3.Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш
Криминология фани нуқтаи назаридан жиноятларнинг олдини олиш иқтисодий фаолият жабҳасида жиноятчиликнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини белгиловчи ёки муайян иқтисодий жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи омилларга уларни нейтраллаштириш ёки уларга барҳам бериш йўли билан таъсир кўрсатишдан иборат. Бундай профилактика фаолияти турли миқёсда, хусусан маҳаллий ва минтақавий даражаларда, айрим корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда амалга оширилиши мумкин. Умумий (умумижтимоий) ва махсус профилактика чоралари фарқланади.
Иқтисодий жиноятчиликнинг умумижтимоий профилактикаси иқтисодиётдаги, жамият ҳаёт фаолиятининг ижтимоий ва бошқа жабҳаларидаги зиддиятларга барҳам беришдан иборат. У жамият олдида турган муҳим вазифаларни ечиш йўли билан таъминланади. Ижтимоий ривожланишнинг мазкур босқичида бундай вазифалар жумласига саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг пасайишини тўхтатиш, сўнгра уни аста-секин кўтариш, инфляцияга барҳам бериш, бозор иқтисодиёти инфратузилмасини яратиш, ҳалол, инсофли рақобатни таъминлаш киради.
Иқтисодий фаолият соҳасида жиноятларнинг олдини олишга бевосита қаратилган махсус профилактика чораларини амалга ошириш субъектлари сифатида, аввало, тадбиркорлар, корхоналарнинг менежерлари, шунингдек иқтисодий муносабатларнинг бошқа субъектлари: меҳнат жамоалари, жамоат ташкилотлари, ички хўжалик, аудиторлик ва давлат назорати вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вакиллик ва ижроия ҳокимияти ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари амал қилади.
Иқтисодий жиноятларнинг олдини олишда тадбиркорлик ташкилотларининг хўжалик фаолияти жабҳасида назорат вазифаларини бажарувчи давлат ва нодавлат тузилмалари муҳим роль ўйнайди. Бундай тузилмаларнинг айримлари Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларига биноан ташкил этилган. Масалан, 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, бу банк тижорат банклари ҳамда бошқа кредит муассасалари фаолияти устидан назорат олиб бориши шарт.
Бунда бош вазифаси солиқ қонунчилигига риоя этилиши, солиқлар тўғри ҳисобланиши, давлат солиқлари ва бошқа тўловлар тегишли бюджетларга ўз вақтида тўлиқ киритилиши устидан назорат олиб боришдан иборат бўлган Давлат солиқ қўмитаси ҳам муҳим роль ўйнайди.
Иқтисодиёт соҳасида жиноятларнинг олдини олиш ижтимоий бошқарувнинг ажралмас қисми бўлиб, ҳуқуқбузар шахсини тузатиш ва жиноятлар содир этилишига имконият яратувчи ҳолатларга барҳам беришга қаратилган иқтисодий, ташкилий-ишлаб чиқариш, техник, ҳуқуқий, тарбиявий чоралар тизимини амалга оширишни назарда тутади.
Шу муносабат билан умумижтимоий чоралар кўриб чиқилаётган жиноятлар турининг олдини олиш учун муҳим аҳамиятга эга. Улар омилкорликка йўл очиш, иқтисодий муносабатлар соҳасида шахс ижодий имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, иқтисодиётнинг давлат ва муқобил секторларида тадбиркорлик тенг ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, зарур бозор инфратузилмасини яратишни назарда тутади. Ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш ва ўзини ўзи бошқариш асосида иқтисодий жараёнларни тартибга солишнинг демократик принципларини жорий этиш умумий огоҳлантирувчи аҳамиятга эгадир.
Бошқарув тизимини такомиллаштириш, мансабдор шахслар ва ходимларнинг ваколатлари соҳасини мувозанатга солиш, шу жумладан мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан судга шикоят бериш ҳуқуқини жорий этиш чоралари ҳам кучли профилактик таъсирга эга.
Саноатни техник жиҳатдан модернизация қилиш, замонавий техника ва технологиядан фойдаланиб, фаол ривожланиш йўлига ўтиш, маънавий ва жисмонан эскирган ускуналарни алмаштириш тадбирлари ҳам хўжалик жиноятларининг олдини олиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Корхоналар, акциядорлик бирлашмалари, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари, уларнинг меҳнат жамоалари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат, аудиторлик ва ички хўжалик назорати вакиллари иқтисодий жиноятларни профилактика қилиш субъектлари ҳисобланади. Хўжалик юритишнинг янги шароитларида корхоналарни комплекс ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларини ҳал қилувчи вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг профилактика фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.
Огоҳлантириш чораларини изчил тавсифлашда қуйидагиларни алоҳида қайд этиш лозим:
1. Иқтисодий чоралар бозорга ўтишнинг умумий концепциясига ва иқтисодий сиёсатнинг айрим йўналишлари бўйича махсус давлат дастурларига киритилади. Булар: тадбиркорлик, шу жумладан кичик тадбиркорликни ривожлантириш дастури, давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастури, монополистик фаолиятни чеклаш ва инсофли рақобат учун шарт-шароит яратиш дастури, банк тизимини ислоҳ қилиш, ишлаб чиқариш воситалари билан улгуржи савдо қилиш (товар-хом ашё биржалари), қимматли қоғозлар бозори (фонд биржалари), ахборот, маслаҳат ва воситачилик тармоқларини шакллантириш дастурлари ва ҳ.к.
Иқтисодий чоралар гуруҳида давлат томонидан кафолатланган меҳнат жамоалари ва мулкдорларнинг оператив-хўжалик фаолиятига аралашмаслик, давлат олдидаги мажбуриятлар бажарилганидан сўнг олинган даромадлар (фойда)ни эркин тасарруф этишни таъминлаш алоҳида ўрин тутади. Қонунчилигимизда илк бор мулкдор томонидан давлат ўз ишларига ғайриқонуний аралашувидан кўрилган зарарни ундириш имконияти назарда тутилган. Хўжаликни фаол юритишдан шахсий манфаатдордик ҳам хўжасизликнинг ҳар хил кўринишлари криминоген таъсирини камайтиришга ёрдам бермоқда.
Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш, шартнома мажбуриятлари ва давлат буюртмаларини бажариш учун ташқи иқтисодий операцияларни тартибга солиш механизмини яратиш, муайян фаолият соҳаларини лицензиялашнинг имтиёзли тартибини жорий этиш ҳам, ҳеч шубҳасиз, иқтисодий жиноятчилик даражасини пасайтиришга ёрдам беради.
2. Иқтисодий жиноятларнинг олдини олишнинг ташкилий чоралари тадбиркорликни тартибга солиш тизимини яратиш, жамиятни бу соҳадаги қонунбузарликлардан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу тоифага хўжалик-молия назорат органлари кадрларини касбий жиҳатдан тайёрлаш, нархларга риоя этилиши, маҳсулот сифати устидан махсус назорат қилиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари каби жамоат тузилмалари фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш тадбирлари ҳам киради.
Нодавлат корхоналари, ташкилотлари маълум фаолият турлари билан шуғулланишини қонун йўли билан тақиқлаш махсус огоҳлантириш чоралари жумласига киради. Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашда назорат органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларга иқтисодий ривожланган илғор мамлакатлар тажрибасига кўра суриштирув органи ҳуқуқларини бериш ҳам яхши профилактик самара бериши мумкин.
Назорат органларининг хўжалик ҳуқуқий муносабатларида қонунийликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, иқтисодий қарорларнинг салбий оқибатларини нейтраллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, илғор тажрибани тарқатиш ҳам муҳим профилактик аҳамиятга эга.
Товар-моддий бойликларни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг замонавий, жаҳон хўжалик алоқаларига қўшилишга қаратилган чоралари ҳам иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш мақсадларига хизмат қилади.
3. Иқтисодий жиноятларнинг олдини олишнинг техник тадбирлари товар, хом ашёни ташишнинг янада мукаммалроқ воситаларини ишлаб чиқиш, ўта ноёб хом ашё ва товар ресурсларини жойлаштириш ва сақлаш жойларида ишончли қурилмалар ўрнатиш, қалбаки ҳужжатларни аниқлаш усулларини яратиш, сохталаштирилган маҳсулотларни шошилинч аниқлаш усулларини жорий этишга қаратилган.
Саноатни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, фан-техника ютуқларига асосланган ишлаб чиқаришлар ва чиқиндисиз технологияларни амалга жорий этиш ҳам иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш ғоясига хизмат қилади.
4. Ҳуқуқий чоралар иқтисодиётда ғайриқонуний хулқ-атворни огоҳлантиришда муҳим роль ўйнайди. Бу омил ҳозирги шароитда алоҳида аҳамият касб этади, чунки ҳуқуқни таъминловчи механизм хўжалик амалиётидан ортда қолаётир. Иқтисодий муносабатларни тартибга солиш соҳасида аниқланган камчиликларни ҳисобга олиб, қонунчиликни такомиллаштириш қуйидагиларни қамраб олиши лозим:
♦ бозорда барча хўжалик объектлари учун умуммажбурий хулқ-атвор қоидаларини ишлаб чиқиш;
♦ хўжалик қонунчилигини истеъмолчиларнинг манфаатларига зиён етказадиган тарзда бузган юридик ва жисмоний шахсларни моддий жавобгарликка тортиш тизимини ишлаб чиқиш;
♦ инсофсиз рақобатнинг ҳар хил турлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутиш.
Иқтисодий ислоҳот муваффақияти илгари амалда бўлган, ислоҳот мақсадлари ва вазифаларига зид келмайдиган ҳуқуқий қоидаларни янги қабул қилинган қоидалар билан мувофиқ ҳолатга келтиришга ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.
Иқтисодий хулқ-атворнинг судхўрлик, сохта тадбиркорлик, сохта банкротлик, даромадларни яшириш каби хавфли шакллари учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этиш ҳам умумий огоҳлантирувчи аҳамиятга эга.
Қонун ижодкорлиги жараёнини ислоҳ қилиш иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш мақсадларига хизмат қилади. Қонунларнинг бажарилмаслиги кўпинча уларнинг ноизчиллиги, қабул қилинувчи қарорларнинг салбий оқибатларига барҳам бермаслиги билан изоҳланади. Бу қабул қилинаётган қонун лойиҳаларининг мустақил экспертизасини жорий этишни тақозо қилади. Иқтисодий жиноятларнинг олдини олишда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш чоралари ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ерда хўжалик судлари ҳамда прокуратуранинг умумий назорати алоҳида ўрин эгаллайди. Мазкур органлар ҳуқуқбузарликларнинг илк босқичларидаёқ қонунга ҳурматсизликка йўл қўймаслик бўйича таъсирли чоралар кўришга қодир.
5. Тарбиявий чоралар мустабид тузум давридан қолган боқимандалик кайфиятидан халос бўлиш, ташаббускорлик ва омилкорлик хусусиятларини шакллантиришга хизмат қилади. Тадбиркорлик алоҳида фаолият тури ва ижтимоий ҳодиса сифатида муайян тарихий ва ижтимоий муҳитларда тикланмоқда. Шу сабабли ижтимоий онгда жамиятни жипслаштириш, одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратишга қодир ўта самарали иқтисодиётли жамият қуриш ғоясини юксалтириш муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |