10.2.3. Давлат таксарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёни кетма-кетлиги
Юқорида таъкидланганидек, республика фуқароларига турар жойларни шахсий эгалик учун сотиш (топшириш) давлат тасарруфидан чиқаришнинг бошланиши ҳисобланган бўлса, кичик хусусийлаштириш жараённинг иккинчи босқичи сифатида қаралди ва ниҳоят, учинчи босқич ўрта ва йирик корхоналар мулкларини ўзлаштиришни белгилаб берди.
Уй-жойни хусусийлаштириш
Тошкент шаҳрида уй-жойни тажрибавий хусусийлаштириш мамлакатда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнига асос солди. Унинг ташаббускорлари Шаҳар ҳокимияти ва Давлат Мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш Қўмитаси бўлди. Ижтимоий адолатлилик тамойилига қатъий риоя этиш жараённинг мураккаблилиги ва узоқ муддатлилиги билан шартланди. Жараённинг масштаблилиги, уй-жой фонди ҳудудий жойлашишининг турли хиллиги ва нотекислиги, республика аҳолисининг ижтимоий тенгсизлиги бу каби қийинчиликларни туғдирди. Жараён тезлик билан ва керакли тайёргарчиликсиз бошлана олмасди. Тошкентда жараённинг оптимал ечимини қидириш 1989 йилдан бошланди, аммо республикада уй-жой фондини оммавий хусусийлаштириш 1992-1993 йиллар мобайнида амалга оширилди.
Хусусийлаштириш айнан Тошкент шаҳрида ва турар жой кўчмас мулкидан бошлангани тасодиф эмас. Тошкент – республика пойтахти, бу ерда зарур меъёрий ҳужжатлар ва қонунларни аъло даражада ишлаб чиқилишини таъминловчи давлат бошқарув тизимлари, илғор илмий-тадқиқот муассасалари жамланган.
Уй-жой фондини фуқаролар эгалигига топшириш нафақат ижтимой-иқтисодий, балки психологик аҳамиятга ҳам эга бўлди. Инсоннинг маиший манфаатлари орқали мулкдор ҳиссига эга бўлиш – айнан шу нуқтаи назардан хусусийлаштириш уй-жойдан бошланишини тақозо қилди. Республикада уй-жойни хусусийлаштиришда Тошкент моделидан оммавий модел сифатида фойдаланилди.
1992 йилнинг бошида Тошкент шаҳрининг уй-жой фонди 33 млн. кв.м. атрофида бўлиб, бунда унинг учдан икки қисми – маҳаллий Йиғинлар ва ведомостларга тегишли, давлат мулки (343 мингга яқин квартиралар) ҳисобланган.
Тошкентда ва қолаверса, бутун республикада уй-жойни хусусийлаштиришнинг ижтимоий йўналтирилганлиги қуйидагиларда ўз аксини топди: биринчидан, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар, ҳамда бошқа категориялардан ташкил топган аҳолининг маълум қисми Президент Қарорларига биноан уй-жойни беғараз хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Ўзбекистонда 609 га яқин оилаларга бундай ҳуқуқ берилди. Иккинчидан, республика аҳолисининг нисбатан паст даромадларини ҳисобга олган ҳолда, уй-жойни пуллик хусусийлаштириш бозор нархларида эмас, балки қолдиқ қиймат асосида амалга оширилди. Бу эса, уй-жой минимал тўловлар эвазига хусусийлаштирилганидан далолат беради. Бундай нархларда ҳарид қобилияти имконини берувчи кўрсаткич сифатида шуни айтиш мумкинки, Тошкент шаҳридаги хусусийлаштирилган квартираларнинг 56 % дан ортиғи бир йўла тўланган тўловлар асосида сотиб олинган. Аналогик ҳолат бутун республика учун ҳам хос. Учинчидан, кўчмас мулк бозори ва турар жой кўчмас мулкини баҳолаш механизмларининг мавжуд эмаслиги шароитида аҳолига сотилаётган уй-жойнинг ижтимоий адолатлилиги квартираларга бўлган нархларнинг дифференциацияси орқали сақлаб қолинди. Шу боис, Тошкентда кўчмас мулкни баҳолашнинг балли шкаласи ишлаб чиқилди, турар жой кўчмас мулки истеъмол сифатини кўрсатувчи коэффициентлар киритилди. Турар жой кўчмас мулкини баҳолаш уйларни фойдаланишга топширишнинг ўн йилликлари бўйича амалга оширилган. Тошкент шаҳри 5 та зонага бўлинган эди: биринчиси – 1940 йилгача эксплуатацияга киритилган уйларнинг бир қисми, иккинчиси – 1950 йилгача, учинчиси – 1960 йилгача ва ҳ.к. Табиийки, 1940 йилгача қурилган уйларнинг квадрат метри 1991 йилда қурилганлариникидан пастроқ баҳоланган. Уйнинг жойлашган жойи ҳам ҳисобга олинган. Шаҳар марказида жойлашган биринчи зонадаги уй-жойлар қолган барча зонадагилардан қимматроқ бўлади. Марказдан узоқлашган сари нарх пасайиб боради. Баҳолашда, шунингдек, бинонинг тархи, конструкцияси ва қурилиш материаллари, қаватлар сони, муҳандислик коммуникацияларининг мавжудлиги, жамоат транспортидан узоқлашганлик каби кўрсаткичлар ҳам ҳисобга олинган. Тошкентдаги квартираларга нисбатан республиканинг алоҳида регионларида жойлашган квартираларнинг нархи, табиийки, пастроқ бўлган. Тошкент шаҳрида турар жой кўчмас мулкини хусусийлаштириш механизми республика бўйича бутун давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришга асос солди.
Республикада уй-жой фондини давлат тасарруфидан чиқариш жараёнини ташкиллаштирилган ҳолда ўтказилишини давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Қонун, ЎзР Президентининг уй-жойни хусусийлаштириш муносабати билан аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий ҳимоялаш бўйича қўшима чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармони, Тошкент шаҳрида уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Низом ва бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар ва қоидалар каби ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар таъминлади.
Кичик хусусийлаштириш. Савдо, умумий овқатланиш, маҳаллий саноат, хизматлар соҳаси, яъни бевосита истеъмолчига хизмат кўрсатувчи тармоқлардаги давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёни кичик хусусийлаштириш деб нм олди. Бу жараён вақти бўйича уй-жойни хусусийлаштириш жараёнига тенглаштирилсада, бироқ –у бозор муносабатлари асосини шакллантириш, кўп укладли иқтисодиётни яратишда жуда муҳим ва мустақил босқич ҳисобланади.
1993 йилнинг охирида маҳаллий саноат, савдо, умумий овқатланиш, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳаларидаги кичик хусусийлаштириш жараёни якунланди. Уларда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг асосий шакллари қуйидагича амалга оширилди: меҳнат кллективлари томонидан сотиб олиш, танлов ва аукцион асосида сотиш, шунингдек, корхоналарни ижарага бериш.
1994 йилнинг бошларига келиб кичик хусусийлаштириш деярли тугалланди. Савдо, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш, уй-жой коммунал хўжалигига тегишли 54 минг та объектларининг деярли ярми акциядорлик жамиятлари сифатида қайта ташкил қилинди, 20% и коллектив мулкига айлантирилди ёки ижарага олинди. Қолган, асосан, мулкдор ва ишчи битта шахс сифати қатнашадиган кичик корхоналар хусусий секторга сотилди. Шундай қилиб, кичик хусусийлаштириш, иқтисодиётни ташкиллаштирилган ҳолда ва босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг ифодаси сифатида, бозорнинг миллий моделини яратишда ўз ўрнини белгилаб берди.
Кичик хусусийлаштиришни муваффақиятли ўтказилиши ва бошқарув ҳамда хўжалик тизимларида тегишли тажрибанинг орттирилиши 1994 йилнинг ўрталаридан кўчмас мулк – ижара ва йирик саноат корхоналари, қурилиш мажмуалари, транспорт кабиларни оммавий хусусийлаштириш, яъни миллий хўжаликнинг асосий ишлаб чиқариш фондларини давлат тасарруфидан чиқариш босқичини бошлаш имконини берди. Олдинги босқичларда тўпланган тажриба йўл қўйилган камчиликларни ҳисобга олиш ҳамда ўрта ва катта корхоналарни нисбатан ташкиллаштирилган тарзда ва янада мукаммал усулда – корхоналарни акциялаштириш, давлат мулкини хусусий секторга сотиш йўли билан хусусийлаштиришни ўтказиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил январь ойидаги Фармони бозор ислоҳотлари, жумладан, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш йўлидаги йирик босқичнинг бошлашга замин яратди. Республиканинг бозор тизимига кириши жараёнининг тамоман янги босқичининг бошланишига асос солган бу ҳужжат, кўчмас мулк бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш шароитлари сифатида, хусусийлаштириш ва кўчмас мулк бозори инфраструктурасини яратиш темпларини сезиларли даражада тезлаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилади. Фармонда саноат ва қурилиш тармоқларида хусусийлаштиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш белгиланди.
Республикада давлат тасарруфидан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича Давлат дастури қуйидаги муҳим йўналишларни белгилаб берди:
қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва очиқ турдаги акциядорлик жамиятларини ташкил қилиш ёрдамида аҳолини иқтисодий ислоҳотлар жараёнларига кенг жалб қилиш;
Республика кўчмас мулк савдо биржасини ташкил қилиш ва у орқали хусусийлаштириладиган давлат объектлариниреализация қилиш; ишлаб чиқариш ва бошқарув тизимларини монополиядан чиқариш, хусусийлаштиришга қўйилган чекловлар тааллуқли бўлганкорхоналар сонини қисқартириш;
Республика фонд биржасини яратиш ва унда хусусийлаштириладиган корхоналар акцияларини бирламчи жойлаштиришни таъминлаш ва ҳ.к.
Кейинчалик хусусийлаштириш жараёни базавий тармоқлар корхоналарини ҳам қамраб олди. Кимё, олтин чиқариш, пахта тозалаш, тоғ-кон тармоқлари кабиларда давлат 51% акцияларни ўз эгалигида қолдирди. Бошқа тармоқларда тўртта асосий “акциялар портфели” аниқланди: жамоага, давлатга, хорижий инвесторга ва фонд биржалари (шу жумладан, хорижий) орқали эркин сотувларга. Бунда давлатга тегишли акциялар салмоғининг қисқартирилиши кераклиги белгиланди. Ҳозирги кунда у 25% дан ортмаслиги лозим. Бутун акциялар пакетининг ярмидан кўпи эркин реализацияга таклиф этилади.
Давлат тасарруфидан чиқаришнинг энг муҳим элементи бўлиб бозор инфратузилмаси ташкилотлари: республика фонд биржаси ва кўчмас мулк биржаларининг яратилиши, ҳамда ахборот-телекоммуникация тизимини қуриш дастурини шакллантириш ҳисобланди.
Хусусийлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш хусусийлаштирилган объектлар сонининг ўсиши ва кўчмас мулк бозорининг ривожланишини кўзда тутади. Ривожланиш йўллари:
хусусийлаштириладиган мулкни баҳолашни яхшилаш;
уни тендер асосида реализация қилиш;
корхоналарни хусусийлаштиришдан кейинги қўллаб-қувватлаш;
акциялаштириш жараёнига хорижий капитал ва аҳоли мабағларини янада кенгроқ жалб қилиш;
фонд бозорини янада ривожлантириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |