5.3. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА БИОХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР
Биохилмахилликни камайтирувчи омиллар сифатида чўлланиш жараёнининг кучайиши, яйловларда хўжалик юритишни жадаллаши ва ҳаддан ташқари ҳайвонларни боқилиши, ирригация ва шўрланиши, ҳамда ерларни яроқсизлиги, дарё сувларини бошқарилиши, гидроэнергетик объектлар, сув тўпланадиган районларда қишлоқ хўжалиги фаолияти ва гидробалансни бузилиши, қайирларда ўрмонларни йўқотилиши, сув тагидаги қум ва лойларни қазиб олиниши, сув сатҳини тушиб кетиши оқибатида сув режимини бир хил эмаслиги ва шўрланиш, пестицидлар, полидихлорфениллар ва оғир металлар билан ифлосланиш, ўрмонларни кесилиши, ўсимлик хом ашёларини тайёрлаш, браконерлик, рекрация каби жараёнларни алоҳида таъкидлаш мумкин.
Ўзбекистонда яйловлар 23 млн. гектарни, ёҳуд мавжуд майдонларнинг ярмини ташкил этади. Чорва молларини ҳаддан ташқари боқилганлиги натижасида 70% яйлов яроқсиз аҳволга тушиб қолган. Тоғ яйловларидан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ўсимликларнинг нобуд бўлиши, ерларнинг бузилиши, эрозия, сел тошқинларининг кўпайишига олиб келмоқда.
Республикамизда ўсимлик ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадада турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон фаунаси 677 тур умуртқали ҳайвонлар (сутэмизувчилар-108, қушлар-432, судралиб юрувчилар-58, амфибиялар-2 ва балиқлар-77) ва 32484 тур умуртқасиз ҳайвон турларидан иборат. Ўзбекистонда турон йўлбарси, қизил бўри, гепард, йўл-йўл гиена каби турлар қирилиб кетган. Устюрт қўйи, морхўр, илвирс (қор қоплони), бухоро буғуси, қоплон ва бошқа айрим турлар йўқолиш арафасидадир.
Орол денгизининг қуриши, дарёлар сувининг ифлосланиши ва сув омборларининг қурилиши кўплаб қимматли балиқ турларининг камайишига олиб келди. Ўзбекистонда ҳар йили маҳсус руҳсатномалар асосида турли ҳайвонлар ов қилинади. Руҳсациз ов қилиш айрим ноёб ҳайвон турларининг йўқолишига олиб келмоқда. Ўзбекистонда ноёб ўсимлик ва ҳайвонлар қонун томонидан химоя қилинади ва улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш учун хилма-хил тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда Биологик хилмахилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракат режаси қабул қилинган(апрел, 1998) ва зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.
«Ўрмон тўғрисида» (1999 й.), «Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (1997 й.), «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида» (1997 й.) қонунлари қабул қилинган. Ўсимлик ва ҳайвонларни муҳофаза қилиш учун қўриқхоналар ва буюртмахона, парваришхоналар ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда 9 қўриқхона, 2 миллий боғ, 9 давлат буюртмахоналари, 1 экомарказ фаолият кўрсатаяпти.
Ажойиб табиат гўшалари, тоғ, қайир ва тўқай ўрмонлари муҳофазага олинган. Алоҳида аҳамиятга эга бўлган шаршаралар, қоя, кекса дарахтлар ва бошқалар табиат ёдгорликлари сифатида қўриқланади. Алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар 2 млн. гектардан ортиқ майдонни эгаллаган бўлиб, бу peспублика ҳудудининг 5% дан зиёдини ташкил қилади. Мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун алоҳида қўриқланадиган ҳудудлар майдони 10% дан кам бўлмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |