2.Молиявий муносабатларнинг объекти ва субъекти
Молиявий муносабатлар – бу, пул маблағларини тақсимлаш, қайта тақсимлаш ва улардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган муносабатлардир. Улар иқтисодий категория сифатида ўзида тақсимлаш характерини намоён этиши молиянинг муҳим белгиси ҳисобланади. Молиявий муносабатлар пул муносабатлари сифатида даромадлар айланмасига хизмат кўрсатиши, уларнинг барча жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига дахлдор эканлигини англатади. Ҳар қандай молиявий муносабатлар ишлаб чиқариш(хизмат кўрсатиш, иш бажариш)ни таъминлашда ресурсларга бўлган эҳтиёж ҳисобига юзага келади ва улар ўз табиатига кўра, объектив ҳисобланади. Молиявий муносабатлар молия механизми орқали бошқарилади. Уларни бошқариш мақсадида молия тизими шакллантирилади. Молиявий муносабатларни бошқариш уларга молиявий бошқарув органларининг мақсадли таъсирига, яъни синергизм (мақсадга эришишда ўзаро ҳамкорлик ва шахсий масъулиятни ошириш) тамойилига асосланади
3.Молия тизими.
Молиявий муносабатлар ва уларга хизмат қилувчи махсус муассасалар жамиятнинг молия тизимини ташкил қилади. Молия тизими ўз ичига турли даражадаги бюджетларни, ижтимоий, мол-мулк ва шахсий суғурта фондларини, давлатнинг валюта заҳираларини, корхона ва фирмалар, тижорат ва нотижорат тузилмаларининг пул фондларини, бошқа махсус пул фондларини олади.
Энг аввало, корхоналар (тармоқлар) ва умумдавлат молиясини бир-биридан фарқлаш лозим.
Корхона ва тармоқлар молияси улардаги такрор ишлаб чиқариш жараёнида ҳамда алоҳида фондлар яратиш йўли билан ходимларнинг ижтимоий эҳтиёжларига хизмат қилади.
4.Давлат бюджетининг даромад ва ҳаражатлари
Умумдавлат молияси давлат бюджетини, ижтимоий суғурта фондини ҳамда давлат мол-мулкий ва шахсий суғуртаси фондини ўз ичига олади. Давлат пул маблағларининг асосий марказлашган фонди бўлмиш давлат бюджети молия тизимининг асосий бўғини бўлиб хизмат қилади. Давлат бюджети – бу давлат харажатлари ва уларни молиявий қоплаш манбаларининг йиллик режасидир. Давлат даромадлари ва харажатларининг асосий қисми давлат бюджети орқали ўтади. Унинг асосий вазифаси молиявий воситалар ёрдамида иқтисодиётни самарали ривожлантириш ва умумдавлат миқёсидаги ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш учун шароит яратишдир.
Давлат бюджети таркибига кирувчи ташкилий тузилмалар мажмуи мамлакат бюджет тизимини намоён этади. Мазкур тизим энг аввало мамлакатнинг давлат тузилиши хусусиятига боғлиқ бўлади. Айрим мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда бюджет тизими икки даражали – давлат ва маҳаллий бюджетдан иборат бўлади. Федератив давлат тузилишига эга бўлган мамлакатларда (масалан, АҚШ, Россия Федерацияси, Германия) яна оралиқ бўғин – штатлар, Федерация субъектлари ва бошқа тегишли маъмурий тузилмалар бюджетлари мавжуд бўлади.
Давлат бюджетининг икки томони бўлиб, бир томонида бюджетга келиб тушадиган даромадлар таркиби ва уларнинг манбалари, иккинчи томонида эса асосий харажатларнинг таркиби ва миқдори ўз ифодасини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |