2-мавзу. Қадимги Юнонистонда халқаро муносабатлар ва
дипломатия.
Режа: 1. Проксения ва амфиктониялар
2. Элчилик тартиблари
3. Классик даврда халқаро муносабатлар
4. Эллинизм даврида халқаро муносабатлар
Таянч иборалар: проксения, амфиктония, Ксения, иеремнемон, керъюкс, ангелос, 1-Афина денгиз иттифоқи, Пелепоннес иттифоқи, Юнон-Эрон уруши, Каллий сулҳи, Пелепоннес уруши.
Проксения ва Амфиктониялар. Инсоният цивилизациясининг қадимги ўчоқларидан бири ҳисобланадиган Қадимги Юнонистонда фан ва техника, маданият ва маориф билан бир қаторда халқаро муносабатлар, дипломатик билимлар, сиёсий онг ва дунёқараш ҳам юксалиб борди. Гарчи қадимги Шарқ мамлакатлари – Миср, Аккад, Бобил, Оссурия, Хетт, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатларда дипломатик муносабатлар ва элчилик тартиблари ўзининг шаклланиш жараёнини бошлаб берган бўлса, бу жараён антик Юнонистонда янги босқичга қадам қўйди.
Қадимги Юнонистонда халқаро алоқалар ва халқаро ҳуқуқнинг энг қадимги шакли – “Проксения”, яъни меҳмондўстлик эди. Проксения айрим шахслар, уруғлар, қабилалар ва давлатлар ўртасида амал қилар эди. Бирор мамлакатга ташриф буюрган элчилар, аввало, ўзларининг проксенларига мурожаат қилардилар ва улар дипломатик музокараларда етакчи ўринни эгаллардилар. Проксенлар ҳуқуқ, савдо-сотиқ, солиқ ва суд ишларида, аҳоли билан давлат ўртасида асосий воситачи ҳисобланганлар. Улар аҳолининг шаҳарга бўлган аҳлоқий муносабатларини ҳам тартибга солиб турганлар. Шаҳарда истиқомат қилувчи чет элликлар меҳмондўстлик илоҳаси – Ксения ҳимоясида, деб ҳисобланган.
Халқаро муносабатларнинг яна бир қадимий институтларидан бири – амфиктониялардир. “Амфиктония” сўзи юнонча сўз бўлиб, “атроф ҳудудларда яшовчилар” деган маънони англатади. Амфиктониялар ибодатхоналарда ташкил этилган диний иттифоқлар ҳисобланган. Ўта муҳим ва ардоғда бўлган худолар қошида ташкил этилган бу иттифоқлар уруғ ичидаги, уруғлараро, қабилалараро муносабатларни тартибга солган. Байрамлар арафасида ҳар қандай урушлар амфиктониялар томонидан қатъиян таъқиқланган. Ушбу таъқиққа амал қилмаганларга нисбатан “муқаддас уруш” – иеромимия эълон қилинган. Бундан кўриниб турибдики, амфиктониялар нафақат диний, шу билан бирга сиёсий характерга ҳам эга бўлган.
Амфиктонияларнинг асосий вазифаси илоҳий байрамларни муносиб нишонлаш, умумий қурбонликлар ташкил этиш, аҳоли ва турли жамоаларнинг эҳсонлари эвазига тўпланган хазинани ҳимоя қилиш, уни мақсадли сарфлаш, диний қоидаларни бузганларни жазолаш кабилардан иборат эди. Амфиктониялардан энг йириги Фермопиль – Деметра ибодатхонаси бўлиб, у 12 та қабилани ўзида бирлаштирган. Ҳар бир қабила 2 тадан овозга эга бўлган. Ташкилотнинг бош органи умумий йиғин ҳисобланиб, йиғин раиси иеремнемон деб аталган. Умумий йиғин йилда 2 марта – баҳорда ва кузда чақирилган. Иеремнемон қабила бошлиқлари орасидан овоз бериш йўли билан сайланган. Амфиктониянинг ҳар бир аъзоси унга киришдан олдин қасамёд қабул қилган. Қасамёд матни қуйидагича эди: - “Амфиктонияга қарашли ҳеч бир шаҳарни вайрон қилмайман. Унинг сувларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олмайман. Қасамёдни бузганларга қарши ҳамма билан биргаликда уруш эълон қиламан, унинг шаҳарларини вайрон қиламан. Худонинг хоҳишига қарши борганларни шафқатсиз жазолайман...”.
Амфиктониялар милоддан аввалги V–IV асрларда Юнонистон сиёсий ҳаётида қудратли таъсирга эга бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |