Харажатлар– товар ёки хизматларни яратиш учун талаб этиладиган ресурсларнинг пуллик ифодаси. Харидор томонидан товар ёки хизмат учун тўланган нарх унинг учун харид қилишга кетган харажатларга айланади.
Мулк объекти учун харажатлар ҳисоб-китоби қайта ишлаб чиқариш ёки ўрнини қоплаш харажатларининг ҳисоб-китоб қилинган кўрсаткичларига асосланиши мумкин. Қайта ишлаб чиқариш харажатлари – бу мавжуд объектнинг иложи бўлган нусхасини шунга ўхшаш технологиялар ва материалларни қўллаган ҳолда яратилишидир. Ўрнини қоплаш харажатларининг ҳисоб-китоб қилинган кўрсаткичи мос қўйиш мумкин бўлган фойдалиликка эга бўлган, ҳозирги вақтда бозорда қўлланиладиган технологиялар ва материаллар ёрдамида яратиш имкониятини кўзда тутади.
Таннарх – товар ёки хизматни сотиб олиш (ўрни қопланадиган солиқлардан ташқари), яратиш ёки ишлаб чиқаришга кетадиган харажатлар суммасини ифода этади.
Қийматларнинг ва уларга мос келган тавсифларнинг кўплаб турлари мавжуд Уларнинг баъзилари мулкни баҳолаш жараёнида кенг қўлланиладиган қийматнинг стандарт турларини ифода этади. Бошқалари эса махсус, қатъий келишиб олинадиган вазиятларда қўлланилади. Баҳолаш усулларини тушуниш ва амалий қўллаш учун қўлланилаётган қиймат турини ва тавсифини аниқ очиб бериш, шунингдек танлаб олинган қиймат тури баҳоловчи олдида турган муайян вазифанинг контекстига мос келишига эътибор бериш лозим. Танлаб олинган қиймат тавсифига қараб туриб баҳоланаётган мулкнинг қиймати турлича бўлиб қолиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида” ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ баҳолаш мақсадларига мос равишда баҳолаш объектига нисбатан бозор ва бозорникидан фарқли бўлган қийматлар белгиланади.
Бозор қиймати –ушбу турдаги мулк учун рабоқатли ва очиқ бозорда характерли бўлган нарх ҳисобланади. У эркин рақобатни, сотувчи ҳам, харидор ҳам иқтисодий жиҳатдан рационал ва онгли равишда ҳаракат қилишини, зарур ахборотга эга бўлишини, ташқаридан битимни тузишга ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаётганлигини сезмаслигини назарда тутади. Ушбу контекстда сотувчи ва харидор бозор рақобатчиси сифатидаги типик мотивацияга эга бўлган гипотетик шахслар бўлиб хизмат қилади.
Баҳолаш амалиётида кўпинча бозор қийматини аниқлашга ҳаракат қилишади. Бундай қиймат мулкчилик ҳуқуқини бировга бериш билан боғлиқ бўлган вазиятларда баҳоланади. Бироқ баъзи бир мулк объектлари етарли даражада бозор жиҳатларига эга бўлмайди: улар очиқ, оммавий ва рабоқатли бозорда айланмайдилар. Бу ҳолда қисман бўлган бозор қиймати баҳоланади. Бундай қийматни баҳолаш одатда харажатлар ёки чегараланган бозор ахбороти орқали амалга оширилади.
Бозорникидан фарқли бўлган қиймат, уни ҳисоб—китоб қилиш тегишли бошқариш органлари томонидан тасдиқланган услубиётлар ва меъёрлар асосида бажарилиши лозим бўлган ҳолда амалга оширилади (масалан, солиқларни,давлат божларини, суғурта бадалларини, жарималарни ва неустойкаларни ҳисоблашда). Бозор қийматининг хўжалик амалиётида қўлланилиш соҳаси аста-секин кенгайиб бормоқда. Амалиётда муайян битимларнинг нархлари молиялаштириш шароитлари, олди-сотдининг мажбур этувчи жиҳатлари, томонларнинг етарли даражада ахборотга эга эмаслиги, бозор “деформацияси” каби омиллар таъсирида бозор қийматидан фарқ қилади. Бозорникидан фарқли бўлган қийматга мисол бўлиб солиққа тортиш мақсадида қийматни ҳисоблаб чиқиш ҳизмат қилади. Солиққа тортиш мақсадидаги қиймат – бу тегишли бошқариш органлари томонидан тасдиқланган услубиётлар ва меъёрлар асосида ҳисоблаб чиқиладиган мулк қийматидир. Бунда кўриб чиқилаётган мулк турлари учун ягона меъёрлар (ставкалар, коэффициентлар, солиштирма нархлар) шкаласи қўлланилади. Меъёр асосида ҳисоблаб чиқиладиган қийматга мисол қилиб корхона мулкининг солиққа тортиладиган қийматини келтириш мумкин. Корхона мулкига қўйиладиган солиқни ҳисоблаш учун солиқ базаси бўлиб асосий воситалар, номоддий активлар, ўрнатилмаган ускуналар тугатилмаган қурилишининг ўртача йиллик қолдиқ қиймати хизмат қилади. Солиққа тортиладиган қийматни ҳисоблаш учун бухгалтерия ҳисоби корхонасининг баланси активидаги тегишли ҳисоблар бўйича қолдиқлар олинади. Меъёрий асосда ҳисоблаб чиқиладиган қийматга бошқа мисол қилиб ер солиғини ҳисоблаш учун ер участкасининг қийматини кўрсатиш мумкин. 1 кв.м. учун тасдиқланган солиқ ставкалари ва ер участкаларининг турли тавсифларини ҳисобга оладиган тўғриловчи коэффициентлар мақжуд.
Бухгалтерия ҳисоби нуқтаи назаридан дастлабки ва тикловчи қийматга бўлинадиган балансли ҳамда қолдиқ қийматни фарқлашади.