Назорат учун саволлар
“Кўчмас мулк” атамасининг моҳиятини очиб беринг.
Инвестициявий ипотека трасти нима?
Гаровга оид ҳужжатнинг мазмун – моҳияти қандай?
Интеллектуал мулк объектлари жумласига нималар киради?
Мулкни баҳолаш асослари деганда нима тушунилади?
2-мавзу. Қиймат турлари, мулкни баҳолаш мақсадлари ва тамойиллари
2.1. Баҳолаш объекти сифатида мулкий мажмуа тушунчаси
Мамлакатда бозор муносабатларининг ривожлангани сари товарнинг бозордаги ҳаракатини таъминлаб берувчи уларга ҳамроҳ бўладиган хизматлар хилма-хиллиги ҳам ошиб бормоқда. Улардан бири бўлиб қийматни баҳолаш ҳисобланади ва у турли мулкчилик шаклидаги ташкилотларнинг мулклари билан тижорат операцияларни амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида амалга оширилади.
Ҳар қандай мулкчилик объектининг қийматини баҳолаш деганда шу объект томондан муайян вақтда муайян бозор шароитида олиб келинадиган потенциал ва реал даромадни ҳисобга олган ҳолда объектнинг қийматини пуллик ифодасини топиш борасидаги мақсадга йўналтирилган, тартибга солинган жараён тушунилади.
Баҳолаш жараёни баҳоланаётган объект ва баҳоловчи субъектнинг борлигини назарда тутади.
Баҳолаш субъекти бўлиб махсус билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлган профессионал баҳоловчилар хизмат қилади.
Баҳолаш объекти бўлиб унинг эгасида мавжуд бўлган ҳуқуқлар билан биргаликда олиб қараладиган ҳар қандай мулкчилик объекти хизмат қилади. Бу бизнес, компания, корхона, фирма, банк, ҳам моддий, ҳам номоддий бўлган активларнинг баъзи турлари бўлиши мумкин.
Мулкни баҳолаш миллий стандарти МБМС №1 (Баҳолашнинг умумий тушунчалари ва тамойиллари) томонидан баҳолаш объектига қуйидагилар киритилган:
ашёлар (кўчириб бўладиган ва кўчмас мулк, пуллар, қимматли қоғозлар), шу жумладан мулкий ҳуқуқлар;
амаллар (ишлар ва хизматлар);
ахборот;
интеллектуал фаолият натижалари, шу жумладан уларга бўлган алоҳида ҳуқуқлар (интеллектуал мулк);
номоддий неъматлар.
Баҳолаш мақсадида мулк – уни қуйидаги гуруҳлар бўйича синфлаш мумкин:
кўчмас мулк;
кўчириб бўладиган мулк;
бизнес;
молиявий манфаатлар.
Юридик тушунча сифатида мулк –– ушбу шахс қатнашаётган ҳамда баҳоланиши лозим бўлган юридик муносабатлар мажмуаси.
Баҳоланиши лозим бўлган юридик муносабатларни ўз навбатида кўпинча мулкий муносабатлар деб аташади.
Бирор бир шахсга тегишли бўлган мулкнинг таркиби қуйидагилардан иборат:
Актив:
а) шахсга мулк ҳуқуқи бўйича ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ бўйича тегишли бўлган ашёлар мажмуаси;
б) бошқаларнинг ҳаракатларига нисбатан бўлган ҳуқуқлар мажмуаси (қарздорлик мулки)
Пассив:
а) бошқа шахсларга тегишли бўлган, бироқ вақтинча ушбу шахснинг тасарруфида бўлган ашёлар мажмуаси;
б) ушбу шахсда мавжуд бўлган мажбуриятлар мажмуаси.
Шундай қилиб, ҳар бир шахс мулкка эга бўлади ва ҳар бир шахс фақатгина битта мулкка эга бўлади.
Юридик муносабатлар мажмуаси сифатидаги мулк тушунчаси жисмонан боғланмаган, бироқ умумий ном билан бирлаштирилган ва бир яхлит ҳолда (музей, дўкон, кутубхона ва ҳоказо) намоён бўладиган ашёлар мажмуаси билан тенглаштирилмаслиги лозим, чунки биз томондан кўриб чиқилаётган тушунча – умуман ашёлар тўплами эмас, балки муайян етакчилик, ашёлар тўплами ёки алоҳида битта ашёга нисбатан мавжуд бўлган муносабат орқали юзага келадиган юридик ва иқтисодий муносабатлар тизимидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |