13.2. Ўзбекистон Республикасида мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш.
10.2.1. Хусусийлаштириш – мулкни ислоҳ қилишнинг йўли сифатида.
Маъмурий-буйруқбозлик тизимини тубдан ўзгартириш ва бозор иқтисодиётига ўтиш ишлаб чиқарувчиларнинг ўз меҳнатлари натижаларига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида мулк структураси ва уни реализация қилиш шаклларида сезиларли ўзгаришларни амалга оширишни талаб қилди. Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодий суверенитетга ва сиёсий мустақилликка эришгандан сўнг амалга оширила бошланди.
Мустақиллик эълон қилинишидан аввал, 1990 йилнинг октябрь ойида Республикада “Ўзбекистон Республикасида мулк ҳақида” ги Қонун қабул қилинди ва унда биринчи маротаба мулкий ҳуқуқларнинг кафолатлари ва ҳимоясининг ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топди. Исталган шаклдаги мулкларнинг мавжуд бўлишига Қонунан йўл очиб берилди ва уларнинг мавжуд бўлиши дахлсиз деб белгиланди.
Республикада давлат мулкининг кенг кўламли трансформацияси ва кўп укладли иқтисодиётни яратиш жараёни эса “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида” ги Қонун (ноябрь 1991 йил) кучга кирган вақтдандан бошланди.
Давлат тасарруфидан чиқариш – бу жамоа ва хусусий мулк турларига ўтишни англатувчи, давлат мулкини ўзлаштириш бўйича тадбирлар йиғиндисидир. Бу ўзгаришлар натижасида давлат ўзини тўғридан-тўғри хўжалик бошқаруви функцияларидан озод этиб, уларни мулкдор зиммасига ўтказади. Шунингдек, бу кўпчилик давлат мулкида бўлган корхоналарни давлат бошқаруви назорат органларининг тўғридан-тўғри назоратидан чиқарилиши ва уларни мустақил жамоа корхоналари, кооперативлар, меҳнат жамоалари, акциядорлик жамоалари ёки хусусий корхоналарга айлантирилишини билдиради. Бу корхоналарга оператив мустақилликни, молиявий автономликкни тақдим этиш инсонларнинг хўжалик ташаббуслари ва меҳнат мотивацияларини кучайтиришга ёрдам беради, бу эса натижада ишлаб чиқариш самарадорлигининг оширишни таъминлаши лозим.
Хусусийлаштириш – бу давлат эгалигида бўлган мулкни ўзлаштириш жараёни бўлиб, у олди-сотди, баъзида хусусий шахслар ёки уларнинг бирлашмаларига ўтказиш йўли орқали амалга оширилади. Хусусийлаштириш – бу мулкни давлат тасарруфидан чиқаришнинг йўналишларидан биридир. Бу атама лотинча “приват” сўзидан олинган бўлиб, “хусусий”, “ўзлаштирилган хўжалик” маъноларини англатади. “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида” ги Қонунда хусусийлаштириш давлат мулкидаги объектларни ёки давлат акциядорлик жамиятларининг акцияларини жисмонпий ёки нодавлат юридик шахслар томонидан ўзлаштириш сифатида таърифланади.
Аҳолининг кенг оммасини мулкка жалб қилиш, мулкдорлар синфини шакллантириш – давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг мақсадли истиқболи ҳисобланади.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг асосий шакллари:
давлат корхоналарини жамоа, хўжалик жамиятлари ёки ширкатларга айлантириш;
давлат корхоналарини, ижара мулкини кейинги сотиб олиш шарти билан, ижара шаклидаги корхонага айлантириш;
давлат мулкини танлов ва “ким ошди савдолари” орқали нодавлат юридик ва жисмоний шахсларга сотиш, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига зид бўлмаган бошқа шаклларда сотиш.
Бошқа шакллар сифатида мулкни бепул ўтказиш, корхоналарни имтиёзли шартларда сотиб олиш, акцияларни сотиш кабиларни кўрсатиш мумкин.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш капиталистик мамлакатларда бой тажрибага эга. Жаҳон тажрибасида давлат мулки ва унинг функцияларини хусусий секторга тўлиқ ёки қисман ўтказишнинг 22 га яқин турли усуллари кузатилади. Хусусийлаштиришнинг етакчиси бўлиб Буюк Британия ҳисобланади. Фақатгина 1979 йилдан 1988 йилгача бўлган даврнинг ўзида инглиз ҳукумати 14 та йирик корхоналарни хусусийлаштиришга, 600 мингга яқин ишчи ўринларини хусусий секторга ўтказишга эришди. Бунинг натижаси сифатида хусусийлаштирилган корхоналар даромадининг ўсиши, уларнинг иқтисодий ҳолатининг яхшиланиши кузатилди.
Россияда Петр I томонидан амалга оширилган давлат мулкини хусусийлаштириш жараёни алоҳида эътибрга лойиқ. Давлат мануфактуралари, асосан ҳарбий – саноат соҳаси, имтиёзли шартларда хусусий шахсларга сотилган. Мисол учун, 1707 йилда Москвада қурилган тўқимачилик мануфактурасини давлат савдогарларга сотиб юборган. 1720 йилда ҳукумат 14 нафар савдогарлардан иборат компанияга асос солди, унга “Суконный двор” ни топширди, шу билан бирга фоизсиз ссуда берди ва 10 % ли фойдани кафолатлади.
Петр I томонидан амалга оширилган хусусийлаштириш икки муҳим хусусиятга эга бўлган: биринчидан, бу жараён ҳукумат томонидан ёш хусусий тадбиркорларга нисбатан алоҳида хайриҳохлик билан амалга оширилган, иккинчидан, кўп ҳолларда мажбурий тарзда амалга оширилган, чунки савдогарлар давлат мулкига эга бўлишга у қадар талпинмаганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |