8. Эфталийлар давлати (V-VI асрлар) Ерга эгалик муносабатларининг бошланиши.
Кушонлар давлати инқирозидан сўнг бошланиб кетган тарқоқлик оқибатида ҳар бир воҳада алоҳида давлатчалар пайдо бўлди. Бу давлатчаларнинг ҳукмдорлари ҳар хил ҳудудда турлича номлар билан юритилган: Бухорода бухорхудот, Чоғаниёнда чоғанхудот, Вардонзида-вардонхудот, Тошкентда тўдан, Самарқанд ва Фарғонада-ихшид, Устрашонада-афшин, Хоразмда хоразмшоҳ, Илоқда деҳқон ва ҳоказо. Бу ҳукмдорларнинг, одатда, ўз ҳарбий кучлари чокарлари бўлган. Марказий ҳокимият ана шу ҳукмдорлар уюшмасидан ташкил топган эди. Мамлакатимиз ҳудудида илк ўрта асрлар даврида ташкил топган йирик давлатлардан бири Эфталийлар давлатидир. Эфталийларнинг этник жиҳатдан қайси қабила - халққа мансублиги, тиллари тарихда етарлича тадқиқ қилинган эмас.Муарриҳлар эфталийларни асли Ўрта Осиёда илгаридан яшаб келган сак-массагет ва хунн қабилаларининг бирикмасидан келиб чиққан деб ҳисоблайдилар. «Эфтал» сўзи эса эфталийлар шоҳи Вахшунвор Эфталон номи билан боғлиқдир. Вахшунвор 457 йилдан эътиборан Чоғаниён, Тохаристон, Бадахшонни ўзига бўйсундириб, Ўрта Осиёда катта давлатга асос солди. V асрнинг иккинчи ярми ва VI аср бошларида Эфталийлар давлати ҳудудларига Ўрта Осиё, Шарқий Эрон, Шимолий Ҳиндистон ва Шарқий Туркистон ерлари кирар эди. Эфталийлар замонида салтанат якка ҳукмдор томонидан бошқарилган. Давлат бошқарув типи конфедератив подшоҳлик бўлиб, бошқарув шакли чекланган монархия бўлган. Тахт ворисини аниқлаб, тақдим этадиган кенгаш мавжуд бўлган. Бу кенгаш сулоланинг мўтътабар вакиллари, амирлар, йирик арконлардан иборат бўлган. Катта ҳудудни эгаллаган бу давлатда баъзи катта вилоятлар маҳаллий сулолалар томонидан бошқарилган. Эфталийларнинг ҳарбий қўшинлари катта кучга эга бўлган. Аскарлари қўлида ҳарбий қурол-яроғлардан гурзи, ўқ-ёй ва, асосийси, қилич муҳим ўрин тутган. Улар лашкарларининг асосини отлиқ аскарлар ташкил этган. Сосонийларнинг шарққа юришлари эфталийларнинг қаршилиги туфайли тўхтади. Улар Эрон подшоҳларининг ички сиёсатига ҳам аралашиб турдилар, ҳатто шоҳлардан қайси бирини сайлаш ва тайинлаш масаласини ҳал қилиш уларнинг қўлида бўлган. Эрон давлати ҳал йили эфаталийларга ўлпон тўлаб турган. Бу даврда жамиятда ерга эгалик муносабати шаклланаётган бўлса-да, қуллар меҳнатидан фойдаланиш давом этган. Қарор топаётган ерга эгалик қилиш муносабатларига кўра, катта ерларни эгаллаб олганлар деҳқон номи билан аталган. «Деҳқон» қишлоқ ҳокими маъносини англатган. Ўзининг кичикроқ ерида хўжалик юритганлар кашиварзлар, еридан ажралиб қолиб деҳқон хўжаликларида ёлланиб ишлаганлар кадиварлар деб номланган. Эфталийларнинг бир қисми кўчманчи бўлиб, чорвачилик билан шуғуллансалар, асосий қисми шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган ўтроқ аҳоли бўлган. Суғориладиган ер майдонларининг маълум бир қисми феодал муносабатларнинг қарор топа бошлаши билан мулкдор зодагон табақа вакллари -«деҳқонлар» қўлига ўта бошлаган. Бу эса эркин деҳқонларнинг зодагон деҳқонларга қарам кадиварларга айланишига асос бўлган. Эфталийлар қасрлар қурилишига аҳамият берган. Бу даврда қурилган қасрлар 2 қаватли, шипи текис, гумбазсимон ва равоқсимон қилиб ёпилган бир неча хонадан иборат бўлган. Эфталийлар даврида хунармандчиликнинг кулолчилик, шишасозлик, чилангирлик, бўзчилик, заргарлик, қуролсозлик каби турлари яхши тараққий этган. Чочда ясалган ўқ ва ёй «камони чочий» номи билан машҳур бўлган. Эфталийлар Эрон, Византия, Ҳиндистон, Хитой каби мамлакатлар билан элчилик, савдо-сотиқ муносабатларини олиб боришган. Шундай қилиб, V-VI асрларда юртимизда эфталийлар сулоласи 100 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди. Бу сулола вакиллари тарқоқ мамлакатни бирлаштириб, сиёсий, иқтисодий, маданий муносабатлар ва ташқи алоқалар тараққиётининг юксалишига эришди.
Do'stlaringiz bilan baham: |