Классик даврда халқаро муносабатлар. Халқаро муносабатлардаги муҳим воқеаларидан бири Юнонистон - Эрон урушларидир. Ушбу урушдан Ероннинг кўзлаган асосий мақсади аҳолиси кўп ва иқтисодий ривожланган бой юнон полисларини забт этишдан иборат бўлган.
Юнонистон-Ерон урушларида юнонларнинг ватанпарварлиги ва жасорати ёрқин намоён бўлди ва полислар бирлашиш зарурлиги англаб этганлар. Шу мақсадда милоддан аввалги 481 йилда “Панэллин иттифоқи”, кейинроқ унинг ўрнида милоддан аввалги 478 йилда “1-Афина денгиз иттифоқи” (Делос иттифоқи) вужудга келди. Ушбу жараёнлар натижасида юнонлар қадимги дунёнинг энг йирик давлати сифатида намоён бўлган Ахмонийлар салтанати билан бўлган тўқнашувда ғалабага еришганлар.
Милоддан авалги 449 йилда "Каллий сулҳи” (Афина элчисининг исми Каллий бўлганлиги сабабли ушбу битим шундай номланади) тузилган бўлиб, унга кўра Ерон шоҳи юнонларнинг Кичик Осиёдаги барча полислари мустақиллигини тан олган ҳамда юнонларга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб бормаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган. Ерон ҳарбий кемаларига Эгей денгизида ҳаракат қилиш таъқиқланган. Юнон полислари Шарқий Ўрта ер денгизи минтақасига даҳл қилмаслик ва Мисрга оид масалаларга аралашмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олганлар.
Делос симмахияси (иттифоқи) юнон шаҳарларининг мустаҳкам бирлашмасига айланган. Иттифоқда Афинанинг устунлиги кўзга ташланиб турган. У йирик бой полис бўлиб, еронликларга қарши урушнинг асосий оғирлигини ўз гарданига олганлиги сабабли ҳам бошқа полислардан ўзини устун қўйиши учун асос бўлиб хизмат қилган. Милоддан аввалги 454 йилда иттифоқи хазинасининг Делос оролидан Афинага кўчирилиши ушбу устунликнинг янада яққол кўриниши бўлган.
Афина бутун Юнонистонда гегемонлик қилишга интилиши Спарта билан муносабатларнинг ёмонлашишига сабаб бўлган. Бу қарама-қаршилик Пелопоннес урушига (мил. авв. 431 – 404 йй.) олиб келган. Уруш Спартанинг ғалабаси билан якунлангач, 1-Афина денгиз иттифоқи тарқатиб юборилган. Полислар ўртасидаги доимий урушлар уларнинг шундоқ ҳам танг аҳволини янада заифлаштирган.
Милоддан аввалги 399 йилда Ерон ва Спарта ўртасида уруш бошланган. Ахамонийлар орасидаги сулолавий курашга Спартанинг аралашуви ушбу урушни келтириб чиқарган. Бироқ, милоддан аввалги 395 йилда Аҳамонийлар ёрдамида тузилган иттифоқ Спартага қарши уруш бошлаган. Ушбу иттифоққа Афина, Коринф, Фива кирган. Ероннинг кучли таъсири остида тинчлик сулҳи имзоланган (мил. авв. 387 й. "Анталкид" сулҳи). Унга кўра Ерон давлати Кичик Осиё шаҳарлари устидан назоратни қайта қўлга киритган, еронликлар флотига Эгей денгизида сузишга руҳсат берилган, юнон полислари устидан назорат қилиш Спартага топширилган.
Милоддан аввалги 378-377 йилларда Спарта билан курашиш учун Иккинчи Афина денгиз иттифоқи тузилган. Левктра шаҳри ёнидаги жангда (мил. авв. 371 й.) фиваликлар Спарта қўшинларини мағлубиятга учратишган ва ушбу воқеа Спартанинг энгилмаслиги тўғрисидаги афсонани йўққа чиқарган. Мантиней ёнидаги жангда (мил. авв. 362й.) фиваликлар саркардаси Эпаминонднинг ўлимидан сўнг Фива шаҳрининг қисқа муддатли юксалиши якунланган. Бунга Фиванинг кучайишидан қўрқиб қолган Афинанинг фиваликларга нисбатан ғаразли муносабати сабаб бўлган. Бироқ, Афинанинг Иккинчи Афина денгиз иттифоқида ўз устиворлигини ўрнатишга қаратилган уринишлари иттифоқчиларнинг қаршилигига учраган ва "Иттифоқчилар уруши”га олиб келган (мил. авв. 357 - 355йй.). Ушбу уруш иттифоқнинг тарқалиб кетиши билан якунланган.