Даромадли ёндашув ақлли харидор баҳоланаётган кўчмас мулк объекти, инвестиция таваккалчилигига тузатишлар киритилган ҳолда, келажакда келтирадиган соф даромади шаклидаги суммадан кўпроқ сумма тўламаслиги нуқтаи назаридан келиб чиқади. Бунда объект қиймати унинг келажакда даромад келтириш қобилияти билан аниқланади. Реверсия қийматини ҳисобга олган ҳолда, кўчмас мулк келтирадиган пул оқимлари жорий қийматга ҳисоблаб келтирилиши мумкин.
Келажакдаги барча даромадларнинг жорий қиймати ҳисобини тўғридан-тўғри капиталлаштириш ёки пул оқимларини дисконтлаш усуллари билан амалга ошириш мумкин. Тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули доимий даромадлар келтирадиган объектларга нисбатан қўлланилади. Пул оқимларини дисконтлаш усули даромадлар ва ҳаражатлар оқими доимий бўлмаган объектларга нисбатан қўлланилади.
Харажатли ёндашув бозорнинг мавжуд эмаслиги ёки ривожланмаганлиги шароитида суғурталаш, солиққа тортиш, капитал таъмирлаш ёки реконструкция талаб объектларни баҳолаш мақсадлари учун ўхшаш сотувлар йўқ бўлган махсус объектлар учун қўлланилади.
Агар харажатли усулда аниқланган натижа башорат қилинадиган даромадлар қийматига мос бўлмаса ёки узоқ муддатли ҳаёт даврига эга бўлган объектларни баҳолашда эскиришни ва тадбиркорлик даромадини аниқлашда қийинчиликлар пайдо бўлса мазкур усулни қўллашда чекловлар вужудга келиши мумкин.
Қиёсий ёндашув яқиндаги олди-сотди битимлари ҳақида ишончли маълумотлар бўлган ва баҳоланаётган объект билан солиштирилувчи объектлар ўртасидаги фарқларни аниқлашнинг ҳамда аналогнинг базавий нархига тузатишлар киритиш ҳисоб-китобининг объектив инструментлари мавжуд бўлган кўчмас мулк объектларига нисбатан қўлланилади.
Солиштирилувчи объектнинг анъанавий бозор шартларига нисбатан баҳолаш санасида сотув шартларидаги исталган фарқи таҳлилда ҳисобга олиниши лозим.
Даромадли ёндашув аниқ объектга қилинган капитал қўйилмалар таваккалчилик даражасидан келиб чиққан ҳолда даромад ва харажатларнинг ишончли башоратини тузиш, инвесторнинг талаб этилган даромадлилик ставкасини кутишини асосли равишда баҳолаш мумкин бўлган ҳолатларда етарлича катталикдаги даромад келтирувчи кўчмас мулк объектларини баҳолашда қўлланилади. Шу билан бирга, маълум шароитларда даромадлилик кўрсаткичлари ва бутун инвестициялаш даврида киритилган қўйилмаларни баҳоланиши сабабли даромадли ёндашув афзал ҳисобланади.