22.4-расм. Эҳтимол қилинаётган фойда тақсимотини
тавсифловчи эгри чизиқ
Таваккалчиликнинг эгри чизиғини чизиш, ундаги ҳавф зоналарини аниқлаш, таваккалчилик самарадорлигига баҳо бериш бир қатор усулларини қўллашни талаб қилади. Улар қуйидагилар:
статистик усул;
эксперт усули;
аналитик усул.
Статистик усул – ёрдамида ўхшаш фаолият билан шуғулланадиган хўжаликларда кўриладиган зарар, унинг даражалари ва такрорланиб туриш ҳоллари ўрганилади.
Эксперт усули – ёрдамида тажрибали тадбиркорлар фикри йиғилади, у қайта ишланади, менежер ва мутахасисларнинг аниқ тижорат операцияларида хавфнинг кутилиши даражалари тўғрисидаги фикрлари таҳлил қилинади.
Аналитик усул – эҳтимоллар назарияси, ўйинлар (теории игр) назариясидаги математик моделларни қўллашга асосланади.
Таваккалчиликни бошқариш фаолияти менежмент соҳасида энг тез ривожланиб бораётган профессионал фаолият ҳисобланади. Ғарб фирмаларининг штатида айнан шу хавфни камайтиришга жавоб берувчи таваккалчилик бўйича лавозим мавжуд (таваккалчи-менежер). Улар фирма раҳбарлари билан бир қаторда хавф-таваккалчилик бўйича қабул қилинадиган қарорларда қатнашадилар ва унинг оқибати учун баб-баробар жавоб берадилар. Таваккалчиликни бошқариш қуйидаги фаолиятларни ўз ичига олади:
таваккалчиликни аниқлаш, таҳлил қилиш ва унинг даражасини баҳолаш;
таваккалчиликни огоҳлантирувчи тадбирларни ишлаб чиқиш, уни минималлаштириш ва суғурталаш тадбирларини белгилаш;
таваккалчилик оқибатида кўрилган зарарларни қоплаш ва корхонани тиклаш йўлини излаш.
Булардан ташқари таваккалчиликни стратегик бошқариш юзасидан қуйидаги саволларга жавоб топиш зарурдир:
корхона айнан қайси бир турдаги таваккалчиликни ўз фаолиятига қўллаши керак?
шу сингари таваккалчиликни бошқариш учун қайси бир усулларни қўллаш маъқул?
корхона ўз зиммасига қай даражадаги таваккалчиликни олиши мумкин?
Аммо таваккалчиликни бошқариш стратегиясини белгилаб олишнинг ўзи етарли эмас. Бундан ташқари, бу стратегияни амалга ошириш механизмини, яъни таваккалчиликни бошқариш тизимини ишлаб чиқиш лозим. Бу қуйидагилардан иборат:
қабул қилинадиган қарорларни самарали баҳолаш ва уни назорат қилиш тизимини яратиш;
корхонада таваккалчиликни бошқариш учун махсус бўлимни ташкил қилиш ёки шахсни тайинлаш;
таваккалчиликни суғурталаш, зарар ва йўқотишларни қоплаш учун махсус маблағлар ва захиралар ажратиш.
Амалиётнинг тасдиқлашича, бу тадбирлардан ташқари, таваккалчиликни бошқариш бўйича махсус қўлланмалар ишлаб чиқиш тақозо этилади. Айнан шу қўлланмада ҳар бир бўлим ва менежерларнинг таваккалчиликка бориш меъёрлари кўрсатилган бўлади.
Таваккалчиликни бошқаришда асосан икки усул қўлланилади:
таваккалчиликни огоҳлантириш ва уни чегаралаш усули;
зарарни қоплаш усули.
Таваккалчиликни пасайтириш усуллари қуйидагилардан иборат:
қарор қабул қилиш муқобиларини ва таваккалчилик даражасини обдон экспертизадан ўтказиш;
таваккалчиликнинг муайян даражасини белгилаш (лимитлаш), яъни муайян қарорни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар суммасини ўрнатиш;
қарздорнинг мажбуриятларини бажарилишини таъминлаш учун турли-туман кафолат ва қарз операцияларидан фойдаланиш.
Таваккалчиликни диверсификациялаш, яъни:
корхона капиталини турли фаолиятларга инвестициялаш (12 тадан кам бўлган компания тавсия этилади);
турли кўринишидаги қимматли қоғозларга инвестиция қилиш (8–20 кўриниш маъқул сон ҳисобланади);
инвестиция портфели таркибини оптималлаштириш (1/3 катта фирмалар, 1/3 ўрта ва 1/3 кичик);
товар етказиб берувчиларни (камида 2 та, агар 3–4 та бўлса янада яхши бўларди) кўпайтириш;
бозорнинг бир қанча сегментларига товар ва хизматларни сотиш, яъни истеъмоллар категорияларини, мижозлар ва турли регионларни қамраб олиш;
қадрли молларни турли жойларга саралаш ва ҳоказо;
юқори даражадаги фойда олиш, таваккалчилик хавфини ошириб юборишни назарда мўлжал олиш;
кутилиши мумкин бўлган зарар олдини олиш ва уни аниқлашнинг самарали назорат қилиш тизимини қўллаш.
Иккинчи усул, яъни зарарни қоплаш учун қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:
Махсус захира ва суғурта фондларини ташкил қилиш;
Таваккалчиликни суғурта ташкилотларида суғурта қилдириш.
Таваккалчиликнинг миқдорий ўлчови зарарнинг мутлоқ ва нисбий кўрсаткичлари билан ифодаланади. Мутлоқ ифодаланиш натурал ёки қиймат кўринишда, нисбий ифодаланиш эса кутилиши мумкин бўлган зарарнинг капитал, ҳаражатлар суммаси ёки фойдага нисбати кўринишида бўлади.
Таваккалчилик корхонаси банкротликка олиб борадими ёки аксигами - бунинг миқдорий ўлчовини билиш ўта зарур. Шу мақсадда таваккалчилик коэффициенти ҳисобланади:
бу ерда:
Кт - таваккалчилик коэффициенти;
З - максимал имконият даражасидаги зарар;
ЖМ - жами маблағлар суммаси.
Эмпирик тадқиқотларнинг кўрсатишича, таваккалчилик коэффициентининг оптимал даражаси 0,3; корхонани банкротликка олиб борадиган даражаси эса 0,7 ни ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |