2. Давлат мажбурий шахсий суғуртаси турлари
Ўзбекистон Республикасида шахсий суғурта давлат томонидан мажбурий ва жамият аъзолари томонидан ихтиёрий тартибларда амалга оширилади. Биз қуйида мамлакатимизда амал қилаётган шахсий суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий турларидан айрим, йирик ва оммалашганларини тартиб-қоидаларини кўриб ўтамиз.
Транспортда қатновчи йўловчилар мажбурий суғуртаси.
Йўловчиларнинг мажбурий шахсий суғуртасини ўтказиш ва суғурта тўловлари бўйича транспорт ташкилотлари билан ҳисоб-китоб қилиш қоидасига асосан суғурта пули чипта нархи таркибига киритилади ва йўловчилардан энг кам ойлик иш ҳақининг 0,2 %и миқдорида олинади. Йўловчиларнинг мажбурий суғуртаси шаҳар атрофида қатнайдиган темир йўл ва автомобиль транспорти, шаҳар автомобиль транспорти бир вилоят доирасида 50 км масофага (шу ҳисобда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича) қатнайдиган йўловчиларга татбиқ қилинмайди.
Йўловчи транспорт воситасидан фойдаланаётганда, учиш вақтида, шунингдек вокзал, аэропорт, станцияда (кутиш хонасида) чиқиш эълон қилинишини кутиб турган пайтидан то манзилига етиб борганига қадар ўтган вақт ичида юз берган бахтсиз ҳодисалар натижасида умумий меҳнат қобилиятини тўлиқ (100 фоиз) доимий йўқотган бўлса, унга амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баробари миқдорида суғурта қопламаси тўланади, умумий меҳнат қобилиятини қисман йўқотганда эса, суғурта пулининг меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасига мос равишда тўланади.
Транспортда бепул қатнайдиган йўловчилар суғурта бадали тўламасалар ҳам суғурталанган ҳисобланадилар. Умумий суғурталанувчи йўловчига тўланадиган суғурта қопламаси амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баробари миқдоридан ошмаслиги керак. Йўловчи ҳалок бўлганда унинг меросхўрларига ҳам кўрсатилган миқдорда суғурта қопламаси тўланади. Агар йўловчи ўз айби билан тан жароҳати олган бўлса, у ҳолда тегишли суғурта қопламаси тўланмайди.
Ҳарбий хизматчиларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси.
Ҳарбий хизматчилар ва мажбурий ҳарбий хизмат таркибидагилар, шунингдек улар билан бирга йуналишда хизмат вазифаларини бажарувчилар (ички ишлар ва хавфсизлик органлари) хизматни ўташ, ҳарбий йиғинлар даврида ҳалок бўлиш, жароҳатланиш (шу ҳисобда контузия), касалланиш ҳолларидан мажбурий тартибда суғурталанадилар.
Суғурталаш Мудофаа, Ички ишлар вазирликларига бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Суғурта ҳарбий хизматни ўташ даврида ва хизматдан бўшагандан кейин бир йил давомида амал қилади. Суғурталанган шахс вафот қилганда амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баробари миқдорида меросхўрларга суғурта қопламаси тўланади. Хизмат даврида ёки хизматдан бўшагандан кейин бир йил мобайнида содир бўлган ҳодиса учун кўрсатилган қопламанинг 75 фоизи, 2-гуруҳ ногиронларига 50 фоизи, 3-гуруҳ ногиронларига 30 фоизи миқдорида белгиланади.
Агар хизмат вазифасини ўташ вақтида оғир жароҳатланган бўлса, амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баробарининг 20 фоизи миқдорида ва енгил жароҳатланганда 10 фоизи миқдорида суғурта қопламаси тўланади.
Кўмир, нефть, газ қазиб олиш ва геология-қидирув ишлари тизими ходимларининг мажбурий шахсий суғуртаси.
Оғир саноат тармоқларидаги хиссадорлик жамиятлари ўз соҳаларида ишловчи ҳар бир ходим учун, ҳатто ишга янги ходим қабул қилинганда ҳам, амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида суғурта ташкилотларига бадал ўтказадилар, бошқариш харажатларини ҳам қоплайдилар.
Суғурталанган шахс хизмат вазифасини адо этаётганда ҳалок бўлса, унинг меросхўрларига амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 36 баробари миқдорида, ногирон бўлиб қолса, белгиланган ногиронлик даражасига қараб қуйидаги миқдорда суғурта пули тўланади:
1-гуруҳ ногиронига – амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 36 баробари ҳажмидаги суғурта пулининг 50 фоизи;
2-гуруҳ ногиронига – амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 36 баробари ҳажмидаги суғурта пулининг 30 фоизи;
3-гуруҳ ногиронига – амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 36 баробари ҳажмидаги суғурта пулининг 20 фоизи.
Суғурталанган шахс билан юз берган, аммо унинг ногирон бўлиб қолишига олиб келмаган бахтсиз ҳодисанинг оқибатлари муносабати билан нафақалар шу йуналишдаги махсус услубий кўрсатма асосида ҳисобланади.
Транспорт тармоқлари хизматчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси.
Ҳар бир транспорт тармоғи бу соҳада ўз қоидасига эга. Масалан, парвозларда қатнашувчи учувчилар ва техника хизматини кўрсатувчи ходимлар мажбурий тартибда суғурталанадилар.
Суғуртага тортилиши зарур бўлган ҳар бир тоифадаги ходимлар учун суғурта пуллари ва бадаллари қуйидаги миқдорларда белгиланади:
1.техника хизмати кўрсатувчи ходимлар учун:
- суғурта пули - амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 80 баробари миқдорида;
- суғурта бадали - амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида.
2.хизмат кўрсатувчи ходимлар учун:
- суғурта пули - амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баробари миқдорида;
- суғурта бадали - амалдаги энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида.
«Ўзбекистон темир йуллари» давлат акционерлик компанияси ходимлари учун ана шундай миқдорда суғурта пули ва нафақа белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |