12-боб. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЗАХИРАЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ
12.1. Ишлаб чиқариш захиралари ҳисобининг вазифалари, уларни туркумлаш ва баҳолаш
Корхоналар ўз ишлаб чиқариш фаолиятларини амалга ошириши учун маълум миқдорда ишлаб чиқариш захираларига эга бўлиши керак. Ишлаб чиқариш захиралари хўжалик юритувчи субъектнинг ишлаб чиқариш фаолиятини нормал давом этишини таъминлайди. Уларнинг таркибига материаллар, хом-ашё, эҳтиёт қисмлар ва бошқалар киради.
Ишлаб чиқариш захиралари, асосий воситалардан фарқли равишда, бир ишлаб чиқариш жараёнида қатнашиб, ўз қийматини ишлаб чиқарилган маҳсулот қийматига шу даврнинг ўзида тўла ўтказади. Материаллар билан биргаликда, хом-ашё, асосий ва ёрдамчи материаллар, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар корхона оборот активларини ташкил қилади. Корхона учун зарур бўладиган оборот маблағларининг умумий миқдори тегишли вазирликлар томонидан белгиланади. Материалларнинг ҳар бир тури бўйича нормативларни корхонанинг ўзи мустақил белгилайди. Ҳар бир корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнининг тўхтовсиз давом этиб туришида белгиланган нормативларга риоя қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Иктисодиётни эркинлаштириш шароитида корхоналарда ишлаб чиқариш захираларидан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, уларнинг оқилона сарфланишига риоя қилиш, маҳсулот таннархида моддий харажатларнинг салмоғини минималлаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилади. Энг аввало, материалларни тўғри, тежамли сарфлаш корхона фаолиятини ривожлантиришда ва бу орқали мамлакат иқтисодиётини гуллаб-яшнашида, аҳолининг моддий фаровонлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш захираларини ҳисобга олишнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
* Ишлаб чиқариш захиралари ҳаракати билан боғлик, муомалаларни ўз вақтида тегишли ҳужжатларда расмийлаштириш;
* Ишлаб чиқариш захираларининг тўғри сақланиши устидан назорат олиб бориш;
* Ишлаб чиқариш захираларининг ишлаб чиқаришга тўғри сарфланиши ҳамда уларни сарфлаш меъёрларига риоя қилиш устидан узлуксиз назорат олиб бориш;
* Махсулот таннархини ҳисоблашда сарфланган материалларни калькуляция объектлари ўртасида тўғри тақсимлаш.
Корхонада ишлаб чиқариш захираларини ҳисобга олишни енгиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида уларни туркумлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш захиралари улардан фойдаланишнинг иқтисодий мазмунига кўра қуйидаги гуруҳларга буўинади:
* Хом-ашё — маҳсулотнинг моддий асосини ташкил этадиган меҳнат ашёларидир. Масалан, пахта, руда ва бошқалар;
Do'stlaringiz bilan baham: |