Политеизмнинг моҳияти кенг диний толерантликка кўмаклашади. Кўпхудолилар олий
ва ҳолис куч мавжудлигига ва шу билан бир вақтда кўплаб қисман ва иштиёқли кучга
ишонишар экан, якка худолик тарафдорлари бошқа худолар мавжудлиги ва қудратини
осонлик билан тан олишади. Табиатан политеизм – “биъдатчи” ва “ғайридинларни”
таъқиб қилмайдиган очиқ дин.
Политеистлар, ҳаттоки улкан империяни забт этган бўлса-да, аҳолини ўз
эътиқодига ўзгартиришга уринишмаган. Мисрликлар, римликлар ва ацтеклар бошқа
мамлакатларга миссионерларни Осирис, Юпитер ёки Уицилопочтлига сажда қилиш
учун юбормаган ва бу учун армияларни тузишмаган. Бўйсундирилган халқлардан
худоларни ва маросимларни сўзсиз ҳурмат қилиш талаб этилган, ахир айнан шу худолар
ва маросимлар империяга қонунийлик берган. Бир вақтнинг ўзида ҳеч кимни маҳаллий
худолар ва одатлардан воз кечишга мажбурламаган. Ацтеклар қироллигида
бўйсундирилган халқлар Уицилопочти ибодатхоналарини қуришга мажбур бўлишган,
бироқ бу ибодатхоналарни маҳаллий худолар уйлари ўрнига эмас, унинг ёнидан
қурилган. Тез-тез империал элиталар ҳам ажнабий худоларни ва уларга бағишланган
маросимлари билан бирга қабул қилишган. Ҳудди шундай римликлар ҳам ўзларининг
пантеонларига Осиё маъбудаси Кибела ва Мисрнинг Изиду худосини мамнуният билан
қўшишган.
Римликлар фақатгина бир худони қўшишга астойдил қаршилик қилишган:
монотеист ва миссионерлар – насронийлар худоси. Рим империяси насронийларга ўз
эътиқодларидан
воз кечишларини таклиф этмаган, аммо империя худолари ва даҳо
императорга ҳурмат эҳтиром этишларини талаб этарди. Бу сиёсий садоқатга
тенглаштирилган эди. Қачонки насронийлар бўйсунишга ва ҳар қандай муросани
қатъиян рад этишда давом этишаётганида, римликлар бу “бузғунчи секта”ни таъқиб
қилишни бошладилар. Бироқ улар буни алоҳида ҳафсаласиз бажаришди. Исо
Масиҳнинг хочга михланганидан 300 йил ўтиб то император Констатин насронийликни
давлат дини деб эълон қилгунигача насронийларга бор йўғи тўрт маротаба катта қувғин
амалга оширилган. Ҳоким ва маҳаллий маъмурият ҳам баъзан ташаббус кўрсатиб
туришган, аммо уч аср давомида барча насронийликка қарши кечган қувғинлар
қурбонлари саналса, рим-бутпарастлар бир неча минг насронийни ўлдирган бўлиб
чиқади. Таққослаш учун: сўнгги 1500 йил ичида насронийлар муҳаббат ва раҳм-шафқат
динининг ягона тўғри талқинини ҳимоя қилиш учун, миллионлаб бошқа насронийларни
ўлдириб юборишган.
Европани XVI ва XVII асрларда вайрон қилган католиклар ва протестантлар
ўртасидаги диний урушлар ҳам даҳшатли хотиралар қолдирган. Иккала урушаётган
томонлар ҳам Масиҳнинг илоҳийлигини, раҳмдиллик ва муҳаббат
Инжилини тан
олишган. Бироқ шу муҳаббатнинг хусусиятлари жиҳатидан фикрлари бўлинган.
Протестантлар илоҳий муҳаббат нақадар беқиёслиги, хаттоки Худо одам тимсолига
кирган ва ўз танасини қийноқлар ва қатл этишга берган, шу
тарзда дастлабки
гуноҳларни ювган ва жаннат дарвозаларини Масихга эътиқод қилган барчага очган деб
ҳисоблашган. Католиклар эса эътиқодни зарур, аммо етарли эмас деб ҳисоблашган.
Шунингдек жаннатга лойиқ бўлиш учун насронийлар черков маросимларида
қатнашишлари ва эзгу амаллар қилишлари шарт. Протестантлар католикларнинг
бундай тушунчаларини қабул қилишмаган ва уни Худонинг буюклигига ва муҳаббатига
таъсир кўрсатади деб ҳисоблашган: агар инсон ўлимидан кейинги тақдири унинг ўзи
бажарган эзгу амалларига боғлиқ деб ўйласа, у ўзининг аҳамиятини ошириб юборган ва
Масихнинг хочда қийналганини, қолаверса Худонинг одамга муҳаббатини камситган
бўлади.
Бу илоҳий тортишувлар шундай шафқатсизликларга олиб келганки, XVI ва XVII
асрларда ўн ва юз минглаб католиклар ва протестантлар бир-бирларини қириб
ташлашган. 1572 йил 23 августда эзгу амалларни жуда қадрлаган француз католиклари
Худонинг одамларга муҳаббатига кўпроқ эътибор берган
француз протестантларига
ҳужум қилишган. Варфоломей туни номи билан ёдда қолган бу бир суткада беш
мингдан ўн минггача протестантлар ўлирилган. Бу хабарни эшитган Рим папаси
хурсанд бўлиб, байрам ибодатини тайинлаган ва Жоржио Вазарига уруш саҳналарини
абадийлаштириш учун деворий сурат буюртирган (эндиликда Ватиканнинг бу хонаси
ташриф буюурувчилар учун ёпиқ) 24 соат ичида насронийлар қўлидан – ўзгача қарашда
бўлсин ҳам – бутун Рим империси тарихидаги қувғинларданда кўра кўпроқ
насронийлар ўлиб кетган.
Do'stlaringiz bilan baham: