кунлик ҳаёт тарзида улар жуда ҳам керак бўлган.
Қирол пойтахтда уруш худосига вахшийлар устидан ғалаба қозониш учун ўнлаб
кўзичоқларни қурбонликка келтираётган бир пайтда оддий деҳқон ўзининг кулбасида
анжир руҳи учун шам ёққан ва касал фарзанди ҳаётини сақлаб қолиш учун ибодат
қилган.
Буюк худолар пайдо бўлиши билан қўй ва жинлар мақоми Homo sapiens
мақомичалик ўзгармаган.
Анимизм одамни Ернинг бошқа кўплаб яшовчилари қаторида кўради, лекин
политеистлар дунёда одамлар ва худолар ўртасидаги мураккаб муносабатлар тизими
аксини кўради. Политеистлар, ибодатлар ва қурбонликлар, яхши ва ёвуз ишлар бутун
экосистема тақдирига таъсир қилади деб ишонишади. Даҳшатли тошқин миллиардлаб
чумолилар ва чигирткаларни, юз минглаб тошбақалар, кийиклар, жирафа ва филларни
шунчаки аҳмоқ одамлар худоларни ғазаблантиргани учун ҳароб қилиши мумкин.
Шундай тарзда, политеизм нафақат худолар, балки одамларнинг ҳам мақомини оширди.
Ўша қадимги анимистик тизимнинг омадсизроқ аъзолари ўзларининг ҳар қандай
муносиб мавқеъларини йўқотишди ёки умуман одамлар ва худолар ўртасида
ривожланаётган буюк драмадаги безаклар бўлиб қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |