Оилага қарши жиноятлар
Кўпгина халқаро ҳужжатларда116 мустаҳкамланган қоидаларга кўра, оила, оналик, болалик жамият ва давлат томонидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси ҳам бу Конвенцияларга қўшилиб, мазкур қоидаларни ўз қонунчилигига киритган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига биноан: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга». Асосий қонунимизнинг 65-моддасида оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши қайд этилган. Хуллас, оилани муҳофаза қилиш, болалар ва ўсмирлар ҳаётини сақлаш, уларнинг жисмоний ривожланиши ва шаклланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш давлат ва бутун жамият ишидир.
Оила ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш:
1) оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва бурчларини норматив йўл билан тартибга солишни (ЎзР Оила кодексининг 2, 4, 5-бўлимлари);
2) давлат бу ҳуқуқлар ва бурчларни амалга ошириш учун шарт-шароит яратишини;
3) инсон ижтимоийлашувининг муҳим соҳаси бўлган оилага тажовуз қилганлик учун жавобгарликни таъминлашни117 назарда тутади
Ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатлар асосан давлат Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган ахлоқий нормалар билан тартибга солинади. «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар», дейилган Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонунида (64-модда). Бу уларнинг ҳуқуқи ва бурчидир (ЎзР Оила кодексининг 73-моддаси). Айни вақтда, «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» (ЎзР Конституциясининг 66-моддаси).
Аммо бу бурчлар доим ҳам бажарилавермайди. Қонунчи мазкур соҳанинг муҳимлигини ҳисобга олиб, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятларни ЎзР ЖК Махсус қисмининг алоҳида 5-бобида жамлаган.
Криминологик маънода оилага қарши жиноятлар деганда оиланинг ҳар қандай аъзоси шахси, ҳуқуқлари ва манфаатларига тажовуз қилувчи ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмишлар тушунилади. Хуллас, криминологик таъриф анча кенг бўлиб, оила аъзоларига қарши содир этиладиган ҳар қандай жиноятларни қамраб олади. Қуйида ЎзР ЖК Махсус қисмининг 5-бобида назарда тутилган жиноятларнигина кўриб чиқамиз.
Кўриб чиқилаётган жиноятларнинг объектив томонини таҳлил қилишда аниқланадиган фарқларга кўра уларни бир неча кичик гуруҳларга ажратиш мумкин:
оилавий ва тарбиявий мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш;
вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва манфаатларига дахл этувчи ҳаракатлар;
ахлоққа ҳамда оилавий муносабатларнинг нормал тартибига тажовуз қилувчи жиноятлар;
вояга етмаганларни ғайриижтимоий фаолиятга жалб қилиш;
16 ёшга тўлмаган шахсларнинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилувчи ҳаракатлар.
Оилавий ва тарбиявий мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаш шахсни унга ўз қарамоғидагилар ҳақида ғамхўрлик қилиш вазифаларини юкловчи ҳуқуқий қоидаларга нисбатан бефарқ ҳамда масъулиятсиз киши одам сифатида тавсифлайди. Бундай қилмишлар жумласига вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш (ЎзР ЖКнинг 122-моддаси); ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш (ЎзР ЖКнинг 123-моддаси) киради.
ЎзР Оила кодексининг 96-100-моддаларида ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти мустаҳкамланган. Бунда қонун ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдорини белгилайди. М.Г.Масевич бу хусусда шундай деб ёзади: «Ота-онанинг вояга етмаган болаларига тўлайдиган алимент миқдорини белгилашдан мақсад нафақат боланинг муҳим эҳтиёжларини қондириш, балки имкониятга қараб у ота-онасининг нормал ўзаро муносабатлари шароитида эга бўлиши мумкин бўлган турмуш даражасини сақлашдан иборат».118
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт (ЎзР Оила кодексининг 109-моддаси).
Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, худди шунингдек вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб уч ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади (ЎзР ЖКнинг 122 ва 123-моддалари). Бўйин товлаш усули (тўғридан-тўғри бош тортиш, яшаш ёки иш жойини ўзгартириш, олган маошининг ҳақиқий миқдорини яшириш ва ҳ.к.) аҳамиятга эга эмас.
Болалар ёки ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлашда ҳар хил шарт-шароитлар ҳисобга олинади. Масалан, меҳнатга лаёқатсиз ота-она нафақат вояга етмаган болаларига, балки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз муҳтож болаларига ҳам алимент тўлаши шарт (масалан, пенсиясидан).
Меҳнатга лаёқатсиз вояга етмаган бола меҳнатга лаёқатсиз ота-онасига алимент тўлашга мажбур эмас. Бундан ташқари, суд ота-оналик бурчини бажаришдан бўйин товлаганлигини аниқлаган бўлса, болалар ота-онасини моддий таъминлаш мажбуриятидан озод қилиниши мумкин.
вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва манфаатларига дахл этувчи ҳаракатлар жумласига қуйидагилар киради:
- тамагирлик ёки бошқа паст ниятларда қасддан болани алмаштириб қўйиш (ЎзР ЖКнинг 124-моддаси);
- фарзандликка олиш сирини ошкор этиш (ЎзР ЖКнинг 125-моддаси).
Объектив томони болани алмаштириб қўйиш, яъни бир янги туғилган ёки эмизикли чақалоқни (ўғил болани қиз болага, касал болани соғлом болага ва ҳ.к.) алмаштириб қўйиш боланинг, шунингдек унинг ота-онасининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахл этади. Агар мазкур жиноят тамагирлик ёки бошқа паст ниятлар (қасос, ҳасад, хусусат, душманлик ва ш.к.)да қасддан содир этилган бўлса, шахс ЎзР ЖКнинг 124-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бундан ташқари, бундай қилмишлар содир этган шахслар шафқатсизлик, ахлоқий принципларга эга эмаслик, шахсга ва оилага ҳурматсизлик билан тавсифланади.
У ёки бу сабабларга кўра ота-онадан маҳрум бўлган вояга етмаганлар фарзандликка олиниши мумкин. Бунда фарзандликка олинган бола билан уни фарзандликка олган шахслар ўртасида ота-она ва бола муносабатлари юзага келади. Давлат ота-онасиз болаларни фарзандликка олган одамларга имтиёзлар беради.
Ота-она (болани фарзандликка олган шахслар)нинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, шунингдек бола ахлоқий жиҳатдан нормал ривожланиши учун ЎзР Оила кодексида фарзандликка олишни сир сақлаш мажбурияти белгиланган (153-модда). Фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилган шахслар ЎзР ЖК нинг 125-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилади.
ЎзР ЖКнинг 126-моддасида ахлоққа ҳамда оилавий муносабатларнинг нормал тартибига тажовуз қилувчи жиноят – кўп хотинли бўлиш учун жавобгарлик назарда тутилган. ЎзР оила қонунчилиги замирида бир киши билан никоҳда бўлиш принципи ётади. Икки ёки кўп хотинлилик учун қонунда жиноий жавобгарлик белгиланган. Бунда жиноятлар умумий хўжалик юритиш негизида икки ёки ундан ортиқ аёл билан эр-хотин бўлиб яшашда ифодаланади.
Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш ҳам ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланади. ЎзР ЖКнинг 127-моддасига биноан, вояга етмаган шахсни:
а) тиламчиликка, спиртли ичимликлар истеъмол қилишга, гиёҳвандлик ёки психотроп ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига таъсир қиладиган восита ва моддаларни истеъмол қилишга;
б) гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар истеъмол қилишга;
в) жиноят қилишга жалб этиш вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш деб топилади.
Ниҳоят, оилага қарши жиноятларнинг охирги гуруҳига 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилувчи ҳаракатлар киради. Булар: 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (ЎзР ЖКнинг 128-моддаси); 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (ЎзР ЖКнинг 129-моддаси).
Бундан ташқари, оилага қарши жиноятлар қаторига ЎзР ЖК Махсус қисмининг 5-бобидан ўрин олмаган бошқа жиноятлар, масалан, вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғига қарши жиноятлар ҳам киради.
Шундай қилиб, оилада, оилага қарши, унинг вояга етмаган аъзоларига қарши ҳар хил жиноятлар содир этилади. Қуйида мазкур салбий ҳодисаларга барҳам бериш ёки уларнинг оқибатларини енгиллаштириш учун қандай чоралар кўриш лозимлиги ҳақида сўз юритамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |