20 “Темур тузуклари” ва унинг аҳамияти.
Амир Темур ҳаётлик давридаёқ унинг ҳарбий санъати ва давлат бошқариш услубига бағишланган махсус асар яратилиб, у «Темур тузуклари» номи остида шухрат топди. Темур тузуклари икки қисм, 56 банддан иборат тарихий ва ҳуқуқий асар ҳисобланади. Бу асардан кўплаб шарқ ҳукмдорлари ўзларининг фаолиятлари давомида фойдаланган ва унга юқори баҳо берганлар. Жумладан Шоҳжаҳон (1628-1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1621-1842), Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885-1910) «Тузук»дан парчалар кўчиртириб, улардан ўз фаолиятларида фойдаланганлар.Темур тузуклари эски ўзбек тилида ёзилган бўлиб, 1610 йилда форс тилига таржима қилинди ва дунёга «Тузуки Темурий» (Темур тузуклари) номи билан тарқалди. Бизга унинг форс тилидаги нусхаси ва форс тилидан ўзбек тилига таржимасининг уч нусхаси етиб келган. Энг тўлиқ нусхаси «Молфузоти Темурий» деб номланган ва у Россиянинг Санк-Петербург шаҳридаги Салтиков - Шчедрин номли кутубхонасида сақланмоқда. Ушбу нусха Тошкентда 2000 йили чоп этилди. Темур тузуклари 1783 йили француз, 1785-1791 йилларда ҳинд, 1863 йили форс, 1787 йили урду, 1894,1934 йили рус ва 1857 йилларда туркий тилда чоп этилди. Темур тузуклари ҳозирги ўзбек тилида 1967 йили «Гулистон» журналида ва 1991 йил /офур /улом нашриётида босилиб чиқди. Соҳибқирон тузуклари 1996 йили Тошкентда ўзбек, инглиз ва француз тилларида қайта нашр этилди. «Тузуклар»нинг биринчи қисмида Амир Темурнинг етти ёшидан то вафотига қадар (1342-1405 йил 18 февраль) кечган ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Мовароуннаҳрда Марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, ижтимоий тарқоқликка барҳам бериши ва марказлашган давлат тузиши, қўшни юрт ва мамлакатларни, масалан, Эрон ва Афғонистонни ўз тасарруфига киритиши, Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон устидан ғалабаси, буюк жаҳонгирнинг Озарбайжон, Туркия ва Ҳиндистонга қилган ҳарбий юришлари ихчам тарзда баён этилган. Иккинчи қисми Соҳибқироннинг номидан айтилган ва унинг тожу тахт ворисларига аталган ўзига хос васият ва панду насиҳатларидан иборатдир. Унда давлатни идора қилишда кимга таяниш, тожу тахт эгаларининг бурчи ва вазифалари, вазир ва қўшин бошлиқларининг бурчи ва вазифалари, амирлар ва бошқа мансабдорларнинг тожу тахт олдида кўрсатган алоҳида хизматларини тақдирлаш тартиби ва ҳоказолар ҳақида гап боради. Темурнинг муҳим хислатларидан бири шу эдики, у доимо эсли-хушли кишилар билан маслаҳатлашар, уларнинг фикрини инобатга олиб мустақил бир хулосага келар эди. У ўз атрофига турли тоифадаги маслаҳатгўйларни тез-тез тўпларди, айримлари билан яккама - якка фикрлашар эди, пирларининг маслаҳатларига эҳтиром билан қарарди. Темур давлатни идора қилишда халқнинг барча табақаларига таяниш лозимлигини алоҳида таъкидлайди. Темур Мовароуннаҳрда ҳокимиятни ўз қўлига олгач, унинг дастлабки тадбирларидан бири режали равишда қурултойлар ўтказиш бўлган. Ўша даврнинг тарихчиси Шарофиддин Али Яздий «Зафарнома» асарида Темур томонидан Қаршида, Қорабоғда, Самарқандда, Балҳда ва бошқа жойларда ўтказилган қурултойлар ҳақида маълумот беради. Бу анжуманларда барча шахзодалар, маъмурий раҳбарлар, ҳарбий бошлиқлар ва зодагонлар иштирок этар эди. «Темур тузуклари»да давлатни идора қилишга оид 12 қоида баён этилади. Бу қоидалар қуйидагилардан иборат: 1. Ислом дини ва шариат қоидаларига, қонунларига риоя қилиш, уни қўллаб - қувватлаш. 2. Давлатнинг, мамлакатнинг устунларини ташкил қилган турли табақалар, тоифалар билан бамаслаҳат иш кўриш. 4. Давлат ишларини бошқаришда қонунларга бўйсиниш. 5. Амирлар ва сипоҳийлар билан яхши муносабатда бўлиш. 6. Турк, тожик, арабу ажамнинг турли тоифаларига миллий муносабатда бўлиш. 7. Барча қариндош - уруғ билан яхши муносабатда бўлиш (мартабасидан қатъи назар). 8. Сипоҳийларни ҳурмат қилиш. Темур тузукларида давлат тузилишининг асосий бўғинлари, уларнинг вазифалари, вазирлар фаолияти, турли хил ижтимоий гуруҳлар, табақаларга муносабат, қўшин тузилиши, молия ва солиқ сиёсати, мулкий муносабатлар ҳамда шу сингари долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари аниқ-равшан ифодаланган. Шунингдек, тузукларда ҳар бир масалани, воқеа, ҳодисаларни тахлил этишда холис йўл билан ёндашиш, фуқаро аҳлига жабр қилмаслик, юртга хиёнат қилмаслик, дину диёнатга, қонун устуворлигига қатъий амал қилиш, адолат ва ҳақиқат мезонлари билан фаолият юритиш лозимлигини қайта-қайта таъкидлаб ўтилган. Амир Темур қанчалик қаттиққўл, шижоаткор ҳукмдор бўлмасин ва ўзи мансуб бўлган ҳукмрон табақа манфаатларини кўзламасин, бироқ у ҳамиша адолат, ҳақиқат йўлини маҳкам тутиб, қонунчилик томонларига қатъиян риоя қилган ҳолда сиёсат юргизишга, эл, улус манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. 1998 йил июнда тарихчи олимлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ислом Каримов Темур тузуклари мазмунини таҳлил этиб, «Бу асар давлат, салтанат, жамият бошқарувига оид мумтоз асар», -деб юксак баҳо берди. Шундай қилиб, давлатни оқилона ва одилона бошқариш санъати баён этилган Амир Темурнинг бу асари бугунги кунда ҳам юксак мазмуни, долзарблиги ва моҳиятини йўқотган эмас, аксинча, у бизга кўп жихатдан мезон бўлмоқда. Демак Амир Темур тузуклари, унинг бой ҳаётий тажрибаси бугунги авлодлар учун катта қадрият, буюк мерос ва шу боис у халқимизга беқиёс сафарбарлик руҳини бахш этмоқда, янги ютуқларга илҳомлантирмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |