Ҳақиқий ёш ва иқтисодий ҳаётнинг қолган муддатининг йиғиндиси иқтисодий ҳаётнинг умумий муддатини ташкил қилади.
Баҳолаш назарияси эскиришни ҳисоблашнинг учта асосий усулларини ажратади:
бозордан танлаш усули;
хизмат муддати усули;
ажратиш усули.
Биринчи иккита усул одатда эскиришнинг умумий қийматини аниқлаш учун фойдаланилади. Ажратиш усули эскиришнинг умумий қиймати маълум бўлганда уни жисмоний, маънавий ва ташқи эскиришларга тақсимлаш учун фойдаланилади.
1. Бозордан танлаш усули. Ушбу усулда эскириш катталиги аниқланиши мумкин бўлган таққосланадиган объектлар ҳақидаги бозор маълумотларидан фойдаланилади. Бу усул барча мумкин бўлган сабаблар таъсирида эскиришнинг умумий катталигини ҳисоблашни, иқтисодий ҳаётнинг умумий муддатини ҳамда ташқи эскириш кўрсаткичини аниқлаш имконини беради.
Бозордан танлаш усули қуйидаги босқичлар кетма-кетлигини назарда тутади:
1-босқич. Эскириш даражаси бўйича баҳоланаётган объектга мос таққосланадиган кўчмас мулк объектлари иштирокидаги битимларни танлаш ва идентификациялаш. Битимлар иккита асосий шартни бажариши керак. Биринчидан, баҳолаш санасига яқин санада амалга оширилиши, иккинчидан, баҳоланаётган объект бозорига тегишли бўлиши керак.
2-босқич. Ҳисоблаш ва таққосланадиган сотувлар ҳамда топширилган мулкий ҳуқуқлар, молиялаштириш ва битим шартларини ўз ичига олувчи аниқланган тафовутларга тузатишлар киритиш. Агар баҳоловчи қолдирилган таъмирлаш ва маънавий эскириш қийматини аниқлай олса, у ҳолда сотиш нархини шу суммага келтириш лозим, негаки бунда эскириш тикланувчи компонентларни ўз ичига олмайди.
3-босқич. Ҳар бир таққосланаётган объект нархи билан ер участкасининг қиймати ўртасидаги фарқ сифатида ўхшаш биноларнинг қолдиқ қийматини ҳисоблаш.
4-босқич. Сотиш вақтига ҳар бир аналог учун қурилишларнинг тўлиқ тиклаш қийматини ҳисоблаш. Тиклаш қиймати кўрсаткичи барча қурилишларни қамраб олиши керак.
5-босқич. Қурилишларнинг тўлиқ тиклаш қиймати ва уларнинг қолдиқ қиймати орасидаги фарқ сифатида умумий йиғилган эскиришни пул кўринишида ҳисоблаш. Агар тикланадиган компонентлар учун сотиш нархларига тузатишлар киритилмаган бўлса, у ҳолда олинган сумма барча мумкин бўлган сабаблар таъсири остида юзага келиши мумкин бўлган тикланадиган ва тикланмайдиган эскиришларни ўз ичига олади. Агар мазкур тузатиш киритилган бўлса, у ҳодла олинган натижа барча омиллар таъсиридаги тикланмайдиган эскириш суммасини намоён этади.
6-босқич. Ҳар бир объект бўйича умумий эскириш суммасини тўлиқ тиклаш қийматига катталигича бўлиш орқали эскиришнинг қиймат катталигини фоиз кўрсаткичига айлантириш. Агар битим амалга оширилган сана кўчмас мулк объектини баҳолаш санасига нисбатан яқин бўлса, у ҳолда фоиз кўрсаткиларини баҳолаётган объектнинг умумий эскиришини ҳисоблаш учун қўллаш мумкин.
7-босқич. Агар баҳоланаётган объект сотиш санаси, жойлашган жойи, кўрсатилган хизмат сифати каби элементлар бўйича тафовутга эга бўлса, у ҳолда бутун хизмат муддати бўйича бинонинг умумий қадрсизланишини намоён қилувчи олинган фоиз меъёрини йиллик кўрсаткичга қайта ҳисобланади. Бунинг учун умумий фоиз меъёрини бинонинг ҳақиқий ёшига бўлиш керак. Таққосланувчи объектларнинг бутун массиви таҳлили асосида йиллик эскириш меъёри диапазони фоизларда ҳисобланади. Ҳар бир таққосланувчи битим учун ҳақиқий ёшнинг аниқ кўрсаткичини олиш мураккаб бўлганлиги туфайли йиллик эскириш меъёри диапазони таққосланувчи битимларнинг самарали ёши асосида ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |