10. Ўрта Осиёга араблар истилоси ва улар хукмронлигининг оқибати. Ислом динининг ёйилиши
VII-VIII асрларда марказлашган Араб халифалиги Миср, Сурия, Фаластин, Ироқ, Византия ва Эронни бўйсундириб, кучли империяга айланади. Халифалик Ўрта Осиё ерларига ҳам етиб келди. Араблар Амударё (Жайхун)нинг шимолида жойлашган ерларга «Мовароуннаҳр», яъни «дарёнинг ортидаги ерлар» деб ном беради. Ҳозирги Афғанистоннинг шимоли, Эроннинг шимоли-шарқий қисми ҳамда Жанубий Туркманистондан то Амударёгача бўлган ҳудудлар эса Хуросон деб юритилган. Аввал бошда Хуросоннинг марказий шаҳри Марв, кейинчалик Ҳирот бўлган. Арабларнинг Мовароуннаҳрга қарши ҳарбий юришлари ўз мақсад ва режалари билан 2 даврга бўлинади. 1-даврда ҳалифалик истило этишни эмас, балки ҳарбий жиҳатдан тайёргарлик кўриш, маҳаллий ҳукмдорлар куч-қудратини синаб кўриш, географик, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий жойлашувини ўрганиш, кичик юришлар орқали ўлжалар орттириш режасини амалга оширади. Бу давр 650-704 йилларни ўз ичига олади. 704 йили халифалик томонидан янги тайин этилган Хуросон ноиби Қутайба ибн Муслимга Мовароуннаҳрни буткул эгаллаш ва қатъият билан ҳаракат қилиш топширилади. 705-715 йиллар оралиғида бутун Мовароуннаҳр босиб олинди. Ўрта Осиё босиб олинганидан сўнг бу ҳудудларни бошқариш маркази Марв шаҳри бўлиб қолган эди. Бу ерда халифаликнинг ноиби турган ва у Мовароуннаҳр ва Хуросонни идора қилган. Деҳқонлар халифалик ноибининг маҳаллий аҳоли орасидан бўлган вакилига бўйсунганлар. Бундай кишилар амир унвонига эга ҳисобланар эдилар.Халифа давлатни бошқаришда вазир ул-вузаро (улуғ вазир)га таянган. Ҳарбий ишлар, умуман, ҳарбий қўшинлар амир ул-умаро қўли остида бўлган. Халифа турли масалаларни девон ад-дар, яъни кенгашда кўриб чиқар эди. Девон ад-дар учта асосий девонга бўлинган, улар девон ал-машриқ, девон ал-мағриб ва девон ал-хараждан иборат бўлган. Мовароуннаҳрга тегишли масалалар девон ал-машриқда ҳал этилар эди. Деҳқонлар орасида ер-мулк, шахсий уй-жой ва қўрғонлар масаласида низо ва жанжаллар чиқиб қолса, муаммони халифа ҳал қилар эди. Ҳар бир ҳуқуқий муаммо ислом қонун-қоидаларига биноан кўриб чиқилган. Ислом ҳуқуқшунослигининг асосини шариат ташкил қилган. Шариат асосан қуйидаги манбаларга таянади:Қуръони Карим - мусулмонларнинг муқаддас китоби.Хадиси Шариф - Муҳаммад пайғамбарнинг насиҳатлари, кўрсатмалари ва фаолияти билан боғлиқ аҳлоқий-ҳуқуқий меъёрлар. Иродали халифаларнинг одил қарорлари ва фармойишлари. Жамоада нуфузли,обрў-эътиборли мусулмон ҳуқуқшуносларнинг турли саволларга жавоблари ва тавсиялари. Юқоридаги муҳим манбалар қаторида шариатда урф-одатлар билан ҳам ҳисоблашилган. Удумлар турли халқларда ҳар хил бўлганлиги сабабли, улар шариат асосларига мос ҳолда қабул қилинган. Ўрта Осиё халқларининг зардуштийлик давридан сақланиб қолган маросимлари, тўйлардаги айрим удумлар, байрамлар ва шунга ўхшаш анъаналар ислом дини билан мувофиқлаштирилган. Иқтисодий ҳаётни ўз қўлларидан чиқармаслик мақсадида араблар бу ерда сосонийлар тартибидаги солиқ тизимини жорий қилдилар. Бу тизимга ер солиғи-ҳирож, чорва, ҳунармандчилик, савдо-сотиқдан закот ҳамда Исломни қабул қилмаган шахслардан олинадиган жузъя солиғи ҳам қўшилди. Бағдоддан махсус солиқ йиғувчи Бухорога келиб солиқларни ўзи жамлаб олиб кетган. Солиқлар пул ёки маҳсулот шаклида тўланиб турилган. Хирож халифаликнинг мулки ва хазинага тушадиган даромаднинг асосини ташкил этар эди. Ер солиғининг бир қисми суғориш иншоотлари барпо этишга сарфланган, бошқа қисми эса халифа хазинасини тўлдирар эди. Солиқ ундириш оғир кечган. Солиқ йиғувчиларнинг ўзбошимчаликлари, талон-тарожлик, урушлар, табиат инжиқлигидан зарар кўрган аҳолининг кўп қисмининг хонавайрон бўлишига олиб келади. Мовароуннаҳрда бу жараён ижтимоий тоифалар орасидаги фарқни кескин ўзгартиради ва турли-туман зиддиятларга сабаб бўлади. Шунингдек, исён кўтарган ва қўзғолонларда қатнашган аҳолининг мулклари тортиб олинар, ўзлари қатл этилар, улар жойлашган ерлар иқта тариқасида ҳарбийлар ва амалдорларга бўлиб берилар эди. VIII аср ўрталарига келиб Мовароуннаҳр ҳудудида сиёсий бошқарув араб халифалиги сиёсий тизимига мослаштирилган эди. Суғдиёнада бухорхудотлар ва бошқа ҳукмдорларнинг қўли остидаги маъмурий-идора усули ўз шаклини сақлаб қолган бўлишига қарамай, ҳокимларнинг халифа ноибига итоат этишлари шарт эди. Маҳаллий давлат бошлиқларининг кўпчилиги ўз ҳуқуқлари ва имтиёзларини сақлаб қолишга ҳаракат қилган эдилар. Шу тарзда араблар Мовароуннаҳр сиёсий тизим ва диний эътиқодига ўз таъсирини ўтказа олди.
Do'stlaringiz bilan baham: |