Таянч иборалар: фециал, магистр фециалум, патер патриус, фециаллар кенгаши, номинацио, кооптацио, иннагурацио, легадия, легатлар, Пуни урушлари, Ммакедония урушлари
Фециаллар Кенгаши. Рим кучли қулдорлик давлатига айланишида узоқ йўлни босиб ўтди. Милоддан аввалги VI асрда фақатгина қўшни қабилалар билангина алоқалар олиб борган Рим, қабилавий муносабатлар емирилиши натижасида, ўз таъсирини аста-секин кенгайтириб борган. Энг дастлабки даврлардан то Рим қулагунга қадар қабилалараро ҳамда халқаро муносабатларда оқсоқоллар кенгаши (Сенат) муҳим роль ўйнаган.
Фециаллар – қадимги Римда руҳонийлар кенгаши бўлиб, қабилалараро ва халқаро шартномаларни тузишда иштирок этганлар. Улар уруш эълон қилиш ва сулҳ тузиш ҳуқуқига ҳам эга бўлганлар.
Фециал сўзининг аниқ луғавий маъноси ҳозиргача аниқланмаган. Варрон (ер. авв. I асрда Римда яшаган энциклопедист олим ва ёзувчи) томонидан илгари сурилган тахминга кўра ушбу термин лотинча “ferire ёки foedus” сўзидан олинган ва “оратор” маъносига синоним хисобланади. Айрим европалик олимларнинг фикрига кўра, ушбу термин “Юпитер фретриус” сўзи билан бевосита боғлиқ деб хисоблашади.
“Фециаллар институти” фақат Римгагина алоқадор эмас балки, албанлар, ардейлар, семнитларда хам худди шундай ташкилот мавжуд эди. Бироқ қадимги Римликларнинг юксак маданияти унга ҳуқуқий ва сиёсий мақоми берилишига сабаб бўлган.
Фециаллар 20 кишидан иборат бўлиб, келиб чиқиши патриций бўлган олий руҳонийлар орасидан умрбодликка сайланган.
Фециалликка ўтиш 3 босқичда амалга оширилган:
1) Номинацио – кўрсатилган номзод қасамёд қабул қилган ва ўз қасамида фециаллар кенгашига муносиб бўлишга ваъда берган.
2) Кооптацио – номзодлар орасидан муносиби Сенат томонидан танлаб олинган.
3) Иннагурацио – фециалликка сайланган руҳоний алоҳида қасамёд қабул қилган.
Фециаллар кенгаши бошлиғи “магистр фециалум” (фециаллар бошлиғи) деб номланган. Кейинчалик “Патер Патратус” (улуғ отахон) деб номлаш урф бўлган. Патер Патратус нафақат фециаллар, шу билан бирга бутун Рим халқи номидан иш олиб боришга хақли хисобланган.
Фециаллар турлича вазифаларни бажарганлар:
1) Қабилалараро муносабатлардаги рухонийлик яъни диний вазифаси шундан иборат эдики, уруш эълон қилинганда ёки сулҳ тузилганда дуолар ўқиганлар, шартномалар тузиш жараёнида қурбонликлар келтирганлар. Одатда, қурбонлик сифатида чўчқа боласини “муқаддас тош” билан уриб ўлдирганлар.
Бирор қабила ёки шаҳарга уруш эълон қилишдан аввал, фециаллар ушбу давлат чегарасига келиб фақат ўзларигагина маълум бўлган сўзлар билан тавқи-лаънат ўқиганлар. Шу билан бирга уларга ўз талабларини ҳам етказганлар. Агар 33 кун ичида талаблар бажарилмаса, фециаллар яна ўша қабила чегарасига келиб, улар худудига куйган тўнка улоқтирганлар. Бу одат уруш эълон қилинганлигини билдилган.
2) Элчилик соҳасида эса уларга катта имтиёзлар берилган. Уруш эълон қилиш, сулҳ тузишдан ташқари, Сенат ва Рим халқининг хохиш-истаги, талабини бошқа халқларга етказганлар, шартномаларни бажарилишини назорат қилганлар.
3) Судя сифатида эса бошқа давлатлардан Рим жиноятчиларини тутиб беришни талаб қилганлар ёки бошқа давлат жиноятчилари Римда яширинган бўлса, уларни тутиб тегишли давлатга жўнатилишини назорат қилганлар. Шунингдек, шартномаларни бузганларни, элчиларни хақорат қилган ёки тажаввуз қилганларни ҳам жазолаш улар ваколати остида бўлган.
Бундай ҳуқуқ ва ваколатлар Римда империя ўрнатилгунга қадар давом этган. Бироқ империя даврида ҳам, гарчи ваколатлар анча чекланган бўлишига қарамай, фециаллар шартомалар имзолашда иштирок этганлар. Айрим императорлар эса фециаллар вазифаларини шахсан ўзлари адо этганлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |