3. Даромад ҳажми ўсиб бориши билан ўртача ставкаси ўзгаришсиз қолувчи солиқлар пропорционал солиқлар дейилади.
Солиқларнинг бу турларини алоҳида график орқали ифодалаш мумкин (2-чизма).
Солиқлар амал қилиш доираси (марказий ва маҳаллий солиқлар), маҳсулот таннархига қўшилиш усули (тўғри ва эгри солиқлар) ва иқтисодий мазмунига қараб ҳам туркумланади.
Давлат бюджетининг даромадлари ва солиқ ставкаси ўсиши ўртасидаги боғлиқликнинг графикда тасвирланиши “Лаффер эгри чизиғи” номини олди (3-чизма). График тик ўқида солиқ ставкаси (R), ётиқ ўқида - давлат бюджетига тушумлар (V) акс этган. Солиқ ставкасининг оптимал миқдори (R1) давлат бюджетига энг юқори тушум (V1) ни таъминлайди. Солиқлар янада оширилганда ишлашга ва тадбиркорликка қизиқиш сусаяди, 100 фоизли солиқ олишда давлат даромади нолга тенг бўлади, чунки ҳеч ким текинга ишлашни хоҳламайди. Бошқача айтганда, узоқ муддатли истиқболда ҳаддан ташқари юқори ўрнатилаган солиқларни пасайтириш жамғармалар, инвестициялар, бандликнинг ортиши орқали солиқ ундириладиган ялпи даромад ҳажмининг ўсишини таъминлайди. Натижада солиқ тушумлари суммаси кўпаяди, давлат даромадлари ҳажми ўсади, тақчиллик камаяди ва инфляциянинг сусайиши рўй беради. Лекин ўз-ўзидан тушунарлики, Лаффер самараси фақат эркин бозор механизми меъёрида амал қилган ҳолдагина намоён бўлади.
3-чизма. Лаффер эгри чизиғи.
Лаффер назариясининг ҳақиқатга яқинлиги шундаки, солиқ ставкасининг ошиши ёки пасайиши шубҳасиз капитал қўйилмалар ўсиш суръатига тўсиқ бўлувчи ёки аксинча рағбатлантирувчи таъсир кўрсатади.
7.Пул муомиласи ва пул тизими
Пулнинг ҳаракати бозор иқтисодиётининг молиявий асосларидан бири бўлиб, унинг барқарорлиги пул тизими, даромадлар ва харажатлар айланишига ҳаётий тус бағишлайди, бутун иқтисодиётнинг ривожланишини таъминлаб беради, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланишга имкон туғдиради ва тўла бандликка эришишни таъминлайди. Аксинча, беқарор амал қилувчи пул тизими ишлаб чиқариш, бандлик ва нарх даражасининг кескин тебранишига асосий сабаб бўлиб, иқтисодий ривожланишга тўсиқ бўлиши мумкин.
Пулнинг ўз вазифаларини бажариш жараёнидаги бу тўхтовсиз ҳаракати пул муомаласи дейилади.
Жаҳонда тарихан шаклланган ҳамда ҳар бир мамлакат томонидан қонуний равишда мустаҳкамлаб қўйилган пул муомаласининг турли тизимлари амал қилади. Мамлакат пул тизимининг муҳим таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:
1) миллий пул бирлиги (сўм, доллар, иена, фунт стерлинг, марка ва ҳ.к.);
2) нақд пул муомаласида қонуний тўлов воситаси сифатида амал қилувчи қоғоз, танга ва кредит пуллар тизими;
3) пул эмиссияси, яъни белгиланган қонуний тартибда пулни муомалага чиқариш тизими;
4) пул муомаласини тартибга солувчи давлат идоралари.
Do'stlaringiz bilan baham: |